Шикоятлар кўпаймоқда: Рақобат қўмитаси қурилиш компанияларини огоҳлантирди
Рақобат қўмитаси маълум қилишича, сўнгги вақтларда қурилиш соҳасидаги қонунбузилишлар бўйича келиб тушаётган мурожаатлар сони сезиларли даражада ошган. Агар 2025 йил давомида мазкур йўналишда 1 706 та мурожаат қайд этилган бўлса, 2026 йилнинг биринчи чорагидаёқ уларнинг сони қарийб мингтага етган.
Қўмита бу ҳолатни бир томондан аҳоли ва тадбиркорларнинг давлат органига бўлган ишончи ортиб бораётгани билан изоҳламоқда. Шу билан бирга, айрим қурилиш компаниялари томонидан қонунчилик талабларига тўлиқ риоя этилмаётгани ҳам таъкидланди.
Мурожаатларда асосан қурилиш ишларининг сифатсиз бажарилиши, шартнома шартларига амал қилинмаслиги, уйларни белгиланган муддатда топширмаслик, кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ ундириш ҳамда рекламада берилган ваъдаларнинг амалда бажарилмаслиги каби ҳолатлар тилга олинган.
Рақобат қўмитаси улуш киритиш асосида ёки янги қурилган уй-жой сотиб олишни режалаштираётган фуқароларни шартномаларни диққат билан ўрганишга чақирди.
Хусусан, қурувчи ва харидорнинг ҳуқуқ ҳамда мажбуриятлари, қурилиш ва фойдаланишга топшириш муддатлари, шунингдек, ушбу муддатлар бузилганда қўлланадиган жавобгарлик чоралари алоҳида текширилиши лозимлиги қайд этилди.
Маълум қилинишича, кўп квартирали уйларни улуш асосида қуриш учун маблағ жалб қилиш ҳуқуқи фақат юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтган ва махсус электрон рўйхатга киритилган қурувчи компанияларга берилади. Шунингдек, ҳисоб-китобларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида тўловларни эскроу ҳисобварағи орқали амалга ошириш тавсия этилди.
Қўмита қурувчи корхоналарга истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклайдиган ёки қонунчиликка зид шартларни шартномаларга киритиш мумкин эмаслигини эслатди. Бундай ҳолатларда етказилган моддий ва маънавий зарар қопланиши шарт.
Шунингдек, тадбиркорлик субъектлари рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилиши лозимлиги таъкидланди. Қурувчиларга фуқаролар билан шаффоф шартномалар тузиш, қурилиш имкониятларидан келиб чиққан ҳолда аниқ муддатларни белгилаш ҳамда харидорлар ҳуқуқларини чекламаслик бўйича чақириқ йўлланди. Қўмита қонунчилик талаблари бузилган тақдирда тегишли таъсир чоралари қўлланилишини огоҳлантирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter