Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Президент қарори билан давлат органларида ижро интизоми янада мустаҳкамланади

Президент қарори билан давлат органларида ижро интизоми янада мустаҳкамланади

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Давлат органлари ва ташкилотларида ижро интизомини янада мустаҳкамлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарор матни ЎзАда эълон қилинган.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 9 августдаги «Ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармойишига мувофиқ вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотларнинг «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимига  уланиши таъминланган. 

Ҳозирги вақтда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Ҳисоб палатаси томонидан «Ijro.gov.uz» тизими орқали Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 800 дан ортиқ қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши юзасидан тест режимида тизимли назорат олиб борилмоқда. 

Шу билан бирга, яратилган шароитларга қарамасдан, айрим вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан ижро интизоми назоратини сифатли ва самарали ташкил қилиш, шунингдек, ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳанузгача талаб даражасида йўлга қўйилмаяпти. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларига риоя этиш масалаларида масъулиятсизлик ва расмиятчилик ҳолатлари учрамоқда, жамоатчилик назоратини ташкил этиш учун зарур шароитлар яратиш борасидаги чоралар самарасизлигича қолмоқда, иш юритишнинг ички жараёнларини автоматлаштириш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмаяпти, шунингдек, ижро интизомига консерватив-буйруқбозлик билан ёндашилишига йўл қўйилмоқда, дейилади қарорда.

Қарорда белгиланишича:

Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши юзасидан назорат олиб борувчи, шунингдек, «Ijro.gov.uz» тизими бўйича ишларни мувофиқлаштирувчи масъул давлат органи ҳисобланади; 

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги «Ijro.gov.uz» тизимини доимий асосда техник қўллаб-қувватлаш ва такомиллаштиришни таъминловчи ишчи орган ҳисобланади; 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси тузилмалари махфийлик белгиси остидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқлари маълумотлар базасини юритиш ва уларнинг бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш учун масъул; 

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг Оммавий коммуникациялар соҳасидаги мониторинг маркази оммавий ахборот воситаларида вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорлари ва топшириқларининг ижро этилиши ҳақидаги жамоатчилик фикрини баҳолаб бориш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлаш ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси ва Бош прокуратурасига ахборот киритиб бориш учун масъулдир. 

Қарор билан «Ijro.gov.uz» ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизимининг ишлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва бошқа ташкилотлар ушбу низомга мувофиқ «Ijro.gov.uz» тизимида доимий ишлашнинг ташкил қилинишини таъминлайдилар.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг