Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Ғайрат Йўлдош

Бешикдан қабргача илм изла!

Ўзбек бўлинг... ва яҳудий бўлинг

Ўзбек бўлинг... ва яҳудий бўлинг

Фото:«Education tips for students»

Қўлимда марҳум олим, раҳматли Ғайбулла Саломов (Ғайбуллоҳ ас-Салом)нинг «Эй умри азиз» китоби. Бу китобда олим асосан ўзининг ҳаётини ёзган. Китобни ўқиб борар эканман, домла олийгоҳлардан бирида дарс берган вақтлардаги воқеаларга етиб келдим. Раҳматли ўша даврда, дарс бериш жараёнида талабаларга бугунги кунимиз учун ўта долзарб бўлган гапларни ўгит тарзида гапириб кетган экан. Айниқса унинг халқимизга мажбуриятдай бўлиб қон-қонига сингиб кетган, турли маъракаларни катта-катта ўтказиш, хато иш эканлигини, қаердаги бўлмағур маъракаларда пулни ҳавога совурганни ўрнига болаларнинг таълим ва тарбиясига эътиборли бўлиш ва керак бўлса шу мақсадда маблағ ҳам сарфлаш кераклиги ҳақидаги ўгитлари таҳсинга сазовор.

Домла китобдаги воқеаларни, ўгитларни бундан 25-30 йиллар олдин ёзган. Аммо ўша ўгитлар бугун ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Чунки, кўраяпмиз, бугун ҳам мамлакатимизнинг турли жойларида одамларимиз фарзандни тарбия ва таълими учун пул сарфлашдан кўра, унинг суннат тўйига ёки улғайса никоҳ тўйига, айримлар эса суннат тўйи ўтказгани камлик қилгандай мучал тўйини ўтказиб, сарфлайдилар.

Болаларни таълим ва тарбиясини кейинги ўринларга суриб, уни суннат тўйини ўтказишни шарт ва кечиктирилмай қилиниши зарур ишлар қаторига қўшадилар. Ана шу учун ҳам бизда олим чиқиш у ёқда турсин, болаларнинг саводи ҳам ҳаминқадар бўлиб кетаяпти. Ота-оналар болаларининг суннат тўйини ёки мучал тўйини таълим ва тарбиясига эътибор қаратишдан зарур деб билар эканлар биз ҳеч қачон ривожлана олмаймиз. Биздан ҳеч қачон кўзга кўринган таниқли олимлар чиқмайди. Ана шу учун ҳам қўйида Ғайбулла Саломов домланинг ўша «Эй умри азиз» китобларида ёзган ўгитларидан озгинасини қисқартириб бермоқчиман. Зора домланинг гаплари «сўқир» кўзларнинг очилишига ва айримларнинг маърифат нима-ю жаҳолат нима тушуниб етишларига сабаб бўлса. Яратган домлани раҳмат ва мағфират қилсин.

«Ҳар гал олийгоҳда биринчи дарсимни шундай бошлайман: Сиз билан биз ўзбекмиз.

Ўзбек деган номни баланд кўтаринг. «Миллатинг нима?» деб сўрасалар «ўзбек» деб айтишдан уялманг.

Бир умр ўзбек бўлиб қолинг. Аммо... яҳудий бўлинг.

Гап шу ерга келганда тингловчиларим «портлайди»:

- «Ўзбек бўлинг... Аммо яҳудий бўлинг», домла бу гапни қандай тушунайлик?

Шундан сўнг мен миллатимизнинг, халқимизнинг оёғини кишанлаб турган, ўзининг юксакларга парвоз қилишга монеълик қилаётган нуқсонлар, баъзан унинг одамохунлиги, кўнгилчанлиги ва бошқа инсоний фазилатлари ортидан чиқаётган қусурлардан куйиб-пишиб гапираман.

Мана сиз, - дейман рўпарамдаги талабага қараб. - Отангиз ким бўлиб ишлайди?

-Фалончи.

-Онангизчи?

-Уй бекаси.

-Оилада нечта фарзандсизлар?

-Беш фарзандмиз.

- Хўш. Сиз мусиқа чалишни биласизми? Шахмат ўйнашни-чи? Спортнинг қайси тури билан шуғулланасиз? Нечта хорижий тилни биласиз? Пазандаликни эплайсизми? Қишлоқданмисиз, ҳеч сигир соғиб кўрганмисиз? «Сигир соғиш аёлларнинг иши» дейсизми?

Сўроқларим жавобсиз қолди. Ҳаммаси ноль.

Сабрим тугайди. Хўш, нимани биласиз ўзи? Биров ёпган нонни ейиш, биров соққан сутни ичиш ҳаммани ҳам қўлидан келади-ку!

Мени тинглаётганлардан бири ниҳоят «ўзини кўрсатмоқчи» бўлади:

-Тош кўтариш, кураш тушиш бизнинг ишимизмикин, домла? Мана бадантарбия институти бор, мелиса академияси, ҳарбий мактаблар бор. Тошни ўшалар кўтараверсин.

Яна бири тилга киради:

- Нон ёпиш, сигир соғиш, ош дамлаш иш бўптими? Ўзлари саводсиз бўлсалар-да бувим дўндирадилар бу ишларни.

Уларни гапларини эшитиб яна зарбага шайланаман:

- Фикрлашларинг ўта хом. Нега биздан жаҳон миқёсидаги олимлар, спортчилар ошпазлар чиқмайди, ҳаммаси яҳудийлардан? Сизлар шу тахлит фикрлаганларинг учун. Ҳунарингиз йўқ. Фикрларингиз палағда. Шу учун ҳам дейманки: Ўзбек бўлинг ва... яҳудий бўлинг.

Алҳамдулиллоҳ мусулмонмиз. Аммо бу кифоя эмас. Бугун биз дини, ирқи, миллатидан қатъий назар, дунёнинг барча илғор халқларидан ўрганишимиз керак.

Масалан, дунё фан-техникаси, санъат, спорт, тил билиш, савдо-сотиқ, молиявий сиёсатда яҳудийларнинг олдига тушадигани йўқ. Яҳудий даставвал нима қилади? Бола тарбиясига эътибор билан қарайди. Ўзи еб-ичмаса, тузукроқ кийинмаса ҳам, ваҳоланки у еб-ичишни, кийинишни ҳам эплайди, боласини тарбиялайди. Уларни ўқитади. Соғлом қилиб ўстиради. Энг биринчи тил ўрганишига эътибор беради. Кейин эса ёнидан харажат қилиб бўлса ҳам мусиқа, шахмат, спорт, математикани ўрганишига эътибор беради.

Биз-чи? Биз роса пулни йиғиб катта суннат тўйи қилиб пулни ҳавога совурамиз. Болани суннат тўйи қилишни муҳим иш сифатида кўрамиз-у, аммо ўта муҳим иш бўлган болани таълимига мутлақо қизиқмаймиз.

Яна бир муҳим фазилати: аҳил миллат. Яҳудийдан зинҳор қашшоқ ёки тиланчи чиқишига тоқат қилолмайди. Буни бутун миллатга иснод деб тушунади.

Арзимаган нарса учун миллатини сотмайди. Табиий уларда ҳам миллат ичида олий ва паст табақа бор. Лекин улар учун муомала ва оқибатда энг паст табақа яҳудий ҳам бошқа миллат кишиларига қараганда устун туради. Эҳтимол аксариятининг ватани бўлмай дунё бўйлаб сочилиб яшагани учунми уларда маҳаллийчилик иллати умуман йўқ.

Бизда-чи? Ҳатто, бир маҳаллада яшаб, иккига бўлиниб, маҳаллийчилик туфайли бир-бири билан келиша олмайдиганлар бор.

Бу гапларни айтишим яҳудийни қандайдир олий ирқ, идеал миллат деб билишимдан эмас, ҳар қандай миллатда иллат ҳам, камчилик ҳам бор, бундан яҳудийлар ҳам холи эмас, шунчаки юқоридаги фазилатларни ўз миллатимда, ўз халқимда ҳам кўришни жуда-жуда хоҳлайман. Шу учун ҳам, ўзбек бўлинг, аммо.... яҳудий бўлинг.

Шунингдек, фин, фаранг, араб, немис, турк, япон ва бошқа миллатлардан ўрганадиганимиз кўп. Шак-шубҳасиз ўзбекнинг ҳам жаҳон халқларининг инсоний хазинасига инъом этишга арзигулик бағрикенглик, саховатпешалик, меҳнатсеварлик каби ажойиб сифатлари кўп. Шуларни ёнига илмга чанқоқлик, бола тарбиясига эътиборли бўлиш фазилатлари қўшилса, нур устига аъло нур бўлар эди...»

(Ғайбуллоҳ ас-Саломнинг «Эй умри азиз» китобидан қисқартириб олинди.)

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг