Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Валюта бозорида талаб ва таклиф кескин ошди – Марказий банк

Валюта бозорида талаб ва таклиф кескин ошди – Марказий банк

Марказий банк 2026 йилнинг январ–май ойлари бўйича ички валюта бозори шарҳини эълон қилди. Унга кўра, мамлакатда чет эл валютасига бўлган талаб ва таклиф сезиларли даражада ошган бўлса-да, миллий валюта курси нисбатан барқарор сақланиб қолган.

Маълумотларга кўра, йилнинг дастлабки беш ойида юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасига бўлган жами талаби 25,7 миллиард долларни ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 20,1 фоизга юқори.

Шу жумладан, корхоналар томонидан 20,2 миллиард долларлик валюта харид қилинган бўлса, аҳоли 5,5 миллиард доллар миқдорида чет эл валютасини сотиб олган.

Айни вақтда валюта таклифи ҳам ўсишда давом этган. Ҳисобот даврида бозорга жами 22,3 миллиард доллар таклиф қилинган бўлиб, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 28,6 фоиз ёки қарийб 5 миллиард долларга кўпдир.

Марказий банк маълумотларига кўра, беш ой давомида аҳоли тижорат банкларига 10,2 миллиард доллар сотган. Юридик шахслар томонидан сотилган валюта ҳажми эса 12,1 миллиард долларни ташкил этган.

Шу билан бирга, валюта бозоридаги юқори фаолликка қарамасдан, миллий валюта курси нисбатан барқарор қолган. Январ–май ойларида доллар курси 11 938 сўмдан 12 320 сўмгача бўлган диапазонда ҳаракатланган ва йил бошига нисбатан деярли ўзгармаган.

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, ушбу даврда доллар курсининг ўртача кунлик тебраниши 30 сўм ёки 0,25 фоизни ташкил этган.

Мутахассислар фикрича, валюта таклифининг ўсиши, аҳоли ва бизнеснинг банклар орқали валюта операцияларини фаол амалга ошираётгани ички валюта бозоридаги барқарорликни таъминлашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг