Испанияда ўзбек фоторассомининг шахсий кўргазмаси очилди
Испаниянинг Толедо шаҳрида ўзбекистонлик фоторассом Ҳусниддин Атонинг «Ўзбекистон Буюк ипак йўли марказида» номли шахсий фотокўргазмаси очилди.
Кастилия Ла Манча университетида ўтказилган маърифий тадбир очилишида юртимиз тарихи, маданияти, анъаналари ҳақида маълумот берилди.
Маросимда Ўзбекистон Республикасининг Испания Қироллигидаги элчихонаси вакили Набижон Қувондиқов, Кастилия Ла Манча университети халқаро алоқалар бўйича проректори Фатима Гомез Гуадамияз, Испания ва Ўзбекистон алоқаларини ривожлантириш ассоциацияси президенти Фернандо Марагон ва бошқалар сўзга чиқди. Қайд этилишича, ўзбек ва испан ўлкаларининг кўп асрлик алоқалари бугунги кунда янги босқичга кўтарилмоқда. Бу борада эса маданий-гуманитар ҳамкорлик муҳим аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Бадиий академияси, Тошкент фотосуратлар уйи ҳамда мамлакатимизнинг Испаниядаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилган кўргазмада муаллифнинг ўзбек урф-одатлари, анъаналари, санъати ва халқ турмуш тарзи акс этган ижодий ишлари намойиш этилмоқда.
Кўргазма 28 октябрга қадар давом этади.
Ўзбекистон Бадиий академияси аъзоси, санъат соҳасида халқаро эксперт ва фоторассом Ҳусниддин Ато мамлакатимиз ва хорижда ўтказилган кўплаб ижодий танловларда совриндор бўлган, шахсий кўргазмаларини ўтказган. Хусусан, жорий йил июнда Ўзбекистоннинг Бельгиядаги элчихонасида ҳам ижодкорнинг фотокўргазмаси ташкил этилган.
С.Салим
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter