Тошкентда ҳар қандай об-ҳавода кўринадиган проекцион пиёдалар ўтиш жойи ўрнатилди
Тошкент шаҳрида ёмғир, қор ва туманли об-ҳавода ҳам яхши кўринадиган проекцион пиёдалар ўтиш жойи синов тариқасида ўрнатилди. Илк шундай «зебра» Қумариқ кўчасида пайдо бўлди. Бу ҳақда Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази хабар берди.
Проекцион пиёдалар ўтиш жойи оддий «зебра»дан фарқли равишда бўёқ билан чизилмайди, балки махсус ёритиш қурилмаси ёрдамида йўл юзасига туширилади. Шу сабабли уни ёмғир ювиб кетмайди, қор босиб қолмайди ва автомобиллар ғилдираги из қолдирмайди.
Технологиянинг асосий афзалликлари қуйидагилардан иборат:
- Ҳар қандай об-ҳавода кўринади. Қоронғида, ёмғир ва туман пайтида, шунингдек, ҳўл асфальтда ҳам пиёдалар ўтиш жойи аниқ кўринади.
- Қор остида қолмайди. Қалин қор ёққанидан кейин ҳам йўл чизиғи кўриниб туради.
- Ўчиб кетмайди. Автомобиллар ғилдираги унинг кўринишига таъсир қилмайди, шунингдек, чизиқларни мунтазам қайта бўяш талаб этилмайди.
- Ҳайдовчиларга олдиндан огоҳланиш имконини беради. Пиёдалар ўтиш жойи узоқдан кўрингани сабабли ҳайдовчилар тезликни олдиндан пасайтириши мумкин.
Қайд этилишича, технологиянинг асосий мақсади пиёдалар хавфсизлигини оширишдир. Ҳайдовчилар ўтиш жойини ва ундаги пиёдаларни эртароқ пайқаш имконига эга бўлади.
Агар синов жараёнида технология турли об-ҳаво шароитларида ўзини яхши кўрсатса, бундай ёруғликли пиёдалар ўтиш жойлари Тошкентнинг бошқа туманларида ҳам ўрнатилиши мумкин.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter