Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Қозоғистон элчиси: “Бу ижодкорнинг мероси минтақа халқлари бирлигини мустаҳкамлайди”

Қозоғистон элчиси: “Бу ижодкорнинг мероси минтақа халқлари бирлигини мустаҳкамлайди”

Улуғ маърифатпарвар Абай ислом-шарқ ва рус-европа фалсафасини ягона гуманистик концепцияга бирлаштира олгани сиймодир, дейди Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Бейбут Атамқулов.

Тошкентда бўлиб ўтган “Абай Қўнонбоев маънавий меросининг Марказий Осиё халқлари маданий интеграциясини мустаҳкамлашдаги ўрни” мавзусидаги халқаро анжуманда нутқ сўзлаган дипломат шоир ижодининг ўзига хос жиҳатларига тўхталди. Тадбир Марказий Осиё халқаро институти ва Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчихонаси ҳамкорлигида ташкил этилди.

“Абайнинг юбилейи миллий доирадан чиқиб, умумцивилизациявий аҳамият касб этган ҳодисадир. Негаки, Абай ўз ижодида араб, форс, турк, рус ва Ғарбий Европа тафаккур тарзини бирлаштириб, Шарқу Ғарб ўртасида чинакам маънавий кўприкка айланган эди. Унинг инсонпарварлик, билимсеварлик, бағрикенглик, тинчликсеварлик каби қадриятлар акс этган маънавий мероси минтақамиз халқларини бирлаштиришга хизмат қилади”, – деди Бейбут Атамқулов.

Қайд этилишича, жаҳон адабиётидан муносиб ўрин эгаллаган Абай моҳир таржимон сифатида Алишер Навоий, Фирдавсий, Низомий, Саъдий, Ҳофиз каби улуғ мутафаккирлар, Пушкин, Лермонтов, Гёте, Байрон, Шиллер каби янги давр ижодкорлари асарларини қозоқ тилига ўгирган.

2018 йил 13 мартда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев ижодий меросини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди.

Қозоғистон элчиси ушбу ҳужжатни ёдга олар экан, Ўзбекистонда Абай меросини тарғиб этиш, шоир асарларини таржима қилиш, умуман, маданий бирдамликни мустаҳкамлаш бўйича олиб борилаётган кенг қамровли чора-тадбирлар учун миннатдорлик билдирди.

Дипломат минтақада умумий маънавий маконни шакллантиришда ўзбек адабиёти ва маданий ҳамжамиятининг ҳам ўрни катта бўлганини таъкидлади.

Аввал хабар берганимиздек, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Абай таваллудининг 180 йиллигига бағишланган тантанали тадбир иштирокчиларига йўллаган табригида улуғ мутафаккирнинг таълимоти ҳалигача долзарблигини йўқотмаганини қайд этганди.

Абай Қўнонбоев (1845–1904) – қозоқ ёзма адабиётининг асосчиси, файласуф, педагог, бастакор, таржимон, маърифатпарвар. Араб, форс, туркий ва рус тилларини пухта эгаллаган, Шарқ ва Ғарб адабиётини чуқур ўрганган мутафаккир қозоқ адабиёти ва маънавиятида ўчмас из қолдирган. Унинг “Қора сўз”, “Насиҳатлар” каби асарлари миллатнинг ахлоқий, диний, фалсафий тафаккурини бойитишда муҳим ўрин тутган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг