Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистон глобал муаммолар ечими учун янги мулоқот майдони таклиф этмоқда

Қозоғистон глобал муаммолар ечими учун янги мулоқот майдони таклиф этмоқда

Дунёда қутблашув ва геосиёсий ихтилофлар кучайган бир даврда Қозоғистон глобал муаммоларни ҳал этиш учун янги мулоқот майдони – Остона халқаро форуми ўтказишни таклиф қилмоқда. Машварат жорий йил 8-9 июнь кунлари Қозоғистон президенти шафелигида ўтиши режалаштирилган. Бу ҳақда мамлакат ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Хорижий давлатлар ҳукумат раҳбарлари, халқаро ташкилотлар етакчилари, илм-фан ва ишбилармонлик доиралари вакиллари қатнашадиган анжуманда иқлим ўзгариши, энергетика хавфсизлиги ва озиқ-овқат етишмаслиги каби долзарб муаммоларга ечим изланади.

«Бугун дунё аҳли бир неча ўнйилликлар давомида кузатилмаган тарихий муаммоларга юзма-юз келмоқда. Бу муаммолар халқаро ҳамжамият учун мисли кўрилмаган таҳдидлар уйғотиб, янги қизил чизиқларни ҳосил қилмоқда, глобаллашув ва мультилатерализм тамойилларини хавф остида қолдирмоқда. Остона халқаро форуми шу каби муаммоларга муносиб жавоб бериш мақсадида таъсис этилди. Халқаро тизим умрбоқийлигининг бош омили сифатида ҳамкорликка устувор аҳамият бериш керак», – деган Қозоғистон раҳбари Қосим-Жўмарт Тўқаев форумнинг аҳамиятига тўхталар экан.

Қайд этилишича, Қозоғистон Шарқ ва Ғарб ўртасидаги кўприк сифатида конструктив алоқаларни ривожлантириш тажрибасига эга. Ушбу сиёсат 2022 йилда жиддий синовдан ҳам ўтди.

Расмий Остонага кўра, халқаро форум орқали янги кўприклар барпо этиш, робиталарни мустаҳкамлаш ва коллектив муаммоларга дипломатик, иқтисодий ва сиёсий ечимлар топиш мақсад қилинган.

«Муаммоларни мулоқот воситасида ҳал этиш: ҳамкорлик, фаровонлик ва тараққиёт йўлида» шиори остида ўтказиладиган анжуман ҳақида расмий сайтда батафсил маълумот берилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг