Сертификат нега битта? Аҳолини рўйхатга олишда энг кўп учраётган саволларга жавоблар
Аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш жараёни доирасида фуқаролар томонидан онлайн саволномани тўлдириш билан боғлиқ турли саволлар келиб тушмоқда. Ушбу саволларга расмий жавоблар тақдим этилади.
— Мен саволномада оила аъзоларимни ҳам киритиб, онлайн рўйхатдан ўтдим. Фақат менга сертификат чиқди. Лекин оила аъзоларимнинг иш жойидан уларни рўйхатдан ўтганлигини исботловчи сертификат сўрашмоқда. Бунда қандай йўл тутса бўлади?
— Агар сиз онлайн рўйхатдан ўтиш жараёнида оила аъзоларингизни ҳам ўзингиз билан бирга ягона саволнома орқали киритган бўлсангиз, демак, улар ҳам рўйхатга олинган ҳисобланади. Бу қонун талабларига тўлиқ мос.
Бироқ тизим техник жиҳатдан фақат битта — асосий респондент номи билан сертификат шакллантиради. Шу сабабли оила аъзоларингиз учун алоҳида сертификат автоматик тарзда чиқарилмайди.
Агар сизга хонадон таркибида кимлар рўйхатдан ўтганини тасдиқловчи маълумот керак бўлса, ушбу маълумот сертификатнинг қуйи қисмида келтириб ўтилган. Иш жойингиз томонидан онлайн рўйхатдан ўтганликни тасдиқловчи ҳужжат сўралса, мазкур рўйхатни тақдим этишингиз мумкин.
— Рўйхатдан ўтишда пропискада турганлар кўрсатиладими ёки амалда яшаб турганларми?
— Рўйхатга олиш жараёнида фақат респондент билан бирга ҳозирда бир уйда яшаб турган оила аъзолари рўйхатга киритилади. Пропискада турган, аммо ҳозирда бирга яшамаётган шахслар киритилмайди.
— ЖШШИРни киритиб бўлмаяпти. Шунингдек, болани ҳам қўшиб бўлмаяпти. Нима қилиш мумкин?
— census.stat.uz сайтига OneID орқали кирилганда оила аъзолари ҳақидаги маълумотлар автоматик равишда чиқади. Агар маълумотларда хато ёки камчилик бўлса, уларни тўғрилаш, аъзо қўшиш ёки ўчириш мумкин.
Маълумот учун: ҳозирда 16 ёшгача бўлган болаларда ҳам ЖШШИР мавжуд. Уни my.gov.uz сайтидаги «Менинг оилам» бўлими орқали олиш мумкин.
— Айрим давлат ташкилотларида рўйхатдан ўтишни мажбурий қилиб, кадастр ҳужжатлари талаб қилинмоқда. Бу тўғрими?
— Йўқ. Рўйхатдан ўтиш учун кадастр рақами ёки кадастр ҳужжатлари талаб этилмайди. Сўровномада фақат уй-жой, қурилиш ва яшаш хоналари, шунингдек, қишлоқ хўжалиги ерлари майдони бўйича умумий маълумотларни билиш етарли.
Рўйхатдан ўтиш мажбурийми, деган саволга келсак, давлат органлари ва ташкилотлари тизимида ишлаётган ходимлар учун онлайн рўйхатдан ўтиш белгиланган муддатларда — 2026 йил 15 январдан 31 январга қадар — таъминланиши Президент фармонида белгиланган. Шу билан бирга, белгиланган муддат тугашидан олдин ходимларни мажбурий тарзда шошилинч рўйхатдан ўтказиш назарда тутилмаган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter