Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Туркий давлатлар ташкилоти давр синовидан ўтиши керак – Алишер Қодиров

Туркий давлатлар ташкилоти давр синовидан ўтиши керак – Алишер Қодиров

«Миллий тикланиш» демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров Туркий давлатлар ташкилотининг келажаги, қардош мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорлик ва глобал таҳдидлар ҳақида фикр билдирди.

Унинг таъкидлашича, Туркий давлатлар ташкилотининг пойдевори фақат иқтисодий ёки сиёсий манфаатларга асосланмаслиги, қардош халқларнинг тарихий ва қон-қариндошлик ришталарига таяниши зарур.

«Яқин ўн йиллар ичида сиёсий манфаатлар ёки иқтисодий манфаат учун бирлашганларнинг тарқалишини кузатамиз. Бундай боғлар вазифасини бажарганидан кейин узилади, лекин қондошлик боғи вақтинчалик эмас, у манфаатларга қараб бор-йўқ бўлиб қолмайди», – деб ёзди Қодиров.

Унинг фикрича, дунёдаги геосиёсий ўзгаришлар шароитида туркий давлатлар фақат ўзаро манфаатлар учун эмас, балки тарихий яқинлик туфайли ҳам бир-бирини қўллаб-қувватлаши керак.

«Яқин юз йилда заифлар йўқ бўлиб кетади, биз йўқ бўлиб кетмаслик учун бирлашишга мажбурмиз», – дея таъкидлади сиёсатчи.

Қодиров бундан юз йил аввал туркий халқлар бир-бирига интилишига қарамай, давлатларнинг заифлиги сабаб ўзаро ёрдам кўрсата олмаганини қайд этди.

Шунингдек, у туркий давлатлар ўртасидаги муносабатларда иқтисодий манфаатлардан устун турадиган тарихий ва маънавий ришталарни асраш зарурлигини билдирди.

Партия раҳбари Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркий давлатлар ташкилотининг Анқара саммитида илгари сурган ташаббусларини айнан шу мезонлар асосида чуқур ўрганиш ва амалга ошириш лозимлигини таъкидлади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг