Қолди Маъмуржондин яхшилиғ...
Ҳофиз бир қўшиғида айтади: «Яхшиға қилсанг яхшилиғ ҳам айтадир, ҳам қайтадир».
Бугун «Яхшилиғ»и билан яхшиликни миллионлаб мухлислари қалбига пайванд қилиб кетган ҳофиз – Ўзбекистон халқ артисти Маъмуржон Тўхтасиновнинг яхшиликларини айтишни истадик.
Маъмуржон Тўхтасинов
Туғилган санаси: 1958 йил 18 ноябрь;
Туғилган жойи: Олтиариқ тумани;
Ота-онаси: Салимжон ака (ўқитувчи), Насибахон ая (уй бекаси);
Ўқиган жойи: мусиқа мактаби, Қўқон автойўл техникуми, Маданият институти;
Устозлари: Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов, Таваккал Қодиров, Қобилжон Юсуповлар;
Ишлаган жойи: Олтиариқ туман маданият уйида бадиий раҳбар;
«Олтин фонд»даги қўшиқлари: 50 дан ортиқ;
Оила аъзолари: аёли Қимматхон, фарзандлари: Адолатхон (боғча мудираси), Умиджон (мусиқа мактаби ўқитувчиси), Уйғунжон (Марғилон пед.коллеж ўқитувчиси), Ўткирбек (Консерватория талабаси), Насибахон (марғилон пед.коллеж талабаси);
Гастрол сафарлари: Тожикистон, Қозоғистон, Ҳиндистон, Бельгия, Болгария, Германия…
Қўшиқлари ижро этилган видеофильмлар: «Бобур», «Кеча ва кундуз», «Лайли ва Мажнун», «Шаҳзода ва канизак»;
Машҳур қўшиқлари: «Яхшилиғ», «Буни умр дерлар», «Нима қолди», «Муҳаббат саройи», …
Мукофотлари: Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (1993), Ўзбекистон халқ артисти (2000), Халқаро Бобур мукофоти (1998);
Вафоти: 26 июнь, 2012 йил (жигар циррози туфайли).
Нега Маъмуржон?
Салим ака Тошкентга борганида машҳур ҳофизлар Маъмуржон Узоқов ва Жўрахон Султоновлар билан бир чойхонада кўришиб қолиб, уларга илтифот кўрсатади ва Маъмуржон ҳофиздан «Фарзанд кутаяпмиз, ўғил бўлса, исмингизни қўйсам майлими?» деб сўрайди. Ҳофиз рухсат бериб, Салим акага Аллоҳдан солиҳ ўғил сўраб, дуо қилади.
Орадан уч йил ўтиб, Маъмуржон Узоқов Олтиариққа тўйга келганида Салим ака ҳофизнинг олдига ўғилчасини етаклаб боради. «Бу боланинг исми Маъмуржонми?» деб сўрайди Салим акани таниган ҳофиз. «Ҳа, сиздек ҳофиз бўлсин деб ният қилиб, исмини Маъмуржон қўйдик», дейди Салим ака. Маъмуржон Узоқов ўшанда гўдак Маъмуржонни дуо қилиб, «Ўғлингиз албатта биздек ҳофиз бўлади», деб башорат қилган экан.
Устознинг муборак нафаси теккани туфайлими, Маъмуржон эл ардоғидаги етук ҳофиз бўлиб етишди, қисқа умри давомида ўзидан яхши ном қолдирди. Ҳар бир инсоннинг умри кечирган ҳаёти давомида қолдирган излари билан ўлчанаркан. Дарвоқе, устоз Маъмуржон Узоқов ҳам 59 ёш умр кўрган эди, холос…
Ҳофизни ёд этиб…
Ўзи санъатимиз турли ёт йўлларга эргашиб, «ёввойилашиб», европалашиб, «роклашиб» кета бошлаганида Аллоҳ ҳар-ҳар замонда уни поклаб қўядиган, аслига қайтарадиган, бир поғона юқорига кўтариб қўядиган ҳофизларни элнинг ичидан чиқариб турар экан. Ўзбекистон халқ артисти Маъмуржон Тўхтасиновнинг елкасига ҳам ана шундай залворли юк тушди ва у ўзига юклатилган улуғ вазифани қойилмақом қилиб бажарди.
Маъмуржон Тўхтасинов халқни асл қўшиқларни тинглашга ўргатди, сермаъно ғазаллар куйга солинган вазмин қўшиқларни тушуниб тинглайдиган бир авлодни тарбиялади. Маъмуржон Тўхтасинов Мирзо Бобурдек, Ҳазрат Навоийдек мумтоз шоирларни бошқаттан халққа севдирди ва шунинг баробарида ўзини ҳам севдириб қўйди.
Маъмуржон Тўхтасинов элнинг жуда катта меҳрини, муҳаббатини қозонди.
Маъмуржон Тўхтасинов дунёдан ўтганида эса халқ ўзининг бир дилбандидан жудо бўлгандек, қаттиқ қайғурди, куйинди…
− Мени бир нарса жуда ҳайрон қилади, − дейди ҳофизнинг катта ўғли Умиджон. – Дадамнинг телефонларини ўчирганимиз йўқ. Қизиғи, одамлар ҳали ҳам дадамнинг телефонига қўнғироқ қилишади. Соғинганини айтишади, қўшиқ сўрашади, тўйларига таклиф қилишади. Одамлар дадамнинг дунёдан ўтганини билшмасмикан, деб ўйланиб қоламан. Кейин яхши ҳофиз ўлмаслигига, одамлар ўзлари суйган ҳофизни ёнларида тирикдек эъзозлашларига ишонаман.
Маъмуржон Тўхтасиновнинг хислатларини, фазилатларини эслаймиз.
− Ҳозир баъзи санъаткорлар мухлисларнинг молу давлати, мансабига қараб муомала қилади. Отам эса ҳеч нарсани моддийлик билан ўлчамасди. Ҳаммага бир хил муомала қиларди. Дунёқараши кенг, оилапарвар инсон эди. Ҳеч қачон кибрга берилмасди. Кимгадир ёқса-ёқмаса тўғрисўз эди. Бирор нарса ўзига ёқмаса тўғрисини айтиб қўя қоларди, − деб эслайди Умиджон. – Отам кўпларга яхшилик қиларди, кўп кишиларнинг тўйларида холис хизмат қиларди, аммо яхшилигини айтишни, шунинг орқасидан обрў орттиришни асло истамасди. Шундай мард феъл-атвори бор эди. Салкам ўн йил ёнида бирга эл хизматида юрган бўлсам, бирор марта «мана шу жойда бепул хизмат қилдик» демаган. Кимгадир ёрдам берган бўлса «буни ҳеч ким билмасин» деб бизга ҳам қаттиқ тайинларди, ўзи ҳам ҳеч кимга айтмасди.
Маъмуржон Тўхтасиновнинг сўз берса, бунга қонундек амал қилишини кўпчилик эслайди.
− Отам бизга ҳам бировга ваъда беришдан олдин ўйлагин, дерди. Ўзи ҳам ҳеч қачон бирор жойга кеч бормаган. Ваъда берган жойларини ҳеч қачон бошқа таклифга алмаштирмасди, − дейди Умиджон. − Ҳатто, бир сафар мухлисларидан бири битта машинанинг калитини ўртага ташлаб, «Ака, бизникига боринг», деганида ҳам «Мен бошқа одамга лафз қилиб қўйганман, узр, сизникига бора олмайман», деганига гувоҳ бўлганман. Агар Тошкентга келиш учун ваъда бериб қўйган бўлса, албатта, бир кун олдин келарди. «Йўлда ҳамма нарса бўлиши мумкин, мен лафзсиз одам бўлиб қолмай», дерди. У кишининг фаолиятида, ўрнига бошқа бировни юбориш ёки ваъда берилган жойдан қолиш ҳолатлари бирор марта кузатилмаган.
− Отам «Агар ашулани яхши айтсанглар айтинглар, бўлмаса, бошқа иш қилинглар», деб кўп такрорларди, − деб эслайди ҳофизнинг иккинчи ўғли Уйғунжон. − Ҳаммамиз ҳам у кишига муносиб фарзанд бўлиш учун интилаяпмиз. Ҳаммамиз мусиқа соҳасида чуқур билимга эга бўлдик. Отамиздек қўшиқ айта олсакгина саҳнага чиқишга аҳд қилдик ва мана, ҳозир отамизнинг қўшиқларини ака-укалар бирга ижро қилиб, отамизнинг мухлислари бўлган юртдошларимизнинг яхши кунларида хизмат қилиб юрибмиз. Бир нарса кўнглимизга таскин берадики, биз акам, мен ва укам, отамнинг олдида жўровоз бўлиб, қўшиқ куйлаб, отамнинг имтиҳонидан ўтганмиз.
− Отам мен туғилган йиллари «Парвона» спектаклидаги Ўткурбекка жуда ҳавас қилган эканлар ва менга Ўткирбек дея исм қўйиб, дутор чалиб, қўшиқ айтишимни орзу қилган эканлар. Шунинг учун мусиқа мактабининг дутор синфига ўқишга қўйган эканлар, − деб эслайди ҳофизнинг кичик ўғли Ўткирбек. – Отамнинг орзуларини амалга ошириш учун дутор чалишни пухта ўзлаштирдим. Консерваторияни ҳам дуторчилик бўйича тугатаяпман ва, Худога шукур, отам орзу қилганидек, акаларимнинг ёнида дутор чалиб, қўшиқ ҳам айтаяпман.
– Маъмуржон ака билан битта маҳаллада, уч-тўрт уй нарида яшаганман, дадалари ҳавас қилиб, келин қилишган, – деб эслайди Қимматхон опа Тўхтасинова.– Элнинг меҳрини қозонган таниқли ҳофиз билан яшаганимдан Аллоҳга беҳисоб шукрона айтаман. Мен бахтли аёлман. Маъмуржон ака билан қийин кунларни ҳам, ташвишли кунларни ҳам ўтказдик, аммо у киши борида ҳам, йўғида ҳам ўзгармадилар, ҳатто жуда машҳур бўлиб кетганларидан кейин ҳам заррача ўзгармадилар. Оилага, фарзандларга, яқинларига меҳрибон бўлиб қолавердилар…
Султонали Маннопов, Ўзбекистон халқ артисти, профессор:
− Маъмуржон мени устоз деб ҳурмат қиларди. Ҳар бир қўшиқни мукаммал ижро этгандагина магнит тасмасига ёздирар эди. Айниқса, бу соҳа билимдони Анвар Тожиевнинг меҳнатини юксак қадрларди. Шунинг учун ижролари қўшиқ шинавандаларига манзур бўлар эди ва ҳозир ҳам шинавандалар юрак ютиб эшитишининг боиси шунда. Бир воқеани ҳамон эслайман. 1995 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон маданияти ва санъати кунлари бўлди. Ўн кун давомида ижодий учрашувлар ўтказиб, санъатсеварлар билан яқиндан мулоқот қилдик. Хайрлашув концертида Маъмуржонга «Буни умр дерлар» қўшиғини айтишини маслаҳат бердим. Маъмуржон саҳнага чиқиб, торни шундай чалдики, томошабинлар қарсак чалиб юбордилар. Қўшиқ тугагач, томошабинлар ўринларидан туриб олқишладилар ва саҳнага яна таклиф қилишди. Маъмуржон саҳнага қайтиб, қўшиқни авжидан қайтарди. Бундай ҳолат санъаткор ижодида камдан-кам бўлади.
Сўнгсўз ўрнида
Маъмуржон Тўхтасинов ҳақидаги хотиралар бир-икки мақолада поёнига етмайди. Зеро, ундан яхши ном қолди, яхши ишлар қолди, яхши фарзандлар қолди, яхши қўшиқлар қолди, «Яхшилиғ» қолди…
Мақоламизни ҳофизнинг ўзи куйлаган байт билан мухтасар қилдик:
Бори элга яхшилик қилғилки, мундин яхши йўқ,
Ким дегайлар даҳр аро қолди фалондин яхшилиғ…
Маъмуржон Тўхтасиновни ҳали кўп эслаймиз.
Айтганча, Тўхтасиновлар оиласида яна бир Маъмуржон Тўхтасинов пайдо бўлди. Ҳофизнинг ўғли Уйғунжон ўғлига Маъмуржон деб исм қўйди. Маъмуржон Тўхтасинов орамизда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter