Сохта хизмат гувоҳномаси ва қалбаки маълумотнома суд қарори билан йўқ қилинди
Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди ҳукми асосида қалбаки хизмат гувоҳномаси ва сохта маълумотнома белгиланган тартибда йўқ қилинди.
Мажбурий ижро бюроси маълум қилишича, суднинг ижро варақасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 228-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилган фуқаро И.Н.га нисбатан қабул қилинган ҳукмнинг ашёвий далилларга оид қисми ижрога қаратилган.
Тергов давомида мазкур шахс ўзини масъул вазирликнинг вилоят бошқармаси ходими сифатида кўрсатиш мақсадида қалбаки хизмат гувоҳномаси ва сохта маълумотнома тайёрлагани аниқланган. Ушбу ҳужжатлар жиноят иши бўйича ашёвий далил сифатида тан олинган.
Ижро ҳужжати 2026 йил 22 июн куни Мажбурий ижро бюросининг Юнусобод туман бўлими иш юритувига қабул қилиниб, 27 июн куни холислар иштирокида бир дона қалбаки хизмат гувоҳномаси ҳамда бир дона сохта маълумотнома қонунчиликда белгиланган тартибда яроқсиз ҳолатга келтирилиб, йўқ қилинди.
Мажбурий ижро бюроси, ўз навбатида, расмий ҳужжатларни қалбакилаштириш, сохталаштириш ёки улардан фойдаланиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлишини эслатмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter