«Ucell» қачон ўзбекча гапиради?
Яқинда «Ucell» уяли алоқа компаниясидан бир SMS хабар келди. Мана ўша хабар:
«Now communication during Umrah and Hajj is just for 3500 UZS/min. In roaming with Ucell! For more information visit: www.ucell.uz/fpc».
Гарчи инглиз тилини унча билмасам ҳам бу SMS хабардаги «Umrah», «Hajj», «roaming» сўзларидан компания умра ва ҳажга борадиган зиёратчиларимиз учун ўз роуминг хизматларини таклиф этаётганини тушундим. Ажабланарлиси шуки, компания ушбу SMS хабарини ўз мижозларига фақат инглиз тилида жўнатаяпти. Ўзбек ёки рус тилида эмас.
Шундан кейин мен ушбу компаниянинг ўз мижозларига жўнатаётган SMS хабарларини кузата бошладим. Аксарият хабарлар инглиз тилида. Яна бир қисми фақат рус тилида. Ўзбек тилида жўнатилаётган хабарлар эса фоиз ҳисобида энг кам.
Кузатишларим натижасида яна шуларни аниқладимки, бу уяли алоқа компаниясининг мижозлари ўз балансларини текширганда ҳам, интернет пакетларнинг қолдиқларини текширганда ҳам USSD кодлар орқали олинадиган турли хабарларнинг аксарияти инглиз тилида келади.
Ана шу ерда муҳтарам ўқувчиларда «Хўш, нима бўпти? Инглиз тилида жўнатса қайтага яхши-ку, одамлар инглиз тилига ҳам кўзлари ўрганиб бораверади» деган фикр туғилиши мумкин. Менинг юртдошларимнинг чет тилларини ўрганишига қаршилигим йўқ. Аксинча, буни қўллаб-қувватлайман. Ўз тилини билса ва ҳурмат қилса, хоҳласа мингта тилни ўргансин. Аммо ўз тилини унутиш, менсимаслик ҳисобига чет тилларини ўрганадиганларни, чет тилларда гаплашадиганларни оқламайман.
Энди «Ucell»га қайтсак, агар бу компания ўз мижозларига жўнатадиган ҳар бир SMS хабарини ўзбек тилида йўллаб, орқасидан рус ва инглиз тилларида ҳам жўнатса, асло қаршилигим йўқ. Аксинча, буни қўллаб-қувватлайман. Аммо мамлакатимизда давлат тили ўзбек тили бўлгани ҳолда бу компания муҳим хабарларни фақат инглиз тилида жўнатишини оқлаб бўлмайди.
Энди ўша умра ва ҳажга борувчиларга арзон нархларда роуминг хизматини кўрсатиш ҳақидаги хабарга келсак, умра ва ҳажга борадиганларнинг кўпчилиги инглиз тилини мутлақо билмайди. Шундай экан, компания нимага асосланиб бу хабарни мижозларига инглиз тилида жўнатаяпти? Ёки бундан бошқа кўпгина SMS хабарлар ҳам инглиз тилида жўнатилаяпти. Буни ким назорат қилади? Агар кимдир назорат қилса, нега бу компанияга тилимизга қилаётган ҳурматсизлиги учун ҳеч ким чора кўрмайди?
Умуман олганда, мамлакатимизга кириб келадиган халқаро компания ва фирмаларга ўз маҳсулотлари қадоғида ёки хизмат кўрсатганда халқаро тиллар билан бирга ўзбек тилидан ҳам албатта фойдаланишни қатъий талаб қилиб қўйишимиз керак. Шуни унутмайликки, тилимизни ўзимиз ҳурмат қилмасак, чет элдан келаётганлар умуман ҳурмат қилмайди.
P.S.: Ушбу мулоҳазаларни қоралаб қўйганимга бир ойдан ошди. Телефонимга «Ucell» компаниясидан фақат инглиз тилида ёзилган хабарлар келиши ҳамон тўхтагани йўқ.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter