Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Коронавирус пандемияси биологик қаришни тезлаштирган бўлиши мумкин – тадқиқот

Коронавирус пандемияси биологик қаришни тезлаштирган бўлиши мумкин – тадқиқот

Германиялик олимлар COVID-19 пандемияси давридаги стресс ва ижтимоий чекловлар инсон организмидаги айрим қариш жараёнларининг тезлашиши билан боғлиқ бўлиши мумкинлигини аниқлади. Энг сезиларли ўзгаришлар ўсмирларда кузатилган.

Бу ҳақда PNAS илмий журналида чоп этилган тадқиқотга таяниб, BILD нашри хабар бермоқда.

Макс Планк номидаги Мюнхен психиатрия институти мутахассислари бошчилигидаги олимлар гуруҳи 1 028 нафар инсоннинг биологик кўрсаткичларини ўрганди. Тадқиқотда 359 нафар бола, 385 нафар ўсмир ва 284 нафар катта ёшли киши иштирок этган.

Иштирокчилардан пандемия бошланишидан олдин, шунингдек, 2021 йил сентябридан 2022 йил майигача бўлган даврда сўлак намуналари олинган. Олимлар ДНКдаги кимёвий ўзгаришлар асосида организмнинг эпигенетик ёши ва биологик қариш суръатини баҳолаган.

Натижаларга кўра, қўлланилган тўртта баҳолаш усулидан учтаси қариш жараёнлари тезлашганини кўрсатган.

Энг катта ўзгаришлар ўсмирларда қайд этилган. Уларда тўртта усулнинг учтаси, катталарда иккитаси, болаларда эса биттаси қариш тезлашганига ишора қилган.

Тадқиқотчилар ўсмирлардаги ўзгаришлар пандемия даврида бошдан кечирилган стресс билан боғлиқ эканига эътибор қаратган.

Хусусан, яқинларидан узоқда қолиш, эркин ҳаракатланишнинг чекланиши ва ижтимоий яккаланишни оғир қабул қилган ўсмирларда биологик қариш кўрсаткичлари сезиларлироқ ўзгарган.

Шунингдек, ижтимоий-иқтисодий шароити нисбатан паст оилаларда тарбияланаётган ўсмирларда ҳам бундай ўзгаришлар кучлироқ намоён бўлган.

Бироқ олимлар муҳим жиҳатни таъкидламоқда: тадқиқот натижалари пандемия биологик қаришни бевосита тезлаштирганини исботламайди. У фақат пандемия давридаги омиллар ва айрим биологик кўрсаткичлар ўртасида боғлиқлик мавжудлигини кўрсатади.

Ҳозирча мазкур ўзгаришлар узоқ муддат сақланиб қолиши ёки келажакда саломатлик билан боғлиқ муаммоларга олиб келиши маълум эмас.

Мутахассислар бу саволларга жавоб топиш учун қўшимча ва узоқ муддатли тадқиқотлар ўтказиш зарурлигини билдирган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг