Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Сабзи нархи қимматлаганига расмий изоҳ берилди

Сабзи нархи қимматлаганига расмий изоҳ берилди

Республикада сабзи нархининг ошгани, унинг импорт қилиш эҳтимоли юқори эканлиги юзасидан ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотларга Қишлоқ хўжалиги вазирлиги расмий муносабат билдирди.

Нега сабзи нархи қимматлашди?

Жорий йилнинг апрель-май ойларида сабзининг бозорлардаги ўртача нархи 2000-2500 сўмни ташкил этган. Аммо, ҳозирги пайтда сабзининг нархи кескин ошиши кузатилмоқда. Жорий йилнинг эртаки муддатлари, яъни февраль-март ойларида  фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналарининг асосий майдонларида 15,2 минг гектар,   аҳоли томорқа майдонларида эса 18,4 минг гектар сабзи экинлари экилган.

Жорий йил февраль ва апрель ойларида ҳавонинг кескин совиб кетиши кузатилди. Айнан шу сабабли  эртаки муддатда экилган сабзининг пишиши 20-25 кунга узайиши қайд этилди. Шу боис сабзининг мавсумий тўлиқ етилиш ва йиғиштириб олиш муддати июнь ойининг охирига тўғри келмоқда.

Айни пайтда Вазирлик тегишли мутасаддилар билан биргаликда маҳсулотни қисқа муддатда  даладан йиғиштириб олиш ҳамда Тошкент шаҳри ва вилоятлардаги марказий деҳқон бозорларига ўз вақтида  етказиб бериш юзасидан чора-тадбирлар ишлаб чиққан.

Қайд этилишича, айни пайтда  фермер ва қишлоқ хўжалиги корхоналари томонидан ғалладан бўшаган 40,5 минг гектар майдонларга сабзи экиш режалаштирилган.

Республика ҳудудларининг иқлим шароитларидан келиб чиққан ҳолда сабзи маҳсулоти октябргача далаларда етиштирилиб, аҳолига етказиб бериш бўйича прогноз параметрлар белгиланган.

Вазирлик маълумотида келтирилишича, бугунги кунда республиканинг деҳқон бозорларида сабзининг ўртача нархлари 6000-8000 сўм/кг бўлса, фермер хўжаликлари дала майдонларида 4000-5000 сўм/кггача ташкил этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг