Сирдарёда она ва бола ваҳшийларча ўлдирилиб, ёқиб юборилгани айтилмоқда
Сирдарёда чамаси 30 ёшлардаги эркак ўзига яшаш учун уйидан жой берган қариндошлари бўлган она ва болани ваҳшийларча ўлдириб, молхонада жасадларини ёқиб юборганлиги айтилмоқда. Бу ҳақда «Sirdaryo Xabarlari» хабар тарқатди.
Қайд этилишича, Боёвут туманида 30 ёшлардаги эркак бугун 1 июнь куни эрта тонгда холасининг ўғли — 30 ёшлардаги бўласи ва 60 ёшлардаги холасини ваҳшийларча ўлдирган ва жасадларни молхонага олиб бориб, ёқиб юборган.
Мазкур маҳаллада яшовчи фуқаролардан бирининг маълум қилишича, қотилликда гумонланаётган фуқарога унинг қурбони бўлган холаси ўзи яшаб турган уйидан жой берган.
«Эрта тонг билан «пожарный» ходимлари келиб, молхонадаги (қотиллик содир бўлган ҳовлидаги) ёнғинни ўчиришди. Кейин бошқалари (бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ходимлар) келишиб, ҳовлини ўраб олишди. Шунинг учун молхона ва ҳовлидаги ёнғин суратларини олишни имкони бўлмади», — дейди маҳалла фуқароларидан бири.
Мазкур қотиллик билан боғлиқ хабарлар юзасидан ҳали расмий маълумот берилмади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сирдарёдаги далалардан бирида 100 фоиз куйиб кетган жасад топилганди. Маълум вақт ўтиб, Бош прокуратура даладан топилган мурда бўйича баёнот берганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter