Қурилиш вазирлиги биносини «Hamkorbank» сотиб олди
15 май куни «E-auksion» платформасида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида жойлашган Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги биносини сотиш бўйича такрорий аукцион савдолари ўтказилди. Савдоларда «Hamkorbank» ғолиб деб топилди.
Банк объект учун 196,6 миллиард сўм таклиф қилди. Бу лотнинг 187,23 миллиард сўмлик бошланғич нархидан қарийб 5 фоизга юқори ҳисобланади.
Савдолар 10 дақиқадан сал ортиқ вақт ичида якунланган. Маълум қилинишича, ғолибликни таъминлаган таклиф аукцион бошланганидан 10 сония ўтиб киритилган. Энди томонлар ўртасида битим бўйича шартнома имзоланиши кутилмоқда.
Маълумот учун, сотилган етти қаватли маъмурий бино Абдулла Қодирий ва Абай кўчалари кесишмасида, «Ўрда» даҳаси яқинида жойлашган. Объект – «Turonbank» офиси ҳамда Тошкент шаҳар солиқ бошқармаси биносига туташ ҳудудда. Объект жойлашган ер участкаси майдони 0,5 гектардан ошмайди. Бино ва иншоотларнинг умумий майдони эса 11,7 минг квадрат метрни ташкил этади.
Шунингдек, объект сув, газ, электр таъминоти ва канализация тизимлари билан тўлиқ таъминланган. Бу эса унинг тижорат қийматини оширувчи асосий омиллардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, мазкур объект давлат идоралари биноларини хусусийлаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори асосида 2025 йил ноябр ойида илк бор савдога қўйилган эди.
2025 йил декабр ойида ўтказилган биринчи аукционда «O‘zshahar Qurilish Invest» компанияси 182,47 миллиард сўмлик таклиф билан ғолиб чиққан. Бироқ кейинчалик битим якунланмагани сабабли объект такроран савдога чиқарилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter