Яна «Олот воқеаси» ҳақида: кечиримлилик — фазилат, даъво қилмоқ иллат ҳам эмас!
Бухоро вилояти Олот тумани ҳокими Шерали Саломов шу тумандаги «Шуҳрат» фермер хўжалиги раҳбари Ориф Дурматовни кўпчилик олдида дўппослаб, ҳуқуқларини топтаб, ҳисоб рақамидан 25 миллион сўмни бошқа хўжалик субъекти ҳисобига ўтказишга мажбурлайди...
«Xabar.uz» мухбири ушбу ҳолат юзасидан журналист суриштируви ўтказди ва ...барча фактлар тасдиғини топди! Ҳақиқатан ҳам ҳоким фермерни 200 кишининг олдида урган. Мелиса юбориб, уйидан муҳрини олдириб келиб, ҳисобидан 25.000.000 сўмни ечдириб олган. Ўзига эътироз билдирган 73 ёшли бошқа фермерни мелисага айтиб, мажлисдан чиқариб юборган. Мазаси қочган фермерга ёрдам бериш ўрнига хўроз уч марта қичқиргунча ҳокимликда ушлаб ўтирган. Калтакланган фермерни ўғли ярим тундан кейин касалхонага олиб борган ва ҳоказо... Ушбу оғриқли воқеанинг яна иккита нуқтасини такрор такрорлашга эҳтиёж бор:
- «Мен воқеа жойига келиб қолдим. Уларни ажратдим. Айни пайтда иш прокуратурага оширилган. Тергов жараёнларида ҳар бир масала ойдинлашади. Бироқ, ҳеч ким бировнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зиён етказишга ҳақи йўқ», деган Олот туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Анвар Ондаев.
- «Фермерлар билан бўлган аксарият мажлисларда туман ҳокими, албатта, қайсидир фермерни уради, дўппослайди. Биз «ғинг» десак, ерингни оламан, дейди. «Ноним ярим бўлмасин», деб кўпчилик фермерлар қўрқишади. Олот туманидан адолат излаш фойдасиз», деган 73 ёшли фермер Бектемир Қораев.
…Воқелик катта шоу-шувга сабаб бўлгач, Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноев Олот тумани фаоллари билан учрашди. Ҳолат муҳокама қилиниб, каттаю кичикка танбеҳ-дашном берилади ҳамда... туман ҳокими ва фермерни яраштириб қўйди. «Ориф Дурматов билан шахсан гаплашдим. Меҳнаткаш, ҳалол, мард, танти, ғурурли йигит экан. Ҳоким билан юз берган ҳолатни тўғри тушуниб, мардларча ўзини тутди. Бухорода адолатсизлик сиёсати бўлмайди», — дейди пировардида вилоят ҳокими Ўктам Барноев.
Албатта, кечиримлилик яхши фазилат. Илло даъво қилмоқ иллат ҳисобланмайди. Туман ҳокимига нисбатан фермер даъво қиладими ёки кечирадими — бу унинг ҳуқуқи, бу ёғи ўзига тан (катта эҳтимолки даъво қилмайди, ҳокимнинг бағрига босиб тушган суратлар шундан далолат бераётгандек). Бироқ айни шу воқелик ва унинг якуни тўғрисидаги хабарларни ўқиб, менинг кўнглимда қатор саволлар туғилди-да.
Аввалига Олот тумани ҳокимига юзлангим келди:
– Ҳоким жаноблари, Олот тумани аҳолиси, фермерлари сиз учун қулдайми гўё?
– «Манфаатим йўлида урмадим», дебсиз? Хўп, бу гапингизга ишондик, дейлик. Нима, ўзгаларнинг манфаати сизга зўравонлик қилиш ҳуқуқини берадими?
– «Мен бир нарсага ишонаман, келгусида ушбу фермер хўжалик раҳбари билан бошқалар қатори яна ҳамжиҳатликда, келишиб, ишлаб кета оламиз», дейишингиз лавозимингизни сақлаб қолишдан ташқари жавобгарликдан ҳам қутулиб қолишга ишорами?
– Фермернинг 25.000.000 сўми қайтариб берилдими?
Олот туман ички ишлар бўлими бошлиғи ўринбосари Анвар Ондаевга:
– Туман ҳокими сизнинг бевосита раҳбарингизми?
– Нега бир ФУҚАРОни уриб, оғиз-бурнини қонга белаган иккинчи ФУҚАРОнинг қўлига кишан уришнинг ўрнига, уларни ажратиш билан чекландингиз? Вазифангиз бошқачароқ эмасми? Сизни шундай уришса-ю, ажратиб қўйишса, нима қилардингиз?
– Ҳоким фермерни эмас, фермер ҳокимни қонига ботириб урганда-чи? Ўшандаям томонларни ажратиб қўйиш билан чекланармидингиз?
– Нега ҳоким «чиқариб ташла» деган фермерларни чиқариб ташлаган ходимингиз ҳақида гапирмайсиз?
– «Ҳеч ким бировнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларига зиён етказишга ҳақи йўқ» дебсиз, бу мажбурият оддий халққа тегишли бўлиб, раҳбарлар истисноми?
Бухоро вилояти ҳокимига:
– Ҳоким фермерни эмас, фермер ҳокимни боплаб дўппослаганда ҳам уларни яраштириб қўярмидингиз?
– «Фермер ҳалол, мард, танти, ғурурли йигит экан. Ҳоким билан юз берган ҳолатни тўғри тушуниб, мардларча ўзини тутди», дебсиз. Унинг шу мардлиги, чизган чизиғингиздан чиқмагани сизга ёққан бўлса, эҳтимол? «Йўқ, қонун бўйича чора кўрилсин, мен ҳам одамман», деганида у номард, нотанти, ғурурсиз бўлармиди?
– «Олот туманидан адолат излаш фойдасиз», деган ва бу сўзлари ОАВга чиқиб кетган 73 ёшли фермернинг тақдири нима бўлади? Унгаям бир адолатингизни кўрсатиб қўясизми ёки Олот ҳокимининг ўзи кўрсатиб қўя қоладими? Ўша фермернинг гапи туман ҳокимининг аслида қандай раҳбар эканини кўрсатмаяптими? Нима, битта фермернинг узри туман ҳокимидан жабр кўргани эҳтимоли катта бўлган бошқа фермерлар учун ҳам «ҳисобга ўтаверадими»?
Шу ўринда Бош прокуратурага ҳам саволлар сероб-у биттасини айтиш билан чекланаман: «Ушбу ҳолатнинг ҳуқуқий ечими қандай? Халқ кутяпти, ахир?!»
Провардида таъкидлагим келди: ҳаммаси «яраш-яраш» билан тугаётганига қарамай, «даъво қил, ҳуқуқинг бор, кўрсатиб қўй ҳокимга!» дея фермерни гиж-гижлаш эмас мақсад. Такрор айтамиз – бу фермернинг ҳуқуқи! Айрим раҳбар шахсларнинг зўравонлиги, оғзи полвонлиги биринчи бор учраётгани йўқ. Бу нарса иллат тусини олиб улгурганки, бунга кескин чора кўриш пайти аллақчон етган. Битта узр билан қутулиб кетиш эса яна шу каби ҳолатлар такрорланмаслигига кафолат эмас. Гап шун-да!
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter