Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Японияда сайлов: экзитполга кўра ким ғалаба қозонгани маълум

Японияда сайлов: экзитполга кўра ким ғалаба қозонгани маълум

Шу кунларда Япония бўйлаб Санаэ Такаичи тасвирини ҳар қадамда учратиш мумкин.

 Фото: Xabar.uz

8 февраль куни Японияда бўлиб ўтган навбатдан ташқари парламент сайловида амалдаги бош вазир Санаэ Такаичи бошчилигидаги Либерал-демократик партия (ЛДП) ғалаба қозоняпти, деб хабар бермоқда Xabar.uz мухбири Токио шаҳридан.

Японияда ҳам сайловнинг якуний статистикаси чиққунга қадар экзитпол натижалари эълон қилинади. Сўровлар Такаичи партияси парламентда барқарор консерватив кўпчиликни ташкил этишини кўрсатмоқда.

Kyodo News ҳисоб-китобига кўра, ЛДП янги таркибдаги қонунчилик идорасидаги 465 та ўриндан камида 243 тасини банд этади.

Маълумот ўрнида: парламентнинг қуйи бўғини – Вакиллар палатаси 23 январь куни тарқатиб юборилгунга қадар ЛДП 196 та мандатга эга эди.

NHK эса янада умидбахш рақамларни башорат қилмоқда: Такаичи партияси 274-328 та мандатни қўлга киритади.

Умумий ҳисобларга қараганда, ЛДП иттифоқчиси Япония инновация партияси билан қонунчилик идорасидаги 300 дан зиёд депутатлик курсисини банд этади. 

Японияда сайлов анъанавий равишда йилнинг қулай фаслларида ўтказилади. Аммо бу галги навбатдан ташқари сайлов сўнгги 36 йилда қиш фаслига тўғри келади. 8 февраль куни ҳаво ҳарорати паст экани ва мамлакатнинг турли ҳудудларида кучли қор ёғаётганига қарамай, электорат овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланишга ҳаракат қилди.

Мамлакат бош вазири Санаэ Такаичи ҳукуматга келганидан уч ой ўтиб, жорий йил 23 январь кунидан эътиборан парламентни тарқатиб юборган ва муддатидан олдин сайлов ўтказилишини эълон қилган эди.

Муддатидан олдин сайлов орқали Санаэ Такаичи парламентдаги ўз коалицияси кўпчилик ўрин эгаллаши, шу орқали сиёсий дастурини амалга татбиқ этиш учун умумхалқ маъқулловига эришишни кўзламоқда.

“Мен ушбу сайловга бош вазир сифатидаги ўз сиёсий истиқболимни тикмоқдаман. Жамоатчилик мамлакат бошқарувини менга ишонадими – бу борада тўғридан-тўғри қарорларини билдиришларини истайман”, – деган эди сиёсатчи муддатдан олдин сайлов эълон қилар экан.

Маълумот ўрнида: Санаэ Такаичи 2025 йил октябрда мамлакат  тарихида илк аёл бош вазир сифатида ҳукумат тепасига келган эди.

1979-1990 йилларда Буюк Британия бош вазири лавозимида фаолият юритган Маргарет Тэтчернинг муҳиби бўлган Санаэ Такаичи Япониянинг “темир хоними” бўлишга ҳаракат қилмоқда. У кучли мудофаа ва миллий манфаатларга асосланган сиёсатни ёқлайди.

Эндиликда сиёсатчи иқтисодий муаммолар, хусусан, инфляция кўрсаткичини тушириш каби жиддий вазифаларни ҳал этиши керак. 

64 ёшли Санаэ Такаичи сўнгги вақтларда мода тимсолига айланди. Маҳаллий таҳлилчилар бу тенденцияни “санаэмания” деб атамоқда. Дўконларда унинг тасвири туширилган маҳсулотларни кўплаб учратиш мумкин. Унинг сайловолди видеосини 10 кун ичида 100 миллиондан зиёд томошабин кўрган.

Япония матбуоти ёзишича, Такаичининг ғалабаси қўшни Хитойда хавотир уйғотиши мумкин. Чунки у бир муддат аввал агар Пекин Тайванни куч билан қўлга киритишга уринса, Токио ҳарбий йўл билан аралашиши мумкинлигини айтган эди.

Аввал хабар берганимиздек, АҚШ президенти Дональд Трамп сайлов арафасида японларни бош вазир Санаэ Такаичи ҳамда унинг Либерал-демократик партияси аъзоларига овоз беришга чақирган ҳамда уни  19 март куни Оқ уйга келишга таклиф этган эди.

Трамп билан яхши тил топишган Такаичи даврида Япония–АҚШ муносабатлари янада мустаҳкамланиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг