Япония Ўзбекистонга замонавий тиббий ускуналар тақдим қилди
Япония ҳукумати иқтисодий ва ижтимоий тараққиётга беғараз кўмак кўрсатиш дастури доирасида Ўзбекистонга тиббий-диагностика ускуналари тақдим қилди. Ускуналарни топшириш маросимида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, Япониянинг мамлакатимиздаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ёшинори Фужияма ҳамда юртимизда меҳмон бўлиб турган Япония парламенти Вакиллар палатаси аъзоси Кейдзи Фуруя иштирок этди.
Япония элчихонаси матбуот хизмати хабарига кўра, умумий қиймати 500 млн иенани (қарийб 4,6 млн АҚШ доллари) ташкил этувчи беғараз кўмакка доир Алмашув нотаси 2020 йилнинг июнида, дунё коронавирус пандемияси деб аталган офатга дуч келган пайтда имзоланган эди.
Дастур доирасида тиббий муассасаларга компьютер томографияси учун учта сканер ҳамда илғор технологиялар асосида ишлаб чиқарилган мобил тиббий контейнер тақдим этилмоқда.
Компьютер томографияси учун сканерлар коронавирус инфекцияси ҳамда бошқа оғир хасталикларга ташхис қўйишда асқатади. Энг сўнгги тиббий жараёнларни ҳисобга олган ҳолда тайёрланган мобил контейнер эса чекка ҳудудлар аҳолисига кўмак кўрсатиш, хусусан, фавқулодда ҳолатларда тезкор ёрдамда қўл келади. Япон технологиялари тиббий хизмат сифатини ошириш ҳамда фавқулодда вазиятларда тезкор кўмак тизимини такомиллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, жорий йил февраль ойида Япония элчиси Ёшинори Фужияма ҳамда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев Қорақалпоғистон тиббиёт институти қошидаги клиникада хизмат сифатини оширишга қаратилган лойиҳа бўйича Алмашув нотасини имзолаган эди. Лойиҳа доирасида тиббий муассасага 794 миллион иена (7,35 миллион АҚШ доллари) миқдорида тиббий ускуна ва ўқув материаллари етказиб берилиши кўзда тутилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter