Овқатхўрлик — камчилигимизми ёки устунлигимиз?
Ҳамма гап-сўз рекорд палов тайёрлангандан кейин бошланди. Куни кеча Наманганда Наврўз тарихидаги энг катта – 5 тонналик сумалак тайёрланганидан сўнг янада авж олди. Келиб-келиб овқат тайёрлаш бўйича рекордлар китобига кирамизми, илм-фан, ишлаб чиқариш ва бошқа соҳалар қолиб овқатхўрликка ўралашиб қолдик, энди ҳовузда энг катта чойни қайнатамиз, ғорда энг катта сомсани ёпамиз қабилидаги иддао ва киноялар кўпайди. Бир томондан қараганда овқат борасида рекорд ўрнатиб, бошқа соҳаларда ортда қолаётганимиз, дардимиз еб-ичишу маишатбозлик бўлиб бораётгани жуда ёмон. Қорин дардида ўнлаб километрларни босиб ўтиб ҳали у, ҳали бу янги очилган ошхонадаги антиқа таомни татиб кўришга қанча вақт ва маблағ сарфлаётганимиз ҳақида жиддий ўйлаб кўриш керак. Қолаверса, доимо тўқ қорин билан юриш одамни дангасаликка, ҳам жисмоний, ҳам руҳий, ҳам ақлий ланжликка, уйқучилик, семизлик, фикрсизликка олиб бориши исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқат.
Аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор. Овқат борасида катта ютуқларга эришиш, таомни санъат даражасида тайёрлаш, бу борада кетма-кет рекордларни ўрнатиш бизнинг ютуғимиз, устунлигимиз бўлиши ҳам мумкин. Бошқаларни билмадиму, Ўзбекистонда бўлиб қайтган қайси бир чет элликдан юртимизнинг қай жиҳатлари сизга энг кўп ёқди деб сўрасам, албатта «одамлари ва таомлари» деган жавобни олганман. Дунё бугун шу даражада тараққий этдики, ривожланган юрт одамларини осмонўпар бинолар, замонавий ва ҳашаматли иншоотлар, инфратузилмалар билан ҳайратлантириш жуда қийин. Бунинг учун жуда кўп маблағ, ресурс, тажриба керак. «Қудратимизни билмоқчи бўлсангиз, биз қурган иморатларга боқинг» деб баралла айтишимиз учун энди баландлиги камида 1,5 километрлик бино ёки ҳавода муаллақ турувчи уй қуришимиз шарт. Бизнинг давлат ҳозирча у даражада ривожлангани йўқ. Лекин таомларни мазали тайёрлаш масаласида дунёда бизга етадигани кам, жуда саноқли.
Гастрономик туризм бўйича катта салоҳиятга эга эканимиз, миллий таомларнинг хилма-хил, ранг-баранглиги, янгидан-янги таъм ва мазаларни кашф қилаётганимизни тўғри баҳолаб, буни иллат ёки нуқсон эмас, балки имконият деб қабул қилишимиз керак. Майли, яна энг катта сомса, энг катта шилпилдоқ, энг улкан кабоб тайёрлансин, пазандалик университети, ошпазлик марказлари очилсин, биз бу борада нодир қобилиятга эга эканимизни турли йўллар билан дунёга жар солайлик. Чет элликлар ўзбек миллий таомларини истеъмол қилаётганда роҳатланиб, уни бутун умр ёддан чиқармасин, гап таом мазаси ҳақида кетганида албатта Ўзбекистонни эсга олсин. Ўзбек таомларининг мазаси бутун дунёда ўзгармас эталонга айланиши керак.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter