Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Янги тафсилотлар: Элла Острогожская собиқ молия вазири билан тил бириктириб, давлат раҳбарига ёлғон ҳисобот бериб келган

Янги тафсилотлар: Элла Острогожская собиқ молия вазири билан тил бириктириб, давлат раҳбарига ёлғон ҳисобот бериб келган

Ўзбекистон Республикаси молия вазирлиги

Фото: «UzDaily.uz»

Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг расмий сайтида «Ватанга садоқат, халққа муносабат шуми?» сарлавҳали мақола эълон қилинди. Унда шу йилнинг 22 декабр куни Президент Шавкат Мирзиёев томонидан қаттиқ танқид қилинган Элла Острогожская ҳақида янги тафсилотлар ошкор этилади.

Мақола муаллифи Абубакр Ўрозов «Элла Острогожская аслида ким бўлган?» деган саволга жавоб излар экан, ижтимоий тармоқларда Элла Острогожскаянинг ақл бовар қилмас даражада «ўзлаштириб юборилган» маблағлари ва унинг чет элда ўқиб, ўша ерда яшаб қолган фарзанди, шунингдек, унинг чет давлатларда мулклари борлиги ва бошқа мамлакат фуқаролигига ҳам эга экани ҳақидаги маълумотлар кенг тарқалгани, бироқ унда бу фактларни тасдиқловчи маълумотлар йўқлигини маълум қилади.

ЎзА мухбирига маълум бўлган расмий маълумотларга кўра, Элла Острогожская кўп йиллар Молия вазирлигининг давлат бюджети бош бошқармасининг бошлиғи лавозимида ишлаган. Фаолияти давомида мамлакатимиз иқтисодиётига ва давлат бюджетига катта зарар етказган. Ўзини хон, кўланкасини майдон, деб ҳисоблаган бу амалдор бюджет профицити кўрсаткичларини сохталаштириш, бу орқали эса сохта обрў-эътибор қозонишга ҳаракат қилган.

Мақолада ёзилишича, Молия вазирлигининг собиқ мулозими ҳар йили ҳисобот йилининг 15 декабридан бошлаб бюджет ташкилотлари бўйича барча турдаги харажатларни, жумладан, озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарурий тўловларни сунъий тўхтатиб қўйган. Собиқ вазир билан тил бириктириб, давлат раҳбарига ёлғон ҳисобот беришни одатий ҳолга айлантирган.

Оқибатда ҳудудларнинг режадан ошириб бажарган даромадлари республика бюджетига мажбуран олиб қўйилган. Уларнинг устидан ҳукм ўтказиб, бош эгиб келмагунча эркин маблағлар қолдиғи уларнинг ихтиёрига қайтариб берилмаган.

Вазият шу даражагача етиб борганки, Э.Острогожская собиқ вазир ва ходимлар бошқармасининг собиқ бошлиғи билан тил бириктириб, вазир ўринбосарларига ҳам тазйиқ ўтказа бошлаган. Ўзига ёқмаганларнинг лавозимини пасайтирган ёки уларни ишдан бўшатган. Биргина мисол: ҳудудларнинг молиявий ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилган вазир ўринбосарларидан бирини дастлаб жамғармага, кейинчалик энг қуйи бўғинга ишга юборган. Бугунги кунда ҳақиқат қарор топиб, Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан мазкур шахс муносиб лавозимга тайинланди.

Муаллиф сўнгги йиллар мобайнида давлат бюджети лойиҳасини тайёрлашда халқимизнинг энг зарур эҳтиёжлари умуман ҳисобга олинмаганини таъкидлайди ва сўзларини қуйидаги маълумот билан далиллайди:

— 2016 йилги Давлат бюджетида тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун бор-йўғи 483 сўм кўзда тутилган. Мамлакатимиз бўйича дори-дармон ва тиббиёт воситаларига 229 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бу рақамларни таққослаш учун 2018 йилги Давлат бюджети параметрларида тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун 5 000 сўм ёки дори-дармон ва тиббиёт воситаларига 915 миллиард сўм (4 баравар кўп) режалаштирилганлигини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Энди тасаввур қилинг, тез тиббий ёрдамнинг бир чақируви учун 483 сўм белгилаган бу «жонкуярлар» наҳотки кетадиган ҳақиқий харажатларни ҳисобга олмаган бўлса? Битта шприц ёки бинт ҳам бундан қиммат-ку?! Техника харажатлари, шифокорнинг бир кунлик меҳнатини ким қоплайди?! Аслида тез тиббий ёрдамга чақирилган шифокорларнинг кўзингизга қараб туришига, жамиятимизда коррупцияга йўл очган шахслар шулар эмасмикан?!

Мақола «Бу ҳали бир соҳанинг бир йўналиши. Энди қолганларини ўзингиз тасаввур қилаверинг! Юқорида айтганимиздек, кўза кунда эмас, кунида синади. Халқига, Ватанига хиёнат қилганлар ҳеч қачон узоққа бормайди», дея тамомланади.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 22 декабр куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзоларига мурожаат қилган Президент Шавкат Мирзиёев Молия вазирлиги 20 йил давомида Острогорский (яъни Элла Острогожская)га ўхшаган ноинсофлар қўлида бўлганлиги, уни ўзи ишдан ҳайдаганини, шунга қарамай вазирлик ҳисоботларида ҳалигача Острогорскийнинг ҳиди борлигини таъкидлаган эди.

Мавзуга доир: Шавкат Мирзиёевнинг ғазабига дучор бўлган Острoгорский ким?

Президент нутқида Острогорский (яъни Элла Острогожская) тилга олинган ўринлар:

«Ақлли молия вазири бўлсанг, ўйла, ноинсоф, атрофингдагиларни ҳаммасини ҳайдавор. Қўчқоров шу ердами? Мен сизларнинг олдингизда айтяпман, агар бир ой ичида ўзгариш қилмаса, ишдан оламан. Менга бунақа молия керак эмас. Молияда ўтирганларнинг ҳаммасини ҳайдайди. Битта Острагорский деган ноинсофни ҳайдаганман, ҳалиям унинг ҳиди келиб турибди».

* * *

«Мана битта мисол: ўтган 2016 йил якуни бўйича Қорақалпоғистонда маҳаллий бюджетга бир сўм ҳам пул қолмаган. Бир сўмниям бермаган Острогорский-Мастрогорский-Састрагорский-Гастрогорский деган бир команда бор. Фақат мендан қўрқарди улар, ҳозир ҳаммасини ҳайдавордим. Яна 2-3таси қолган энди. Мана бу йил: бюджетни ҳамма тушумларини бажарди Қорақалпоғистон, 90 миллиард пул ўзига қоляпти — битта ҳудудда! Нимага? Олдин ишлаган ҳам бир эди ишламаган ҳам бир эди. Нега десангиз, туман ҳокими ўзини молиячиси, иқтисодчиси бўлгани билан, у пул тушган билан унга тушмайди-ку, Острогорскийга тушади. Сув йўқ, газ йўқ, больница йўқ, детсад йўқ, иссиғлиқ йўқ. Острогорский биладими Қорақалпоғистондаги шароитни. Острогрскийга ўхшаганлар яшаганми Қорақалпоғистонда?

* * *

«Кечаги сенатдаги муҳокама мени кўп нарсада ўзгартирди. Биз фақат одамларга гап гапиришга бермаймизда. Агар гапиришга берганимизда, улар жаноб Қўчқоровга керак бўлса бошқа таклиф берарди. Нимага бу ерга тайёргарлик қилмасдан келди, деганларингизда, мен сизлардан рози бўлардим. Мен кеча жуда чуқур кўрдим, лекин норози бўлдим, Қўчқоров тайёргарлик қилиб бормаган. Нега десангиз, пастдаги ўтирган Острогорский дегани ёзиб берган, бу кўтариб сизларга оборган. Бундан кейин ўзим кўраман бюджетни. Лекин мен сизларга айтаман — сизларга маъқул бюджет чиқади».

«Sputnik»нинг маълум қилишича, Интернет маконида Острогожская фаолияти таҳлилига бағишлаб мақола ёзган О.Абдусалимов амалдор томонидан ақл бовар қилмас даражада «ўзлаштириб юборилган» маблағлар, ва унинг чет элда ўқиб, ўша ерда яшаб қолган фарзанди ҳақида баён этар экан, шундай дейди: бундай вақтда адолатли савол туғилади, ўз келажагини Ўзбекистон билан боғламаслиги кундек равшан бўлиб турган бу сингари одамлар қай тарзда Ўзбекистоннинг иқтисодиёт, мудофаа мажмуаси ва куч тузилмаларидаги энг муҳим жабҳаларнинг молиявий таъминотини назорат қилмоқда? Молиянинг «оддий» амалдорлари қимматбаҳо мулклар учун пулни қаердан олди ва уларга бошқа мамлакатларнинг фуқаролиги нима учун керак? Ўзбекистоннинг 20 йилдан ортиқ мустақиллиги даври давомида молия-иқтисод соҳасида малакали миллий кадрларни тайёрлаш имкони бўлмаганига ишониш қийин. Бундай кадрлар кўтарилишга имкон беришмаётган бўлса керак. Уларни маъмурий-жамоавий методлар қўллаш орқали маблағларни бошқаришга одатланганлар янчиб келмоқда. Бундайларнинг даври эса аллақачон ўтмишда қолган».

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг