«Ёндашув ва сифатни қайта кўриб чиқиш керак!..» – Ziyo Forum фонди директори билан суҳбат
Xabar.uz мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий соҳаларида фаоллик кўрсатиб келаётган ёшлар билан интервьюларни давом эттиради.
Навбатдаги суҳбатдошимиз Бобур Фармонов 1994 йил Фарғона вилоятида туғилган. Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия миллий иқтисодиёти ва давлат хизмати академиясининг бакалавр ва магистратура босқичларида таҳсил олган.
2019 йилдан буён Илм-фан ва таълим-тарбияни ривожлантириш Ziyo Forum фонди директори сифатида фаолият кўрсатиб келади.
Ўзимни янги шароитларда синаб кўришга қизиқдим
Россияга кетишдан олдин мен Ўзбекистондаги олий ўқув юртига, тўлов-шартнома асосида ўқишга кирган эдим. Россиядаги университет эса грант асосида ўқишни таклиф қилди. Шу омил ва ўзимни янги шароитларда, хусусан, ҳеч қачон ўйлаб ҳам кўрмаган йўналишда синаб кўришга қизиқдим.
Шундай қилиб, мен 6 йил вақтни Сибирда ўтказдим, шу вақт давомида Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Россия миллий иқтисодиёти ва давлат хизмати академиясининг «Давлат ва шаҳар бошқаруви» факультетида таҳсил олдим.
Умуман, бакалавриат ва магистратурани ана шу олийгоҳда тугатдим. Айни кунларда PhD даражасини ҳам айнан у eрда олиш ҳақида ўйлаяпман. Эҳтимол, бу йил докторонтура учун ҳужжатларимни топшираман.
Муаммолар ҳам, мақсадлар ҳам бир хил
Россияда ёшларнинг фикрлаш доирасида чегаралар йўқ, улар янги имкониятлар учун мутлақо очиқ. Ривожланиш, янги амалий кўникмаларга эга бўлиш, танишлар доирасини кенгайтириш учун кўнгилли асосда ҳам лойиҳаларда иштирок этишга тайёр. Рус ёшларига пул устувор эмас.
Яна бир эътиборимни тортган жиҳат, у ерда ёшлар кўпроқ имкониятга эга, университетлардан кўплаб таклифлар келиб тушади. Масалан, чет элда ўқиш учун визасиз кетишга мамлакатлар сони ҳам кўпайиб бормоқда.
Лекин муаммолар ҳам, мақсадлар ҳам бир хил – университетни тезроқ тамомлаб, маоши яхши ишга жойлашиш ёки бизнес очиш.
Маданий кўнгилочар ва дам олиш нуқтаи назаридан, рус ёшлари янада ривожланган. Мисол учун, биз курсдошлар ва дўстларим билан галерея очганмиз, Новосибирскда турли хил санъат тадбирларини ўтказганмиз, мен шахсан фаол талаба бўлиб, Россиянинг кўплаб шаҳарларини кезиб юрганман. Бизда бундай имкониятлар деярли йўқ. Агар Тошкент ҳақида гапирадиган бўлсак, ёшлар ёки ижтимоий тармоқларда, ёки форумлар саройи атрофида дам олишади. Ҳудудларда бу вазият бундан ҳам ёмон.
Вазифалар жуда оддий, аммо жуда чуқур ва «узоқ муддатли»
Ziyo Forum фондимиз 2019 йил ташкил этилган. Вазифалар жуда оддий, аммо жуда чуқур ва «узоқ муддатли». Биз олий таълим ва фан тизимида сифат жиҳатидан баъзи нарсаларни ўзгартирмоқчимиз.
Университетларда, биринчи навбатда, талабаларнинг ўзини ўзи бошқариш тизимини йўлга қўйиш зарур. Олий таълим муассасаларидаги ҳаёт дарсларга қўнғироқ билан якунланмаслиги керак, бу муаммо бўлиб, натижаси бошланғич интервью қандай ўтишини билмайдиган кадрлар келиб чиқиши. Олий таълим ўқув юртлари раҳбарияти талабаларни университетнинг ижтимоий ҳаётига фаол қатнашишига рағбатлантириши лозим. Биз икки йил давомида шунинг устида, қийинчиликларга дуч келсак ҳам, ишлаяпмиз. Бир университетда мен шахсан сайловларни ўтказишга ёрдам бердим, қиз талаба ғолиб бўлди. Талабалар кенгаши ташкил этилди. Бу Тошкент давлат транспорт университетида содир бўлди.
Биз барча университетларда ҳам худди шундай ўзгаришларни киритишни истаймиз, умид қиламанки, камида икки йил ичида пойтахт ўқув юртларида бу ишни тугатамиз. Университетлар янгилик киритишни ёқтирмайди. Бу кулгили, лекин талабалар, биринчи навбатда, ўзгаришларга тайёр эмас.
Агар илм-фан ҳақида гапирадиган бўлсак, биз «олим» касбини ёшартиришни истаймиз. Кимга мурожаат қилманг, илм-фан арбоблари ҳақида гапирганда, 70 ёшдан ошган академиклар ҳақида гап кетади. Энди айтинг, агар бу соҳа фақат профессионал йўлини тугатаётган инсонлар билан боғлиқ бўлса, ёшлардан қайси бири илм-фанга қизиқиши мумкин?
Биз ёш тадқиқотчилар ҳақида гапиришни истаймиз, яқинда 60 та ёш олимлар ҳикояларини тўплаган алманахни тақдим этдик. Ziyolilar – умуман тадқиқотчиларнинг исмларини эслатиб ўтган биринчи нашр ва уларнинг деярли барчаси янги исмлар. Мен уларни қаҳрамон қилишни хоҳлайман.
Баҳорда биз иш берувчилар учун янги лойиҳа ишга туширдик, талабаларни тўғридан-тўғри компаниялар билан боғлашни истаймиз.
Барча Ziyo Forum лойиҳалари талабалар учун ва ана шу ишларни талабалар билан биргаликда қилишга ҳаракат қиламиз. Айнан шу жиҳати билан бу фонд бошқа ўхшаш ННТлардан фарқ қилади. Бизнинг эътиборимизда ёшлар қизиқишлари, агар бу ижтимоий тармоқлар бўлса – қандай қилиб бу машғулотни фойдали ўтказишни ўйлаймиз, агар бу илм-фан бўлса – амалга ошириш мумкин бўлган тадқиқотларга сармоя киритамиз.
Ўтган ва бу йил ҳам Ўзбекистондан Россия олий ўқув юртларига абитуриентлар учун турли дастурлар ва стипендиялар тақдим этиш билан фаол шуғулландик. Бизга грантлар берилди, танлов ўтказдик, натижада 30 дан ортиқ ёшларни ўқишга жўнатдик. Бу бепул. Биз учинчи шахсларнинг иштирокисиз тўғридан-тўғри университетлар билан ҳамкорлик дастурларини ишлаб чиқамиз.
Ёндашув ва сифатни қайта кўриб чиқиш керак
Сизнингча, таълимга бўлган қизиқиш камайиб боряпти, лекин ҳар йили юз минглаб ёшлар университетларга киролмаяпти, чунки олий таълим инфратузилмаси уларни қабул қила олмайди. Ўзбекистонлик минглаб талабалар ўз пуллари ва чет эл грантларида таҳсил олмоқда. Мамлакатимизда олий маълумотга эга бўлган талаб ва қизиқиш йилдан-йилга ошиб бормоқда, афсуски, тизим эскириб, талабга жавоб бермаяпти. Университетларда мавжуд методология талабанинг қизиқишини сақлаб қолмаслиги эса – бу бутунлай бошқа муаммо ва ижтимоий тармоқларнинг бу саволга ҳеч қандай алоқаси йўқ.
Ижтимоий тармоқларни билим ва таълимга қарши кўрсатиш компьютерни китобга қарши кўрсатиш билан тенгдир. Ижтимоий тармоқлар ёшларни бузуқликка олиб келадиган нарса эмас, бу мулоқот қилиш, ўз-ўзини намоён қилиш, қобилиятини ривожлантириш, ижодкорликни кўрсатиш, ўзига ўхшаш инсонларни топиш усули, деб биламан.
Ижтимоий тармоқлар ҳам билим, таълим, кўникмаларни олиш воситаси. Уларнинг ривожланишини тўхтатишга ҳаракат қилиш, ёмғирни тўхтатишга ўхшайди. У барибир содир бўлади. Лекин кимдир ундан қочишга ҳаракат қилади, кимдир эса тупроқни тайёрлаб боғ ўстиради.
Саволга қайтиб: ёшларни қўллаб-қувватлаш, ёшлар манфаати учун буни амалга ошириш керак, лекин бу «ёрдам» ривожланишга тўсқинлик қилмаслиги зарур. Ёшларнинг таълимга бўлган қизиқишини «қайтариш» учун таълим контентининг ёндашуви ва сифатини қайта кўриб чиқиш, ушбу мақсадлар учун ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни ўрганиш керак.
Мутолаа хотира ва фикрлашни яхшилайди
Бўш вақтим бўлиши билан китоб мутолаасига ҳаракат қиламан. Мутолаа хотира ва фикрлашни яхшилайди. Мен ўқиган охирги асар Макиавеллининг «Ҳукмдор» номли китоби бўлди. Барча раҳбарлар учун жуда фойдали. Рус тилидаги таржимада ўқиш қийин, лекин асарнинг бироз эскирган ёзилиш услубига аҳамият бермаса, бошқаришни ўрганаётганлар учун энг фойдали китоб бўлиши мумкин.
Энг севимли китобим эса Дэниел Кизнинг «Элжернонга аталган гуллар»и.
Санъат ва санъат объектлари билан боғлиқ
Менинг режаларим талабалар жамиятини ривожлантириш атрофида айланади, бу бир-икки йил давомида бажариладиган вазифалар.
Глобал режалардан, юқори лавозимлар учун олтин кадрлар захирасини яратишга ҳаракат қилиш. Буларнинг барчаси маҳаллий университетлар асосида.
Докторлик диссертациясини ҳимоя қилиш, умуман айтганда, PhD даражасига эга бўлишни режалаштирмоқдаман. Шахсий режаларга келсак, санъат ва санъат объектлари билан боғлиқ барча йўналишларни яхши кўраман, бу йўналишда тижорат лойиҳаларини амалга оширишни истайман.
Нурилло Тўхтасинов суҳбатлашди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter