Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Япон таълим мўъжизасининг сири нимада? Токиодаги мактаб директори билан суҳбат

Япон таълим мўъжизасининг сири нимада? Токиодаги мактаб директори билан суҳбат

Мактаби директори Юичи Ҳашимото.

Фото: Xabar.uz

Япония таълим даражаси бўйича дунёда пешқадам давлатлардан саналади. Халқаро тадқиқотлар, хусусан, PISA кўрсаткичларига кўра, япониялик ўқувчилар математика ва табиий фанлар бўйича барқарор равишда дунё бешлигидан ўрин олиб келади. Xabar.uz мухбири Кунчиқар ўлкага сафари давомида Токио шаҳри Минато туманидаги Азабу бошланғич мактаби директори Юичи Ҳашимото билан таълим жараёни ҳақида суҳбатлашди.

  “Японияда ўқитувчилар императорга хос ҳурмат, дипломатга хос дахлсизлик ва вазирга хос маош билан сийланади”, дейишади.  Шу ростми?

– Ҳойнаҳой, рамзий маънода айтилган гап бўлса керак бу. Албатта, япон халқи ўқитувчиларга кўплаб касб-кор эгалари қаторида юксак ҳурмат кўрсатади.

Мухбир изоҳи. Япония таълим тизими бошланғич (6-12 ёш, 1-6-синф), ўрта (12-15 ёш, 7-9-синф) ҳамда юқори (15-18 ёш, 10-12-синф) босқичларга бўлинади. Мамлакат бўйича 18822 та бошланғич мактаб мавжуд. Бошланғич мактабларда 5,94 миллион ўқувчи таҳсил кўради, 430 минг нафар муаллим фаолият юритади.

Азабу мактаби 150 йиллик тарихга эга. Фото: Xabar.uz

– Япон мактабида бирламчи мақсад нима: таълимми ёхуд тарбия?

– Биз ўқувчиларга фақат билим бериш билан чекланмай, тарбияни ҳам бақамти олиб боришга ҳаракат қиламиз. Зеро, чинакам инсон бўлиб шаклланишда мактаб даври муҳим ўрин тутади. Биз ўқувчи ҳам академик билим олиши, ҳам жамиятнинг интизомли, масъулиятли аъзосига айланиши учун қўлимиздан келганча жидду жаҳд кўрсатамиз.

Япония Конституцияси 26-моддасига кўра, мактаб таълими бепул бўлиб, ўқувчилар текин дарслик билан ҳам таъминланади. 

– Япония таълими деганда тасаввуримизда илғор технологиялар жонланади. Бошланғич таълимда қандай илғор усуллар қўлланади? Сўнгги беш йилда рақамлашув таъсирида ўқув жараёнида қай тариқа ўзгарди?

– Таълимда ахборот-коммуникация технологияларидан фаол фойдаланамиз. Ҳар бир ўқувчи планшет билан таъминланган, синфхоналарда проектор ўрнатилган. Ноутбук эса ўқитувчиларнинг доимий ҳамроҳи дейиш мумкин. Технологиялар дарсни теран тушунишга кўмак беради. Электрон дарсликлар ҳам истифода этилади.

Дунёда рақамлашув ютуқларини таълимда қўллашни ёқловчилар ҳам, қораловчилар ҳам бор. Фикримча, рақамлашувнинг мақбул, манзур усулларини мактаб таълимида қўллаш керак, албатта.

Япония ҳукуматининг GIGA (Global and Innovation Gateway for All) дастурига мувофиқ, ҳар бир ўқувчи тегишли техник қурилма, ҳар бир мактаб эса юқори тезликдаги интернет билан таъминланган. Ушбу мақсадда 4,6 миллиард доллардан зиёд маблағ ажратилган.

Планшет – ўқувчининг яқин дўсти, содиқ ҳамроҳи. Фото: Xabar.uz

– Ўқувчилар мактаб ҳудудида уяли телефондан фойдаланадими?

– Йўқ, ўқиш пайти смартфондан фойланишмайди. Аммо ота-оналари билан мулоқотда телефон зарур бўлади, албатта.

Азабу бошланғич мактаби пойтахт марказида жойлашган бўлиб, ўқув муассасаси ҳудуди қўриқланади. Ўқувчилар мактабга доимий яшаш манзили бўйича қабул қилинади. Мақсад аниқ: мактаб ўқувчининг уйига қанча яқин бўлса, бориб-келиши шунча осон ва хавфсиз бўлади.

– Ўқувчилар мактабга киришда телефонини мажбуран топширадими?

– Бундай амалиёт йўқ. Аммо ўқувчиларимиз мактаб ҳудудида фақат фавқулодда ҳолатларда, ота-онаси билан гаплашганда телефондан фойдаланиш мумкин экани, қолган вазиятларда бу номақбул эканини яхши билишади.

Японияда хусусий мактаблар ҳам талайгина. Аммо хусусий мактаб ҳар доим ҳам давлат мактабига нисбатан устун мавқе касб этмайди.

– Бугун ижтимоий тармоқлар болаларни оҳанрабо каби ўзига тортмоқда. Бундай вазиятда ўқувчилар диққат-эътиборини дарсга жалб этиш осон кечмаётгандир?..

– Испания, Австралия каби давлатларда вояга етмаган болаларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланиши қонун йўли билан тақиқланди. Бизда бундай муҳокамалар ҳозирча бўлмади. Аммо биз педагоглар болаларга ижтимоий тармоқларга муккадан кетишнинг салбий жиҳатларини тушунтиришга интиляпмиз. Тармоқларнинг мусбат ва манфий жиҳатларини инобатга олиб ҳаракат қилиш оқилона йўлдир.  

Японияда мактаб ўқув йили 1 апрелдан, яъни айни сакура оғочи гуллаганда бошланади. Ўқув йили уч триместрдан иборат бўлиб, баҳор ва қишда қисқа, ёзда эса бир ойлик таътил берилади.

Соғ танда соғлом ақл. Фото: Xabar.uz

– Узоқ йиллардан бери мактабда ишлаб келаётган педагог сифатида сўнгги ўн йил мобайнида ўқувчилар хулқ-атворида рўй берган қандай ўзгаришларни алоҳида таъкидлаган бўлардингиз?

– Дейлик, ўн йил олдин Японияда ўқувчилар планшетдан кўп фойдаланмас эди. Бу қурилмалар коронавирус пандемияси даврида жуда оммалашди. Дастлабки паллаларда планшет етишмас, интернет сифати ҳаминқадар эди. Аммо вақт ўтиб бари изга тушди, технологияларда фойдаланиш билим олиш уфқларини кенгайтирди.

Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) тадқиқотларида япон ўқувчиларининг ўзига ишончи сусайгани қайд этилган эди. Биз айни пайтда ушбу кўрсаткични ошириш йўлида изчил чоралар кўрмоқдамиз ва  вазият ўнгланиш томон кетмоқда. 

– Япон мактабларида фаррош йўқ ва ўқувчилар синфхоналарни ўзлари тозалашади деб ўқиган эдим. Бу ёш авлодда меҳнатсеварлик фазилатини шакллантиришга кўмак берса керак?

– Ўқувчиларнинг синфхонани ўзи тозалаши Японияда кенг тарқалган одат. Бизнинг қарашларимизга кўра, ҳар бир инсон ён-атрофини озода, ораста тутиши лозим. Ўқувчилар ҳам бундан мустасно эмас. Эҳтимол, бошқа давлатларда болаларнинг тозалик юмушлари билан машғул бўлиши ноодатий ҳолдир. Япониялик бейсбол юлдузи, АҚШдаги “Los Angeles Dodgers” жамоаси аъзоси Сёҳэй Отани ўйин майдонидаги чиқиндини ўз қўли билан тозалаб, икки карра мухлислар меҳрини қозонди. Спортчи бадавлат эканига қарамай, озодалик одатини канда қилмайди. Бу японча тарбия маҳсулидир.

Шу ўринда футбол мусобақаларидан кейин япониялик мухлислар трибуналарни тозалаб, ҳатто чиқиндиларни олиб кетиши ёдга келади. Демак, японлар дунёнинг қай буржида бўлмасин, сут билан кирган бу одатга содиқ қолади.

– Япон ўқитувчилари бугун қандай қийинчиликларга дуч келмоқда?

– Ота-оналар билан муомала-муносабат хамирдан қил суғургандек осон кечмайди. Нораво талаб қўядиганр ота-оналар ҳам учраб туради. Бундай вазиятда “аччиқни аччиқ кесар” қабилида иш тутиш ярамайди. Биз педагоглар оғир, вазмин бўлганимиз маъқул.

Мактабнинг мўъжаз ҳайвонот боғи. Фото: Xabar.uz

– Ота-оналарнинг ўқитувчиларга қўл кўтариши ёки ҳақорат қилиши каби ҳолатлар ҳам кузатиладими? 

– Хайриятки, ота-оналарнинг ўқитувчиларга жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказиши ҳолатлари йўқ. Бизда аксар мактаблар ўз адвокатига эга ва улар ота-оналар билан боғлиқ мураккаб вазиятларда педагогларимизга ҳуқуқий кўмак кўрсатади.  

Бошланғич мактабда таълим 6 йил давом этади. Болалар япон тили (жумладан, хаттотлик), арифметика, мусиқа, санъат, жисмоний тарбия, меҳнат каби предметлар, гуманитар ва табиий фанларни ўзлаштиради. Ҳар бир дарс 45 дақиқадан иборат.

– Япон мактабларида ўқитувчиларни маъмурий ишларга жалб этиш ҳолатлари учрайдими?

– Ўқитувчилар ваколатидан ташқаридаги маъмурий ишларга жалб этилмайди. Ўзи шундоқ ҳам педагогларда ўз устида ишлаш, маҳоратини муттасил ошириш учун вақт етишмайди. Шу боис ўқитувчиларимиз ҳатто иш вақтидан кейин ҳам билим ва малакасини ошириш, янги усул-услубларни ўрганишга ҳаракат қилади. Яъни таълим уларнинг ҳаёт мазмунига айланган. Ўзим ҳам мактаб директори сифатида ҳар куни тонгда мактаб дарвозасида туриб, ҳар бир ўқувчини салом билан қарши оламан.

– Бошланғич синфларда маънавий-ахлоқий тарбия қай усулда ўргатилади?

– Бизда этикага ўхшаш фан бор, аммо бу шунчаки одобнома эмас, балки ундан кенгроқ қамровдаги предметдир. Биринчи синфдан эътиборан ўқитиладиган ушбу фан мобайнида ўқувчилар ўзгаларга ҳурмат ва ғамхўрлик кўрсатиш, худбинликдан йироқ бўлиш, жамоат мулкидан эҳтиёткорлик билан фойдаланиш, ёлғондан ҳазар қилиш каби фазилатларга, бир сўз билан айтганда, инсонийлик хислатларига ошно этилади.

Синфхонани тозалаш, спорт мусобақалари ва биргаликдаги лойиҳалар ўқувчиларнинг жамоавий тафаккурини чархлайди. Дарсларни вақтида ўзлаштира олмаган ўқувчи дзюку, яъни қўшимча машғулотларга қатнайди.

– Японлар атроф-муҳитга ғамхўрлик, табиатга ҳурмат борасида дунёда ном чиқарган миллатлар сирасига киради...

– Албатта, ўқув жараёнида болаларда табиатга, атроф-муҳитга ҳурмат туйғусини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратамиз. Мактабимиз ҳудудида яшил ҳудуд, ҳатто сунъий ирмоқ бор. Бу ерда фарзандларимиз ўсимлик ва ҳайвонот олами билан танишадилар, бизни қуршаб турган она табиатнинг нечоғли қадр-қимматли эканини ўрганадилар. Мактабимиз ҳудудида турли дарахт кўчатлари экилган. Мўъжазгина ҳайвонот боғимиз ҳам бор.

– Мактабингизда ўқувчилар учун форма жорий этилганми? Форма интизом ва ўқув жараёнига қанчалик таъсир кўрсатади деб ҳисоблайсиз?  

– Бизнинг мактабда ўқувчилар учун форма талаби мавжуд эмас. Бу 150 йиллик тарихга эга мактабимизда эркинлик устувор қадрият деб эълон қилингани билан боғлиқ. Аммо, ўйлайманки, мактаб формаси шунчаки либос эмас, балки ижтимоий чегараларга барҳам берувчи воситадир. Чунки форма кийган ўқувчилар қандай моддий шарт-шароитда яшашидан қатъи назар, тароқнинг тишларидек баробар кўринади.

Японияни таълим жабҳасида улкан ютуқларга етаклаган омиллар талайгина. Биз бу борада қатъий интизом, боланинг жамиятга барвақт мослашуви, таълим-тарбияга эрта киришиш, ўқувчиларда танқидий тафаккурни ўстиришга алоҳида эътибор қаратилиши, ақлий, жисмоний ва руҳий камолотга эришув йўлидаги комплекс ёндашувни алоҳида таъкидлашни истардик.

Дарвоқе, япон тили курси тингловчилари орасида ўзбекистонлик қоракўз ҳам бор. Фото: Xabar.uz

– Японияда ҳар йили минглаб зилзила рўй беради. Ўқувчиларга фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш қоидалари ҳам ўргатилса керак?

– Тўғри айтдингиз, жамиятнинг кенжа авлод вакиллари ҳам табиий офатларга ҳозир бўлмоғи муҳим. Ҳар ойда бир маротаба фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш бўйича ўқув машғулотлари ташкил этилади. Зилзила, ёнғин пайти қандай ҳаракатланиш бўйича амалий сабоқлар берилади. 

– Маъзур тутасиз, андак нозик масала – муаллимларнинг маоши масаласига ҳам ойдинлик киритсангиз.

– Умуммиллий мактаблар ўқитувчилари давлат хизматчилари ҳисобланади. Давлат хизматчилари эса муносиб даражада ишҳақи олиши кўзда тутилган. Иккинчи жаҳон урушидан кейин Японияни оёққа турғизган етакчиларимиз “Мамлакат келажагининг тамали бу – таълимдир ва мактаб ўқитувчилари муҳтожлик кўрмаслиги керак” деган тамойил асосида иш тутганлар.

Япония бош вазири Ҳаято Икэда (1960–1964) киройи таълимсиз юксак иқтисодий натижаларга эришиб бўлмаслигини яхши билган. Сиёсатчи томонидан илгари сурилган миллий даромадни кўпайтириш дастурида инсон капитали сифатини ошириш учун давлат педагогларни юксак мақом ва муносиб маош билан таъминлаши кўзда тутилган эди.

– Сўнгги савол: ўқитувчилик  учун қандай талаблар қўйилади?

– Ўқитувчи сифатида фаолият юритиш учун бир қатор жиддий талаблар мавжуд. Масалан, Азабу каби бошланғич мактабда сабоқ бериш учун номзод аввало педагогика йўналишидаги ОТМда таҳсил кўриши, шунингдек, қўшимча равишда махсус лицензия олиши лозим. Ўқитувчиларнинг билим даражаси, савияси доимий назоратда, малака ошириш ҳам узлуксиз жараёндир.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг