Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Ўзбекистон ва Анадолу – умумий тарихнинг икки юзи»

«Ўзбекистон ва Анадолу – умумий тарихнинг икки юзи»

Туркиянинг маҳаллий нашрларидан бўлган «Малатия Бирлик» газетасида мамлакатимизга туризм мақсадида келган турк тадқиқотчиси доц. Др. Деврим Алкаянинг таассуротлари ҳақида мақола чоп этилди, деб хабар беради «Дунё» АА.

Ташрифи давомида Ўзбекистон ва Анадолу ўртасидаги мустаҳкам тарихий-маданий асосларга гувоҳ бўлганини таъкидлар экан, ҳар икки мамлакатнинг бугунги кунда ҳам кўплаб муштаракликлари мавжудлигини қайд этади турк тадқиқотчиси.

Деврим Алкаянинг айтишича, «Ўзбекистон ва Анадолу туркий дунёсининг икки муҳим ҳалқасидир. Анадолудаги туркларнинг аждодлари катта қисми Марказий Осиёдан, хусусан, ҳозирги Ўзбекистон заминидан кўчиб келган. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон - турк-ислом цивилизациясининг бешиги, Анадолу эса  - бу цивилизация ривожланиб, илдиз отган марказ».

Тил ва қадриятлардаги ўхшашликларга ҳам эътибор қаратган турк тадқиқотчиси «Ўзбек ва турк тиллари айни тил оиласига мансублиги сабаб «она», «ота», «сув», «нон», «йўл», «тоғ» каби иккала жамиятда ҳам кенг қўлланиладиган сўзларнинг ўхшашлигини кўрасиз. Анъаналар ва урф-одатларда ҳам умумий жиҳатлар бисёр. Меҳмондўстлик, катталарга ҳурмат ва мустаҳкам оилавий ришталар иккала жамиятнинг асосий қадриятлари қаторига киради. Тўйлар, фестиваллар ва анъанавий урф-одатлардаги маросимлар ҳам деярли бир хил дея оламиз», деб ёзади.

Д.Алкая ўз мақоласида ўзбек-турк гастрономиясидаги яқинликка ҳам тўхталиб, гуручли таомлар, кабоб ва хамир овқатлар иккала минтақада ҳам муҳим ўрин тутишини айтади. Унинг таъкидлашича, дастурхон одатлари ҳамда бирга овқатланиш анъанаси ҳам ўзбек ва турк маданиятидаги умумий қадриятдир.

«Ҳунармандчилик ва бадиий санъат тушунчаларимизда ҳам ажойиб ўхшашликлар бор. Гиламчилик, каштачилик, ёғоч ўймакорлиги ва масжид меъморчилигида умумий изларни кўриш мумкин. Баъзи ўзбек масжидлари ҳатто Анадолудаги, айниқса Денизли минтақасидаги масжидларга жуда ўхшаш», дейди Туркиялик олим.

Д.Алкая баъзи тарихчиларнинг «Ўзбекистон» номининг этимологияси борасидаги фикрларга ҳам тўхталар экан, «Ўз» сўзи биз турклар учун муҳим бўлган «Ўғуз» атамасини ёдга солади. Бу талқин тарихий алоқаларимизга алоҳида мазмун бағишлайди. Қолаверса. Анадолунинг кўплаб ҳудудларида Хоразм (Хорзум) каби топонимлар борлиги, бугунги Хоразмда эса Туркиянинг вилоятларидан бўлган Караман (Қорамон) номли қишлоқнинг мавжудлиги тасодиф эмас» дейди олим.

Мақоласининг хулосасида Туркия ва Ўзбекистон ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янада мустаҳкамлаш зарурлигини билдирган олим, Туркиялик газетхонларни Ота Юртга чорлаб, «Албатта бориб кўринг. Ўзбекистонда Анадолу, Анадолуда эса Ўзбекистон борлигига гувоҳ бўласиз» деб хулоса қилади.

Маълумот учун,  «Malatya Birlik» – Туркиянинг Малатия вилоятида фаолият юритувчи нуфузли электрон ва босма нашрлардан бири ҳисобланади. Нашр орқали сиёсий, ижтимоий, маданий ҳамда таҳлилий йўналишлардаги мақолалар кенг ёритиб борилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг