Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Судья: қисқа таъриф, улкан масъулият

Судья: қисқа таъриф, улкан масъулият

Фото: «Xabar.uz»

Констутицияга кўра: «Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар» (112-модда). Таъриф қисқа ва лўнда. Бироқ бунинг залвори-чи?

Судьялик қанчалар шарафли бўлса, масъулияти ундан ҳам улкан. Бу шунчаки айтиладиган гап эмас. Зеро, суд ҳокимияти мамлакатнинг ҳуқуқий-маънавий қиёфасини белгиловчи асосий мезон ҳисобланади. Шу боис судьяларга нисбатан касбий талаблардан ташқари одоб-ахлоқнинг умумэътироф этилган меъёрларига қўшимча талаблар ҳам қўйилади. Бу талаблар наинки судьянинг хизмат вазифасини бажариш жараёнида, балки хизматдан ташқари пайтда ҳам риоя этиши шарт бўлган ахлоқ қоидаларидир. Бундай қоидалар мажмуи Судьялар олий кенгашининг алоҳида қарори (2018 йил 29 январь, СОКҚ-490-III-сон) билан тасдиқланган «Судьялар одоб-ахлоқ кодекси»да ўз аксини топган.

Эътиборга олиш керак, мазкур кодексда судьялар учун қонунчилик белгиланган муайян чекловлар атрофлича ифодаланиши табиий, бироқ бу улар (судьялар)нинг миллий ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларида белгиланган барча ҳуқуқларига дахл қилмайди. Масалан, кодекснинг 14-моддасида «...суд ҳужжатлари қонуний кучга киргунга қадар судья улар юзасидан оммавий ахборот воситаларида чиқиш қилишга ҳақли эмас»лиги белгиланган. Бироқ «...агар оммавий ахборот воситаларида судьянинг фаолияти тўғрисидаги маълумотлар тарқалиши натижасида судлар ва судьялар фаолияти ҳақида нотўғри тасаввур пайдо бўлса», бундай чиқишларига нисбатан судья қонун ҳужжатларида назарда тутилган усулларда муносабат билдириш ҳуқуқига эга.

Шарт шуки, судья оммавий танқидга жавоб бераётганида вазмин ва эҳтиёткор бўлиши керак. Башарти, агар оммавий ахборот воситаларида судья фаолиятининг асоссиз танқид қилиниши оқибатида одил судловнинг обрўсига ва холислигига путур етиши мумкин бўлса, бундай танқидга жавобан Судьялар олий кенгашига мурожаат этиш мақсадга мувофиқдир.

Умуман, судья ижтимоий тармоқларда, интернет-форумларда ва интернет тармоғидаги бошқа шаклдаги мулоқотларда иштирок этиши мумкин, бироқ у суд ҳокимиятининг, давлат органларининг нуфузига, бошқа шахсларнинг шаъни ва қадр-қимматига путур етказадиган ахборотни тарқатмаслиги лозим.

Турмушда одоб-ахлоқ меъёрларига риоя этиш судья одоб-ахлоқининг ажралмас қисмидир (17-модда). Яъники, бунда судья биринчи навбатда ўз мажбуриятларини бажариш чоғида ўз диний эътиқодлари ва мансублигини намойиш қилишдан ўзини тийиши лозим. Шунингдек, эътиборни ҳаддан ташқари жалб этадиган даражада кийинмаслиги, тақинчоқлар ва бошқа безаклар тақмаслиги керак.

Кодексда судьяга нисбатан дўст танлаш ва таниш орттиришда эҳтиёткор бўлиш талаби ҳам қўйилган (4-модда). Чунки, ноқобил дўст унинг шаъни ва суднинг обрўсига путур етказиши мумкин.  Шундай «дўст»лар сабаб тизимдан кетган ҳамкасблармизни ҳам кўрдик, афсус.

Судья ўз нуфузига путур етказиши мумкин бўлган оммавий тадбирлар ва бошқа жамоат жойларида бўлишдан ўзини тийиши (9-модда) лозимлигига изоҳ шарт бўлмаса керак.

«Судьялар одоб-ахлоқ кодекси» судьяларни хизмат ва хизматдан ташқари чекловчи қоидалардагина эмас. Балки уларнинг дахлсизлиги, одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашувларни олдини қаратилган ҳуқуқий ҳужжат ҳамдир. Унинг 11-моддасида «суд раиси (ҳайъат раиси) ташкилий-маъмурий ваколатларини амалга оширишда судьяларнинг мустақиллигини чекловчи хатти-ҳаракатларга йўл қўйишга, уларга босим ўтказишга, шунингдек судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига таъсир кўрсатиш мақсадида маъмурий таъсирнинг бошқа усулларидан фойдаланишга ҳақли эмас»лиги қайд этилади. Чунки, барча судья – бир хил мақомга эга. Судья мустақиллигининг туб моҳияти ҳам шунда.

Хулоса ўрнида айтсак, ҳужжатнинг илк моддасида алоҳида қайд этилганидек, судьялик мақоми, судга мурожаат қилган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчларига доир масалалар юзасидан узил-кесил қарор қабул қилишга доир судьялик ваколати муайян шахсга берилганлигининг ўзи ушбу Кодексга риоя этиш зарурлигини тақозо этади.

Муҳайё Дедамирзаева,
Наманган вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг