Ҳиллари Клинтон Нетаняҳунинг сирини очди
АҚШ собиқ давлат котиби Ҳиллари Клинтон Қўшма Штатлар Эрон билан музокараларда жуда заиф позицияда турганини айтди.
Теҳрон билан қатъий музокара ўтказиш лозимлигини урғулаган Ҳиллари Клинтон Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу кўп йиллардан буён АҚШни Эронга қарши урушга тортишга уриниб келганини ҳам очиқлади.
«Мен шахсий тажрибамдан биламанки, (Исроил бош вазири Бинямин) Нетаняҳу Американинг аввалги президентларини ҳам Эрон билан муддатсиз урушга киришга ишонтириш учун кўп маротаба ҳаракат қилган. Мен Эронга нисбатан реал якуний натижаси бўлмаган, ишончли ҳисобланмаган хатти-ҳаракатларни рад этганман», – деди 2009-2013 йилларда АҚШ давлат котиби лавозимида фаолият юритган Ҳиллари Клинтон.
Аввал хабар берганимиздек, АҚШ сиёсатининг яна бир оқсоқоли, 2013-2017 йилларда давлат котиби вазифасида ишлаган Жон Керри ҳам Исроил бош вазири бир неча бор АҚШни Эронга зарба беришга кўндиришга урингани, аммо президентлар Жорж Буш, Барак Обама ва Жо Байден бу сўровни рад этганини айтганди.
Аксар таҳлилчилар АҚШ президенти Дональд Трамп Нетаняҳунинг кучли таъсири остида жорий йил 28 февраль куни Эронга қарши урушга кирганини айтмоқда.
Яҳудий давлати бош вазири сўнгги ойларда АҚШни Эронга қарши урушга тортиш учун Оқ уйда соатлаб музокаралар ўтказгани маълум.
ОАВ хабар беришича, уруш арафасида америкалик расмий ва норасмий доиралар Эронга қарши уруш Қўшма Штатлар манфаатларига тўғри келмаслигидан огоҳлантирган.
The New York Times манбаларига кўра, сўнгги дақиқаларда Нетаняҳу видеотақдимот ва разведка маълумотлари асосида Трампни Эронда режимни ўзгартириш ва кенг кўламли ҳарбий ҳаракатлар бошлашга ишонтирган.
АҚШнинг Эронга тажовузи Иккинчи жаҳон урушидан бери Америкада энг кам қўллаб-қувватланган урушга айланди.
Аввало, Трамп маъмурияти Эрон АҚШ учун бевосита таҳдид туғдириши борасида асосли далил келтира олмаган.
Эронга қарши агрессия ортидан жаҳонда, жумладан, АҚШда нарх-наво қимматлашуви ортидан Трамп маъмурияти ҳам ички, ҳам ташқи босим остида қолмоқда.
«Вашингтон Тель-Авивнинг ноғорасига ўйнаётгани»га норозилик ифодаси сифатида истеъфолар ҳам қайд этилмоқда.
Трамп Нетаняҳуни Яқин Шарқ, жумладан, Фаластин, Ливан, Сурия, Яман ва Эрондаги агрессияларида сўзсиз дастаклаб келмоқда.
Трамп маъмурияти Нетаняҳуни ҳимоя қилиш учун Халқаро жиноят судига нисбатан санкция жорий этгани ҳам маълум. Инсон ҳуқуқларини байроқ қилган АҚШ томонидан глобал миқёсда адолатни таъминлашда муҳим ўрин тутиб келган ХЖСга жазо чоралари қўлланиши мисли кўрилмаган ҳолат деб баҳоланган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter