ХДП: Тошкентда пуллик парковка учун жарима жорий этиш қонунга зид
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент шаҳрида пуллик автотураргоҳлар учун тўлов қилмаган ҳайдовчиларга маъмурий жарима жорий этиш бўйича таклифни танқид қилди.
Партия баёнотида таъкидланишича, мазкур лойиҳани бир қатор ҳуқуқий асосларга кўра қабул қилиб бўлмайди.
ХДПнинг қайд этишича, аввало, Конституциянинг 98-моддасига мувофиқ, Тошкент шаҳар ҳокимлиги қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга субъект ҳисобланмайди. Шу боис кодексларга ўзгартиш киритиш бўйича қонун лойиҳасини ҳокимлик ташаббус қилиши мумкин эмас.
Партиянинг фикрича, пуллик парковка учун тўлов муносабатлари ҳайдовчи ва хусусий оператор ўртасидаги фуқаролик-ҳуқуқий муносабат ҳисобланади. Агар тўлов амалга оширилмаса, уни маъмурий жарима орқали эмас, балки қонунчиликда белгиланган тартибда суд орқали ундириш лозим.
Шунингдек, баёнотда давлатнинг маъмурий жазо чоралари хусусий компания даромадини таъминлаш воситасига айланмаслиги кераклиги таъкидланган.
ХДП яна бир масалага эътибор қаратиб, шаҳар ҳокимлиги келтирган «пуллик парковкадан фақат 2–3 фоиз ҳайдовчи тўлов қилмоқда» деган маълумотга жамоатчиликда шубҳа мавжудлигини билдирди. Партияга кўра, шу вақтгача пуллик парковкалардан тушган маблағлар ва уларнинг давлат бюджетига ўтказилиши ҳақида очиқ маълумот тақдим этилмаган.
Баёнот сўнгида Халқ демократик партияси ижро ҳокимияти органларини аҳоли учун қулай шароит яратишга эътибор қаратишга чақирди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter