Тошкент аэропортида чет эл фуқароси гиёҳванд модда билан ушланди
Пойтахт аэропортида 6,3 кг «марихуана»ни олиб киришга уринган хорижий йўловчи тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат божхона қўмитаси хабар берди.
«Тошкент-Аэро» ИБКнинг «Тошкент халқаро аэропорти» чегара божхона пости ходимлари гиёҳвандлик воситаларини яширинча олиб ўтишга уринган йўловчини тўхтатиб қолишди.
Бангкокдан учиб келган хорижий йўловчилардан бирига тегишли қўл юки ва багажлари божхона назоратидан ўтказилганида, юклар орасида турли қадоқлар ичида 12 дона полиэтилен ўрамлар яширилганлиги аниқланди.
Белгиланган тартибда ва холислар иштирокида ушбу ўрамлар очиб кўрилганида, уларнинг ичидаги яшил рангдаги ўткир ҳидли модда Марказий божхона лабораторияси хулосасига кўра, 6,3 кгдан зиёд оғирликдаги қуритилган марихуанна эканлиги маълум бўлди.
Мазкур модда эса Ўзбекистонда муомаласи тақиқланган гиёҳвандлик воситаси ҳисобланади. Ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Эслатиб ўтамиз, «Тошкент-Аэро» ИБК тезкор тузилмалари ва божхона постлари ходимлари томонидан жорий йилнинг дастлабки чорагида аниқланган 15 та ҳолатда салкам 30 кг оғирликдаги гиёҳвандлик воситаларининг, шу жумладан синтетик наркотикларнинг божхона чегаралари орқали ноқонуний равишда олиб ўтилиши ва ички ҳудуддаги яширин айланмасига чек қўйилди.
Олиб қўйилган гиёҳвандлик воситалари ўтган йилнинг шу даврига нисбата 18 килограммга ошган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter