Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Япон элчиси сўз берди

Япон элчиси сўз берди

Содиқ Сафоев ва Такаши Ҳатори.

Фото: Cенат матбуот хизмати

Япониянинг Ўзбекистонда янги тайинланган фавқулодда ва мухтор элчиси Такаши Ҳатори Олий Мажлис палаталари раҳбарияти билан учрашди. Ўзаро музокараларда парламентлараро ҳамкорлик икки давлат муносабатларини ривожлантиришнинг асосий йўналиши экани таъкидланди.

Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ва  Япония элчиси Такаши Ҳатори учрашувида парламентлар ўртасидаги дўстлик гуруҳлари фаолиятини янада такомиллаштириш, ўзаро ташрифларни амалга ошириш лозимлиги қайд этилди.

Шунингдек, суҳбат чоғи икки мамлакат ишбилармон доиралари  ва йирик компаниялари ўртасида амалга оширилаётган сармоявий лойиҳаларни янада ривожлантириш мақсадида аниқ дастурларни ишлаб чиқиб, амалиётга татбиқ этиш борасида якдил хулоса айтилди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг биринчи ўринбосари Акмал Саидов ва Япония элчиси Т.Ҳатори музокарасида эса нафақат парламентлараро, балки бошқа соҳа ва йўналишлар равнақи йўлида зарур чора-тадбирларни амалга оширишга келишилди.

Япон дипломати икки давлат ўртасидаги анъанавий ва барқарор ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлида бор куч-ғайратини сафарбар этишга сўз берди.

Эслатиб ўтамиз, Кунчиқар ўлканинг мамлакатимиздаги янги элчиси Такаши Ҳатори 2022 йил 5 декабрь Ўзбекистон ташқи ишлар вазирига ишонч ёрлиғи нусхасини топширди.

Аввал хабар берганимиздек, 2022 йил 24 декабрь куни Токио шаҳрида Ўзбекистон ва Япония ташқи ишлар вазирлари Владимир Норов ҳамда Ёcимаса Ҳаяши учрашди. Япон томони Ўзбекистонга ҳукумат томонидан суверен кафолатларсиз тўғридан-тўғри инвестицияларни кенгайтиришга шай эканини билдирди.

Маълумотларга кўра, биргаликдаги саъй-ҳаракатлар туфайли ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 30 йил ичида 230 баробар ўсган. Япония ҳукуматининг имтиёзли кредит ва грантлари асосида энергетика, кимё, нефть-кимё, инфратузилма, қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш ва таълим соҳаларида қиймати 7 миллиард доллардан зиёд бўлган ўнлаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг