Самолётдаги нотаниш ҳамроҳ: Амитабҳ Баччан ҳикояси

Ҳиндистоннинг машҳур актёри Амитабҳ Баччан шундай ҳикоя қилади:
– Фаолиятим чўққисига чиққан, мамлакатда ҳам, хорижда ҳам таниқли бўлган вақтларим эди. Бир сафар манзилимга самолётда боришимга тўғри келди.
Самолётга ўтирдик. Ён томонимдаги ўриндиқда одмигина кийинган, кўринишидан ўқимишли, содда ва самимий тасаввур қолдирадиган бир киши жойлашди. Табиийки, бортдаги бошқа йўловчилар мени таниб, мулоқотга киришишга ҳаракат қилишар, аммо бу киши пинагини ҳам бузмасдан, борлигимдан бехабардай қўлидаги китобни хотиржам мутолаа қилиб кетар, баъзан илюминатордан ташқарига қараб қўяр эди.
Борт хизматчилари чой тарқатган вақтдан фойдаланиб, бу нотанишни гапга солгандай жилмайиб қараб қўйдим. У ҳам жавобан мулойим жилмайиб салом берди ва суҳбатлашишга шароит пайдо бўлди. Мен суҳбатимизни филмлар тарафга бурдим-да, ундан қанақа кинолар кўришга қизиқишини сўрадим.
– Киноми, жуда камдан-кам ҳолларда кўраман, охирги бор кўрганимга бир неча йиллар бўлиб қолди, – деб жавоб берди жаноб.
Шунда унга ўзимни танитмоқчи бўлиб, кино саноатида ишлашимни айтдим. Шеригим эса:
– Жуда яхши, кино саноатида нима иш билан шуғулланасиз? – деб сўради. Таниса таниб қолар деб актёр эканлигимни, кўплаб кинофильмларда рол ўйнаганимни айтдим. У гапимга шунчаки, «шундайми, ҳа, яхши» деб бош ирғади-да, яна қўлидаги китобни мутолаа қилишга тушиб кетди.
Манзилимизга етиб, самолёт қўнганида ҳамроҳим билан хайрлашиш олдидан «Айтганча, менинг исмим Амитабҳ Баччан», деб қўл узатдим. У киши таббасум билан қўлимни сиқиб, «Раҳмат, сиз билан танишганимдан хурсандман, мен кичик Тата бўламан» («Тата» фирмасининг раиси), деб жавоб берди (изоҳ: «Tata Group» Ҳиндистонда машинасозлик, авиасозлик, металлургия, маиший техника ва бошқа соҳаларда йирик ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Бугунги кунда 8 та секторда 114 та компанияни бирлаштириб турадиган 935 минг ишчиси мавжуд гигант компания).
Ҳаёт қандай ҳамроҳларни йўлиқтиришини билмайсиз экан. Ўша куни тушундимки, ўзингизни қанчалик баланд санаманг, ҳар доим сиздан юқорироқ, каттароқ одам барибир чиқади экан. Инсон камтар бўлса ҳеч нарса ютказмайди, ҳурмати ҳам, ҳиммати ҳам камайиб қолмайди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter