Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

«Мамлакатда энг кўп ойликни ўқитувчилар олади». Финландиядаги ҳамюртимиз билан суҳбат (1-қисм)

«Мамлакатда энг кўп ойликни ўқитувчилар олади». Финландиядаги ҳамюртимиз билан суҳбат (1-қисм)

Фото: Xabar.uz

Бир неча ой муқаддам ижтимоий тармоқларда финландиялик ўсмир йигитнинг ўзбек тилида ўзбекистонликларни ўз мамлакатига таклиф этгани қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарган эди. Гарчи, видеомурожаат ҳазил-мутойиба тарзида қилинган бўлса-да, кўпларимиз фин йигитининг ўзбек тилидаги бийрон талаффузидан хурсанд бўлдик. Эътиборлиси, мазкур ҳолат ҳамюртларимизда Финландияга нисбатан қизиқишни оширди.

Демак, «Хориждаги ватандошлар» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони Финландияда таҳсил олаётган ҳамюртимиз Суннат Самадов бўлди. У Бухоро вилояти Шофиркон туманида туғилган. Ҳозирда пойтахт Хельсинкидаги «Lappeenranta University of Technology»да магистратура босқичида ўқийди.

— Суҳбатимиз аввалида сиз билан яқинроқ танишиб олсак.

Аввало, «Xabar.uz» сайти учун интерьвю бераётганимдан хурсандлигимни айтиб ўтсам. Ўзим ҳақимда тўхталсам, мактаб ва академик лицейни Бухорода ўқиганман.

2016 йили Тошкент ахборот технологиялари университетининг Телекоммуникация факультети бакалавр босқичини тамомладим. Кейин бир муддат университетимизнинг ўзида лабаратория мудири, сўнг «Иннова» компаниясида тармоқ инженери бўлиб хизмат қилдим. Иш давомида билимларимни ошириш ва хорижга бориб тажриба тўплаш истаги пайдо бўлди.

2017 йилнинг июнь ойида Европа Иттифоқининг «ERASMUS MUNDUS» лойиҳаси доирасидаги PERCCOM (Pervasive Computing and Communications in Sustainable Development) дастури бўйича магистратура босқичига қабул қилиндим.

Ушбу магистрлик дастури орқали ҳар бир семестерни Европанинг турли давлатларида ўқишингиз мумкин. Шунга кўра, мен биринчи семестерни Франциядаги «University of Lorraine»дa, иккинчи семестерни ҳозир ўқиётган олийгоҳимда, учинчи семестерни Швециядаги «Lulea University of Technologies»да ўқидим. Айни пайтда тўртинчи семестр яна Финландияда давом этяпти.

— Франция, Финландия ва Швеция давлатларининг тараққиёт омилларини нималарда кўрдингиз?

Очиғи, бу ҳақида ўзим ҳам жуда кўп ўйлаганман. Баъзида ўзимга «Ўзбекистонни мана шундай ривожланган давлатлар даражасига олиб чиқиш учун нималар қилиш керак?», «Мен бунинг учун нимадир қила оламанми?» каби саволларни бериб тураман. Чунки ҳар бир инсон қаерда бўлмасин, ўзи туғилиб ўсган юрти ҳар жиҳатдан обод бўлишини хоҳлайди...

Ўйлашимча, бу давлатларнинг ривожланиш омилига сабаб уларнинг ўз мамлакатида сифатли таълим тизимини муваффақиятли йўлга қўя олганида бўлган. Буни нафақат ушбу давлатлар, балки қолган бошқа кўплаб ривожланган мамлакатлар мисолида ҳам кўриш мумкин.

Яна қарийб икки йилдан бери яшаб кўрганларимдан – европаликларнинг ўз хизмат вазифасини кичик ходимдан то катта раҳбаргача ҳамма сидқидилдан бажаришга интилиши ҳавасимни келтирган. Бу ҳам ўз навбатида таълимга бориб тақалади. Яъни европаликлар таълим жараёнида ўқувчи онгига ўз хизмат вазифасини виждонан бажаришни сингдира олган.

— Финландиядаги таълим жараёнининг Ўзбекистондагидан қандай фарқли жиҳатлари бор?

Фикримни билдиришдан олдин Финландия Таълим вазирининг сўзларидан иқтибос келтириб ўтаман: «Биз (Финландия)да ўқувчиларга уйга вазифа деярли берилмайди. Болалар, аввало, бола бўлиши ва ҳаётдан завқ олиши учун уларда вақт қолиши керак!..» Бу гаплардан тушуниши мумкинки, Финларнинг таълим тизимига бўлган қараши бизникидан тамоман фарқ қилади. Билишимча, бошланғич синф болалари мактабда ўртача ҳафтасига 20 соат вақт сарфлайди ва бу тушлик вақтини ҳам ўз ичига олган.

Эътиборлиси, бу ерда ўқувчилар стандарт тест имтиҳонларини топширишмайди. Бунга жавобан «Биз болаларни имтиҳонга эмас, балки ҳаётга тайёрлаймиз» – дейишади, фин ўқитувчилари. Бундан ташқари мактаблар рейтинги ҳам тузилмайди.

Мактаблар пойтахтда бўладими ё кичик бир ҳудуддами ҳаммаси бир хил шароит ва жиҳозланишига алоҳида эътибор қаратилади. Ўқувчилар ўртасида ҳам рақобат ривожлантирилмаган, яъни бир ўқувчи бошқасининг баҳосини билмайди.

Менга энг ёқадиган жиҳатлардан бири ўқитувчиларни одатда ҳеч ким текширмайди. Яъни ўқитиш методларини танлаш ўқитувчининг ўзига боғлиқ. Албатта, Таълим вазирлиги томонидан ўқитиш дастури тасдиқланган. Аммо у фақат тавсияларни ўз ичига олган.

Шунингдек, Финландияда ўқитувчилик касби энг шарафли ва нуфузли касблардан. Шу боисдан бу касбни эгалловчиларга қатъий қўйилган талаблар бор. Аммо ўқитувчининг маоши ҳам шунга яраша. Мамлакатда энг кўп ойликни ўқитувчилар олади, деса ҳам бўлади.

Мана шундай таълим тизими ва ўқитувчиларга эътиборни Ўзбекистонда ҳам бўлишини истардим. Ўйлашимча, биздаги энг катта камчиликлардан бири бу – ўқитувчиларимизнинг қоғозбозликларга кўмиб юборилгани ва ана шу қоғозларни текширадиган турли хил ташкилотлардан келувчи «комиссия»лардир.

Очиғи, оиламизда кўпчилик ўқитувчи бўлиб ишлагани учун уларнинг соатлаб вақтларини турли ҳисоботлар тайёрлаш, конспектлар ёзиш, журнал тўлдиришга ва ҳаказоларга сарфлаб келишини кўриб улғайганман.

Хоҳлардимки, Европада бўлгани каби ўқитувчиларимиз фақат бор эътиборини дарс ўтишга қаратиши, ва энг муҳими ўз касбини севиб ундан баҳра олиб яшаши керак.

— Финландиядаликлар Ўзбекистон ҳақида қандай таассуротга эга?

Тўғрисини айтсам, финландияликлар мамлакатимиз ҳақида кўп ҳам маълумотга эга эмаслар. Ўзбекистон деганимда, айтилиши яқин бўлганиданми кўпинча Афғонистон ёки Покистон билан адаштиришади.

Лекин ўзбекча гапира оладиган финлар ҳам бор. Мисол учун яқинда ижтимоий тармоқлар орқали фин йигитининг ўзбекча гапириб ўзбекларни Финландияга таклиф қилган видеоси тарқалди. Бу албатта қувонарли ҳолат.

Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди


Интерьвюнинг иккинчи қисми тез кунда сайтимизда эълон қилинади. Кейинги қисмда финлар характери, финча ҳаммом ва шу каби бошқа қизиқарли маълумотларни олишингиз мумкин.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг