Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Уйма-уй юриш орқали 2 миллиондан ортиқ хонадон муаммоси ўрганилди

Уйма-уй юриш орқали 2 миллиондан ортиқ хонадон муаммоси ўрганилди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 17 январдаги «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5633-сонли Фармони ва 8 январдаги «Ҳудудларни комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича секторлар фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ-4102-сонли қарори талаблари асосида белгиланган вазифалар амалга оширилмоқда.

Секторлар фаолиятини мувофиқлаштириш ва самарадорлигини янада ошириш мақсадида секторларнинг «туман (шаҳар) – вилоят – республика» асосида уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда фаолиятини назорат қилиш бўйича ҳокимликлар, прокуратура, ички ишлар ва солиқ идораларида вертикал бошқарув тизими жорий этилди.

2019 йил 1 февралдан бошлаб муаммоларни уйма-уй юриш орқали аниқлаш ва ҳал қилишни янги тизимига асосан Халқ қабулхоналари, секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар вакилларидан иборат ишчи гуруҳлар ташкил этилиб, республика ҳудудларидаги барча туман ва шаҳарлар секторларида ўрганишлар ўтказилмоқда. Аҳоли муаммоларнинг ўрганилиши ҳамда уларнинг ўз вақтида ечими топилиши бевосита Президент Администрацияси томонидан назоратга олинган.

Жорий йилнинг апрель ҳолатига Республика бўйича жами 2,6 млн. дан ортиқ хонадонлар ўрганилиб, муаммоси мавжуд бўлган 261,2 мингта хонадонда яшовчи фуқаролар билан ўтказилган суҳбатлар натижасида 273,4 мингта турли йўналишдаги масалалар аниқланган.

Аниқланган муаммоларнинг энг кўпи бандлик (19,9%), суюлтирилган газ (газ баллон) етказиб бериш (16,4%), соғлиқни сақлаш (9,9%), уй-жой (9,8%), банк кредити (5,8%), моддий ёрдам (5,7%), кадастр (4,1%), ичимлик суви (2,9%), электр энергия таъминоти (1,9%), табиий газ (1,6%), паспорт (1,3%), мактабгача таълим (1,6%) билан боғлиқ масалаларга тўғри келади.

Жойларда уйма-уй юриш натижасида аниқланган аҳолини қийнаб келаётган муаммоларни сектор раҳбарлари, Халқ қабулхоналари ва бошқа ташкилотлар ходимлари биргаликда ҳал этиш чораларини кўрмоқда.

Мисол тарзида Фарғона вилояти Қўқон шаҳарида олиб борилган ҳайрли ишларни келтирсак бўлади. Хусусан, 21 та маҳалладаги ички йўлларда 1,8 км. асфальт ётқизилди, 3 100 метр ички йўллар таъмирланди. Умумфойдаланувдаги автомобиль йўлларининг 450 кв. метри таъмирдан чиқарилди. Мазкур мақсадлар учун 1,7 млрд. сўм сарфланди.

Аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш сифатини яхшилаш мақсадида 3150 метр ичимлик суви тармоғи тортилиб, 80 та кўп қаватли уйда сув босими яхшиланди. 2 572 метр канализация тармоғи янгиланди.

Шунингдек, газ босими паст бўлган 27 та маҳалла фуқаролар йиғинининг газ босими яхшиланди, 52 та маиший газ баллони тарқатилди ва аҳоли эҳтиёжига кўра 28.3 тонна суюлтирилган газ етказилди. Кам таъминланган оилаларга 15 та газ ҳисоблаш ускунаси ўрнатилди.

Электр таъминотини яхшилаш мақсадида 8 та ТП ўрнатилди, 450 та таянч келтирилиб, 119 таси ўрнатилди, 5 км. СИП проводлар тортилди, жами қурилиш ишларига 2,4 млрд. сўм сарфланди.

Шаҳардаги 39 та кўп қаватли уйнинг том, фасад, ертўла ва кириш йўлакларини таъмирлаш, атрофини ободонлаштириш, болалар майдончаларини қуриш ишларига 1,4 млрд. сўм маблағ сарфланди.

Уй-жойга муҳтож бўлган шаҳар аҳолисини уй билан таъминлаш мақсадида 24 та 1100 квартирали кўп қаватли арзон уйлар қурилиб, ўзи эгаларига топширилди.

Аҳолининг саломатлигини тиклаш ва муҳофаза қилиш ишлари ҳам диққат-эътиборда. 14 241 нафар фуқаро тўлиқ тиббий кўрикдан ўтказилди. Уларнинг 607 нафарини ногиронлар, 1112 нафарини пенсионерлар, 2289 нафарини кам таъминланган эҳтиёжманд фуқаролар ташкил қилади. Касаллик аниқланган 3 346 нафар фуқаро амбулатор, 122 нафари шифохонага даволанишга ётқизилди, 23 нафари вилоят ва 3 нафари республиканинг ихтисослаштирилган шифохоналарига жўнатилди. Шу билан бирга 59 нафар фуқарога нафақа тайинланди.

Албатта, уйма-уй юриш орқали муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган ушбу тизим давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларининг халққа яқин кўмакчи бўлишига, аҳоли билан тўғридан тўғри мулоқотни кучайтириш, фуқароларнинг ҳаётий муаммо ва эҳтиёжларини ҳал этиш, секторлар доирасида ишларни ташкил этиш сифатини оширишга кенг имкониятлар яратади.

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг