Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

ЖЧ-2026. Мундиалдаги илк рақибимиз — Колумбия терма жамоаси ҳақида нималар маълум?

ЖЧ-2026. Мундиалдаги илк рақибимиз — Колумбия терма жамоаси ҳақида нималар маълум?

Фото: Reddit

«The Guardian» нашри экспертлар иштирокида ЖЧ-2026 да иштирок этаётган 48 та терма жамоа ҳақида таҳлилий превюларни чоп этмоқда. Колумбия терма жамоаси ҳақидаги таҳлил орқали мундиалдаги илк рақибимиз билан танишамиз.

Бугунги Колумбия терма жамоаси таркибида ҳанузгача 2014 йилда Бразилия ва 2018 йилда Россия мезбонлик қилган жаҳон чемпионатларидан мухлисларга яхши таниш «олтин авлод» вакиллари бор. Уларнинг айримлари ўз фаолиятидаги учинчи мундиалда иштирок этмоқда. Жамоа сардори ва майдондаги асосий етакчиси ҳамон — афсонавий 10-рақам эгаси Хамес Родригесдир. Мураббийлар штаби бутун ўйин тизимини айнан Хамеснинг позицияси атрофидаги 4-2-3-1 тактик схемаси асосига қурган. Қанотларда эса «Бавария» (Германия)да ёрқин ўйин кўрсатаётган ва терма жамоада ҳам асосий гол урувчи кучга айланган Луис Диас унга кўмакдош бўлмоқда.

Хамес Родригес ва Луис Диас — Колумбия терма жамоасининг икки юраги.

Колумбиянинг ушбу жаҳон чемпионатига етиб келиш йўли худди «американча тепаликлар» каби ўта драматик кечди. Саралаш босқичида жамоа Бразилия устидан қозонилган тарихий ғалаба (2:1) ва Америка Кубоги-2024 финалидаги аламли мағлубият учун Аргентинадан олинган реванш каби унутилмас лаҳзаларни тақдим этди. Бироқ кейинчалик Боливиядан учралган кутилмаган мағлубият (1:0) жамоани саросимага солиб қўйди — кетма-кет 6 та ўйиндаги ғалабасиз серия колумбияликларнинг мундиалга чиқишини жиддий хавф остида қолдирди. Якунда эса Боливия ва Венесуэла терма жамоаларининг тор-мор этилиши Колумбияга ЖЧ-2026 йўлланмасини нақд қилди.

Колумбиянинг «K» гуруҳидаги ўйинлар тақвими

  • Ўзбекистон — Колумбия, 18 июн, соат 07:00 (Ўзбекистон вақтига мослаштирилган), Мехико шаҳри, «Ацтека» стадиони
  • Колумбия — Конго ДР, 24 июн, соат 07:00 (Ўзбекистон вақтига мослаштирилган), Гвадалахара шаҳри, «Акрон» стадиони
  • Португалия — Колумбия, 28 июн, соат 04:30 (Ўзбекистон вақтига мослаштирилган), Майами шаҳри, «Ҳард Рок Стэдиум» стадиони

Март ойида Хорватия ва Франция терма жамоаларига қарши ўтказилган ўртоқлик учрашувларидаги муваффақиятсиз ўйинлардан сўнг, жамоанинг мундиалдаги муваффақиятига шубҳалар сақланиб қолмоқда. Аммо жамоанинг 60 ёшли аргентиналик бош мураббийи Нестор Лоренцонинг жамоадан умиди катта. «Колумбиянинг ҳимояланиб ётмасдан, олдинги чизиқда ҳужумкор футбол ўйнашга интилиши менга завқ бағишлайди. Мақсадимиз фақат ғалаба қозониш эмас, балки чиройли футбол ҳам кўрсатишдир. Жамоа ҳам буни ҳис қилмоқда: футболчиларим ушбу ғояга ишонишади ва мана биз мундиалдамиз. Мусобақани яхши бошлаб, Колумбия тарихидаги энг яхши жаҳон чемпионатини ўтказамиз деб умид қиламан», деди у ўз ватани Аргентинанинг «La Nación» нашрига берган интервюсида.

Тарихдаги энг яхши натижани қайд этиш учун жамоа Хосе Пекерман бошчилигида 2014 йилда эришилган чорак финал босқичидан ўтиши керак бўлади. Майдонда гол уриш масъулияти нафақат Луис Диас ва Хамес Родригес, балки Луис Суареснинг (уругвайлик юлдузнинг адаши) ҳам зиммасига тушиши кутилмоқда. 28 ёшли ушбу ҳужумчи терма жамоадаги дастлабки тўртта голини ўтган йили Венесуэлага қарши кечган битта ўйинда киритган эди, июн ойида Коста-Рикага қарши ўртоқлик учрашувида ҳам рақиб дарвозасини ишғол қилди. Ўтган ёзда Испаниянинг «Алмерия» клубидан Португалиянинг «Спортинг» жамоасига кўчиб ўтганидан бери, у Португалиядаги барча мусобақаларда рақиблар дарвозасига жами 38 та гол киритди.

Колумбия ФИФА рейтингида 13-ўринда. Мундиаллардаги энг яхши натижасига 2014 йилда эришган.

Бош мураббий

Нестор Лоренцо.
Фото: Reuters

Нестор Лоренцо ўз фаолиятидаги бешинчи жаҳон чемпионатида илк бор жамоани бош мураббий сифатида майдонга бошлаб тушади. У 1990 йилги мундиалда Аргентина терма жамоаси сафида Марадона билан ёнма-ён тўп сурган, 2006 йилда Аргентина, 2014 ва 2018 йилларда эса Колумбия терма жамоаларида Хосе Пекерманга ёрдамчилик қилган.

Колумбиядан ташқари, Лоренцо мустақил равишда бошқарган ягона клуб Перунинг «Мелгар де Арекипа» жамоаси ҳисобланади. Мустақил тажрибаси оз бўлишига қарамасдан, Колумбия миллий жамоаси билан ажойиб натижаларга эриша олди.

Жамоа юлдузи

Луис Диас.
Фото: Getty Images

Луис Диас катта саҳнада 2018 йилги жаҳон чемпионатидан кейин пайдо бўлди ва аста-секин Колумбиянинг энг муҳим футболчисига айланди. У 2021 йилда Бразилияда ўтган Америка Кубогида 4 та гол билан мусобақа тўпурарига айланиб, Колумбияни ярим финалга олиб чиқди ва дунёга танилди. «Ливерпул»нинг собиқ вингери ҳозир 29 ёшда. У жорий мавсумни «Бавария» сафида жуда юқори нотада ўтказиб, Германияда чемпионлик ва Кубокни қўлга киритди

«Ажойиб терма жамоамиз, кучли таркибимиз ва зўр мураббийларимиз бор. Саралаш босқичи биз учун муваффақиятли ўтди, бир қатор йирик ғалабаларни қўлга киритдик», — деди Диас ESPN телеканалига берган интервюсида.

Эътибор қаратиш лозим бўлган иқтидор

Андрес Гомес.
Фото: LA Times

Андрес Гомес Колумбия терма жамоаси сафида бор-ёғи бир нечта ўйин ўтказган бўлса-да, жамоага жуда тез мослашиб кетди. У 2023 йилнинг декабрида терма жамоадаги дебют ўйинидаёқ Мексика дарвозасига ғалаба голини киритди. Кейин эса Уругвайга қарши кечган (ва якунда Колумбия мағлуб бўлган) сафардаги баҳснинг сўнгги дақиқаларида голга муаллифлик қилди. «Васко да Гама» клуби ҳужумчиси бироз кеч очилган бўлса-да (ҳозирда 24 ёшда), Жон Ариас, ҳатто Луис Диаснинг ҳам ўрнини боса оладиган даражада улғайди. Унинг болалиги жуда оғир кечган: «Болалигимда баъзи дўстларим кўз ўнгимда ўлдирилганига гувоҳ бўлганман, яна айримлари ҳаётда нотўғри йўлдан кетишди. Аммо менинг оилам ҳамиша футбол билан яшаган», — дея хотираларини ўртоқлашди у «Chocó 7 Días» нашрига берган интервюсида.

Кўринмас қаҳрамон

Жефферсон Лерма.
Фото: ESPN

Колумбия терма жамоаси ўйинида мувозанатни таъминлайдиган бош фигура — Жефферсон Лерма. У бирорта ҳам гранд клуб тизимидан етишиб чиқмаган. Камтаргина «Атлетико Уила» клубидаги ўйинлари орқали Европага йўл олган Лерма, саралаш босқичида умуман қатнашмаган бўлса-да, Хосе Пекерманнинг 2018 йилги Россия мундиали учун қайдномасидан кутилмаганда жой олган эди. Ҳозирда «Кристал Пэлас» шарафини ҳимоя қилаётган ушбу футболчи майдон марказида Ричард Риос билан биргаликда асосий таркибнинг муқим вакилига айланди. «Бенфика» юлдузи (Риос) майдонда ижодкорлик ва «ўт ёқиш» учун масъул, Лерманинг вазифаси — бўшлиқларни ёпиш ва майдондаги барча «қора ишлар»ни бажаришдан иборат.

Тахминий асосий таркиб (XI)

Юқоридаги таҳлилга кўра, Лоренцо 4-2-3-1 тактикасидан фойдаланади.
Манба: «The Guardian»

Колумбиялик мухлислар ҳақида

Фото: EPA

Колумбиялик ишқибозлар дунёдаги энг содиқ мухлислар сирасига киради. Улар 2014 йилги Бразилия ва 2018 йилги Россия мундиалларида ҳам стадионларни лиқ тўлдиришган эди. Мексика ва АҚШда (Канадада бироз камроқ бўлса-да) колумбиялик муҳожирларнинг кўплиги ушбу жаҳон чемпионатида ҳам трибуналарда «сариқ безгак» (терма жамоанинг сариқ либосидаги мухлислар оқими) катта ҳажмда бўлишини кафолатлайди. Жумладан, Колумбиянинг Майамида Португалияга қарши ўтказадиган гуруҳ босқичидаги ўйини чипта олиш учун берилган аризалар сони бўйича ушбу турнирда финалдан кейинги иккинчи ўринда турибди. Ўзбекистонга қарши ўтказиладиган ўйин чипталари ҳам деярли сотиб бўлинди.

Колумбиялик мухлислар бу сафар жуда эҳтиёт бўлишлари талаб этилади. Чунки АҚШда ўтган Америка Кубоги-2024 финалидаги трибуналарда юзага келган тартибсизликлардан сўнг, ҳуқуқ-тартибот органлари уларни алоҳида ва жуда синчковлик билан назорат қилишади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг