Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Шавкат Мирзиёев ва журналист Аброр Зоҳидов дилдан гаплашди (видео)

Шавкат Мирзиёев ва журналист Аброр Зоҳидов дилдан гаплашди (видео)

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёев бугун Республика ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт марказига ташрифидан сўнг асл касби шифокор бўлган, ҳозирда kun.uz сайти мухбири, журналист Аброр Зоҳидов билан дилдан суҳбатлашди.

Суҳбатда журналист Аброр Зоҳидов кўплаб беморлар онкологик ва гематологик касалликлардан даволаниш учун хайрия сўраб келиши, эндиликда операция харажатларининг 50 фоизини давлат тўлаб беришини эшитиб, жуда хурсанд бўлганини айтди.

«Бизга жуда ҳам кўп беморлар келишади. «Ёрдам беринглар, халқимиз пул йиғиб берсин. Биз чет элга кетишимиз керак. Чунки Ўзбекистонда бунақа шароит йўқ», деб. Мана операция харажатларини 50 фоизини давлат тўлаб бериши, барча амалиётлар Ўзбекистонда ўтказилишини эшитиб кўнглим тоғдек кўтарилди. Ҳатто кўзимга ёш келди. Мутахассислигим бўйича ўзим шифокорман. Ҳозирда икки фаолиятни бирлаштириб олиб боряпман. Ўзим шахсан танийман бу ерда даволанаётган беморларни. Ҳаммаси билан бориб учрашиб, суҳбатлашганман», – деди Аброр Зоҳидов.

Ўз навбатида Шавкат Мирзиёев доим ушбу касалликка чалинган юртдошларимизга қандай ёрдам беришни ўйлаб юришини, бугун ҳам бемор болалар билан суҳбатлашганда йиғлаганини, янги тизим асосида давлат уларга ёрдам бериши, бунинг учун керакли маблағлар ажратилишини айтди.

«Бу гапни айтиш осон. Эллик фоизини давлат тўлаб беради дегани бу – 70 мингдан 100-130 минг доллар кетади дегани битта операцияга, – таъкидлади Шавкат Мирзиёев. – Аброр, ман сизнинг шифокорлигингизни билмагандим. Мени ўзимни ҳам гематология билан онкология муаммоси ўйлантириб, қийнаб юрарди. Чунки илик кўчириб ўтказиш бўйича марказ ҳам, мутахассис ҳам, ускуна ҳам йўқ эди. Россияда, Германия, Кореяда бу соҳада тажриба бор. Ўша ерларни тажрибаларини ўрганиб, керак бўлса, ускуналарини ҳам олиб келиб, ҳамма вилоятда шунақа марказлар ташкил қиламиз».

Президент ўз фикрини давом эттириб, қуйидагиларни билдирди:

– Тошкент шаҳрини ўзида ҳам 6 гектар жой ажратиб энг замонавий марказ қурамиз. Тўғри, бунга вақт керак, аммо Худо хоҳласа келгуси йил мустақиллик байрамигача фойдаланишга топиширамиз.

Майли, гемотология бўйича Тошкентда бир нарса бордир, аммо вилоятларда, Самарқандда ҳам ҳеч нарса йўқ.

Вилоятларда аёлларни кўрикдан ўтказиш янгича бўлиши керак. Анкология бу катта муаммо.

Тўртинчи босқичга ўтганидан кейин катта маблағ керак бўлади. Бу ўлим билан олишиш дегани.

Мана бугун бемор болаларни кўрдим. Ҳатто Андижон бир қиз йиғлади, ўқишим керак деди. Ман уни қабул қилдим, чунки мендаям квота бор. Мана бу далда улар учун касаллик билан курашиш учун бир иммунетит бўлиб хизмат қилади. Ота-онасига ҳам бевосита касаллик билан курашишга куч бера олдик.

Шавкат Мирзиёев соҳаларда ҳали камчиликлар кўплигини, аммо умид ва ишонч билан ҳаракат қилинса, албатта натижа бўлишини таъкидлади.

«Ишонч ҳосил қилишларинг керакки, йўлимиз тўғри. Камчилик жуда кўп, лекин бизга катта вақт керак. Онгли равишда ватанни севиш, ватанга хизмат қилиш керак.

Албатта, ўнқир-чўнқир бўлгандай, ҳамма соҳада бирданига ҳамасини тузатиб бўлмайди.

Бир кунда президент қарори билан ҳаммаси зўр бўлганда эди, ҳар куни қарор қабул қилардим. Минг афсус, қарор қабул қилиб, орқасидан ўзим юришим керак. Чунки мени ижро, сифат, тартиб-интизом, масъулият қийнайди.

Сизлар билан бирга шуларни жойига қўйсак, масъуллар билан кўпроқ мулоқотда бўлсангиз, ҳар куни эрталаб «Аброр келса нима дейман?» деб туришса, ўйлайманки, ҳаммаси яхши бўлади», дея журналистларга ишонч билдирди президент.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг