Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Солиқ кодексининг янги таҳрири адвокатларда жиддий эътироз уйғотди

Солиқ кодексининг янги таҳрири адвокатларда жиддий эътироз уйғотди

Фото: «Xabar.uz»

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида қўйилган Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси янги таҳрири лойиҳаси адвокатларнинг жиддий эътирози сабаб бўлмоқда.

Асосий эътироз кодекснинг адвокатурага дахлдор қисмларига қаратилмоқда. Хусусан, лойиҳанинг 488-моддасида адвокатлар ҳайъатининг нотижорат ташкилот шаклида ташкил этилиши, уни сақлаб туриш ва тадбиркорлик фаолияти бўлмаган умумий вазифаларни бажариш учун адвокатлардан олинадиган маблағлар қисми бўйича адвокатлар ҳайъати юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини ва қўшилган қиймат солиғини тўловчи ҳисобланмаслиги белгилангани ҳолда адвокатлик фирмалари ва адвокатлик бюроларининг солиқ солиш мақсадларида тадбиркорлик субъектлари деб эътироф этилиши ҳамда юридик ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ бўлган фаолият қисми бўйича солиқлар ва йиғимларни ушбу Кодексда назарда тутилган тартибда тўлаши кўрсатиб ўтилган.

«Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси эса муҳокама учун қўйилган янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасининг адвокатурага тааллуқли мазкур моддалари билан келишиб бўлмайди деб ҳисоблайди», – дейилади Палатанинг расмий ахборотида. Шунга кўра Палата Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва Солиқ қўмитасига янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳаси юзасидан ўз эътирозларини юборган.

Адвокатлар палатасининг эътирозлари ахборотда жумладан қуйидагича баён қилинган:

«Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 116-моддасида адвокатура фаолияти қонун билан тартибга солиниши кўрсатиб ўтилган. «Адвокатура тўғрисида»ги қонунда эса адвокатлик фаолиятини амалга ошириш учун ташкил этиладиган адвокатлик бюроси, адвокатлик фирмаси ва адвокатлар ҳайъати нотижорат ташкилотлари этиб белгиланган (4-1, 4-2, 4-3-моддалар). Шунингдек, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасида ҳам «Адвокатура нотижорат ташкилотдир» деб белгилаб қўйилган. Зеро, адвокатура ўзининг асосий фаолияти давомида даромад (фойда) олишни кўзламайди ва фаолияти давомида йиғилган даромадни (фойдани) ўз аъзолари (иштирокчилари) орасида тақсимламайди. Адвокатлик тузилмалари Конституцияга мувофиқ фуқароларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида ташкил этилади. Шунинг учун ҳам Қонун адвокатлик тузилмаларининг, ҳар қандай мақсад йўлида ҳам, статусига ёки ташкилий тузилишига кўра нотижорат фаолиятдан ташқари фаолият билан шуғулланишини инкор этади.

Шуларга кўра, тақдим этилган СК лойиҳасининг 488-моддаси таҳрири нафақат Конституциямиз, балки «Адвокатура тўғрисида»ги, «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги қонунлар нормаларига ҳам зиддир. Шунингдек, у ҳатто тақдим этилган СК лойиҳасининг 11-моддасида белгиланган талабга ҳам мос келмайди. Зеро, мазкур моддада фуқароларнинг Конституция билан қўриқланадиган ҳуқуқларини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган солиқларни жорий этиш мумкин эмаслиги белгиланган.

Масаланинг яна бир нозик жиҳати шундаки, солиқ солишда адвокатлик фирмалари ва бюроларига нисбатан дифференциал муносибатда бўлиниши фуқароларнинг ўз конституцион ҳуқуқларини амалга оширишда қийинчиликлар яратиши ва адвокатура институтини ривожлантиришда негатив ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Жумладан, СК лойиҳасининг 488-моддаси таҳрири давлат ҳисобидан кўрсатиладиган юридик ёрдамни молиялаштиришда маълум муаммоларни келтириб чиқаради. Яъни гумонланувчи, айбланувчи ёки судланувчига давлат ҳисобидан кўрсатилган адвокатлик ёрдами адвокатлик фирмаси ёки адвокатлик бюроси томонидан амалга оширилганида давлат томонидан тўланадиган пул миқдори ҚҚС ва бошқа солиқлар миқдорида ошади ва бу бюджетга қўшимча харажатларни келтиради. Бу ўринда яна шуни ҳам эътиборга олиш лозимки, айрим вилоятларда адвокатлар ҳайъати мавжуд эмас ва ҳар қандай юридик ёрдам (жумладан, давлат ҳисобидан молиялаштириладигани ҳам) фақат адвокатлик фирма ёки бюролари орқали кўрсатилади».

Шунингдек, Палата бундай эътироз билан чиқишга ҳақли эканини ҳам ахборотда қисқача таъкидлаб ўтади: «... «Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 12-моддасида адвокатура манфаатларига дахлдор масалаларнинг давлат органлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси иштирокида белгиланган тартибда ҳал этилиши кўрсатилган. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 12 майдаги «Адвокатура институти самарадорлигини тубдан ошириш ва адвокатларнинг мустақиллигини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5441-сон Фармонининг 7-бандида адвокатлик фаолияти ва суд ишини юритиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари Адвокатлар палатаси билан келишилиши шартлиги белгилаб қўйилган.

Бу эса янги таҳрирдаги Солиқ кодекси лойиҳасининг адвокатлик тузилмалари фаолиятига бевосита дахлдор моддалари юзасидан ҳам Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг муносабати инобатга олиниши лозимлигини билдиради».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг