Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Сайёр қабулда тадбиркорларга жойида 3 млрд. сўм ундириб берилди

Сайёр қабулда тадбиркорларга жойида 3 млрд. сўм ундириб берилди

Президент Халқ қабулхоналари томонидан вазирлик ва марказий идоралар, ҳудудий секторлар, суд органлари раҳбарларини жалб этган ҳолда Навоий вилоятининг Учқудуқ, Кармана, Навбаҳор ва Қизилтепа туманларида сайёр қабуллар ташкил этилди.

Таъкидлаш шарт, кўплаб мурожаатларга жойида ечим топилди. Хусусан, Қизилтепа туманининг «Фурқат» маҳалласи аҳолисининг ички йўлларни таъмирлаш бўйича мурожаати ўрганиб чиқилиб, 2-сектор ва йўл идоралари кўмагида 7 километр йўлга қум-шағал аралашмаси, қарийб 10 километрлик ички йўлларга асфальт қопламалари ётқизилди. Яна 10 километр йўлни асфальт қилиш «йўл харитаси»га киритилиб, бу ишлар 2020-2021 йилларга мўлжалланган инвестиция дастурига киритилди.

ҚИЗИЛТЕПА туманидаги «Демас» маҳалласи Қатағон қишлоғи аҳолисининг ҳам ички йўллар таъмири билан боғлиқ мурожаати ижобий ечим топди. Ишчи гуруҳи томонидан кўрилган чора-тадбирлар самарасида қарийб 500 метр йўл шағалланди.

ТУМАННИНГ «Майта» маҳалласида яшовчи Бахтинисо Тилавова бир ҳовлида 3 та оила яшаши, томорқада иссиқхона қуриш учун шароит борлиги, лекин молиявий жиҳатдан имконияти йўқлигини айтиб, мурожаат қилди. Унинг мурожаати қабулда ўрганиб чиқилиб, кредит ажратишда амалий ёрдам берилди. Таъминотчи корхоналар орқали унинг томорқасига 2 сотихли иссиқхона қурилиши шу куннинг ўзида бошланиб, тайёр ҳолатда топширилди.

ОММАВИЙ ҚАБУЛДА ички ишлар вазирлиги вакилларига тизим идоралари йўналишларида ҳам кўплаб мурожаатлар келиб тушди. Хусусан, конимехлик Жалғас Жакипов 2015 йилдан буён ички ишлар органларида ишлашга иштиёқи юқори экани учун ҳужжат топшириб келаётгани, бу борада унга тўсқинлик қиладиган қонуний асослар йўқлиги, ўтган йиллар давомида профилактика инспектори ёрдамчиси лавозимида ишлаганлигини айтиб мурожаат қилди. Унинг соҳада етарли тажриба орттиргани, қизиқиши ва лаёқати инобатга олиниб, мурожаати оммавий қабул доирасида тузилган комиссия томонидан ўрганиб чиқилиб, ижобий хулосага келинди ва у ишга қабул қилинди.

ОЛИЙ СУД судьялари томонидан жами 182  нафар фуқаро қабул қилинди. Жиноят, фуқаролик, маъмурий ишлар бўйича ҳамда иқтисодий судларга оид мурожаатларни кўриб чиқиш натижасида  жами 37 нафар шахс  муддатидан илгари жазодан озод қилинди, 20 нафар шахсга нисбатан белгиланган жазо енгилроғига алмаштирилди, 38 нафар шахснинг озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташ тартиби енгиллаштирилди.

ШУНИНГДЕК, тадбиркорлик субъектлари, деҳқон хўжаликлари ва якка тартибдаги тадбиркорлар фойдасига 3 млрд. сўмга яқин 20 та даъво аризалари жойида қаноатлантирилди. Никоҳдан ажратиш учун мурожаат қилган 11 та оила яраштирилди.

Оммавий қабул жараёнида ногиронлиги бўлган фуқароларга тиббий-реабилитация воситаларидан кўмак кўрсатилди, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, коронавирус пандемияси шароитида турмуш шароити қийинлашган хонадонларни қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий саъй-ҳаракатларга аҳолида эътибор берилди.

ҚАБУЛЛАРДА жами 638 нафар фуқаронинг мурожаатлари тингланди ва улардан 644 та масала қабул қилинди. Муаммоларнинг 310 таси (48%) жойида ижобий ҳал этилган бўлса, 129 таси (20%)  бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди ва 206 та (32%) мурожаат кўриб чиқиш учун  алоҳида назоратга олинди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг