Пекинда Ўзбекистон Туризм офиси очилди

2025 йил 1 сентябрь куни Хитой Халқ Республикасининг пойтахти Пекин шаҳрида Ўзбекистон Туризм офиси тантанали равишда очилди. Ушбу муҳим тадбир олий даражадаги расмий ташриф доирасида ўтказилди ва икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатлар, ўзаро ишонч ҳамда стратегик шерикликнинг яна бир ёрқин тимсолига айланди.
Очилиш маросимида Туризм қўмитаси раиси Умид Шадиев, Хитой саноат ва савдо федерациясининг Пекин ташқи маданий савдо ассоциацияси ижрочи директори Чи Лу хоним, Хитойнинг йирик сайёҳлик компаниялари вакиллари ва бошқа расмий меҳмонлар иштирок этди. Тадбир давомида сўзга чиққанлар Пекинда очилган Туризм офиси Ўзбекистон ва Хитой ўртасидаги сайёҳлик алоқаларини янада мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнашини ҳамда мазкур офис Хитойдаги йирик туристик компанияларга Ўзбекистон бозорига киришда, ҳамкорликни йўлга қўйишда кўмаклашишини таъкидладилар. Шу билан бирга, Туризм офиси хорижий инвесторларга туризм соҳасидаги имкониятлар ҳақида тўлиқ маълумот тақдим этиб, янги лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этади.
Таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республика раиси Си Цзинпин ташаббуслари туфайли икки томонлама алоқалар сўнгги йилларда янги босқичга кўтарилди. Хусусан, туризм соҳасида ҳам ўзаро ҳамкорлик жадал суръатларда ривожланмоқда. Буни 2025 йил 1 июндан кучга кирган 30 кунлик визасиз режим, шунингдек икки давлат ўртасида ҳафтасига 50 дан ортиқ авиақатновлар йўлга қўйилгани яққол кўрсатиб турибди. Яқин йилларда бу кўрсаткични 100 рейсгача ошириш режалаштирилган.
Бундан ташқари, 2025 йил “Хитойда Ўзбекистон туризм йили” деб эълон қилингани ҳам икки давлат ўртасидаги туристик ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Ушбу йил давомида Ўзбекистон делегациялари Хитойнинг 9 та йирик шаҳрида роудшоулар ўтказди, сайёҳлик кўргазмаларида фаол иштирок этмоқда, йил охиригача яна бир қатор провинцияларда тақдимот тадбирлари режалаштирилган.
Ўзбекистон томони 2030 йилга келиб Хитойдан мамлакатга ташриф буюрувчи сайёҳлар сонини 3 миллион нафарга етказишни мақсад қилган. Пекиндаги янги туризм офиси эса ушбу улкан мақсад сари ташланган муҳим қадамлардан биридир.
Маросим якунида Ўзбекистон вакиллари барча иштирокчиларни юртимизга саёҳат қилишга таклиф этиб, Ўзбекистон хитойлик сайёҳлар учун очиқ ва қулай йўналишлардан бири бўлиб қолишини таъкидладилар.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter