Ҳиндулар қаҳрамони «Чингачгук» Самарқандда бўлганми?

Кино мухлислари фильмлардаги ўзлари севган қаҳрамонларни ардоқлашади. Шундай ардоққа лойиқ экран тимсолларидан бири 1960-йилларнинг охири – 70-йилларда ўз озодлиги учун оқ танлиларга қарши курашган ҳиндулар қаҳрамони Чингачгук эди.
Ҳиндулар ҳаёти акс эттирилган фильмлар ГДР (собиқ Германия Демократик Республикаси)нинг «ДЕФА» киностудияси томонидан суратга олинган. Бош қаҳрамон туркум фильмларда суратга тушиб, киномухлисларда чуқур таассурот қолдирганди. Уни севиб қолган кўплаб томошабинлар ҳиндулар ҳақидаги бошқа фильм қаҳрамонларини ҳам Чингачгук деб аташарди.
Бош қаҳрамон ролини асли югославиялик серб миллатига мансуб, спортчи бўлган актёр Гойко Митич ижро этган. Катта-кичик киноэкранларда кўплаб марта намойиш этилган ҳиндулар ҳақидаги фильмлар қаҳрамони ижрочиси собиқ иттифоқ киномухлисларининг «биринчи ҳинду»си, «Чингачгук» номига сазовор бўлган эди.
Гойко Митич «Чингачгук – улкан илон» фильмигача «Катта айиқ болалари»да (1966) суратга тушган. Бу пайтда у янада улкан тажрибага эга бўлди. «Чингачгук – улкан илон» собиқ иттифоқ кинопрокатида катта муваффақиятга эришади. Жаҳоннинг олтидан бир қисмини эгаллаган собиқ иттифоқда Гойко Митич киноюлдузга айланади. Кейин унинг иштирокидаги бошқа фильмлар ҳам намойиш қилина бошланди: «Лочин изидан» (1968), «Оқ бўрилар» (1969), «Мудҳиш хато» (1970), «Оцеола» (1968), «Северино» (1970), «Текумзе» (1972), «Апачилар» (1973), «Ульзана» (1974) ва бошқалар...
1960-йилларнинг охири 1970 йиллар бошида ҳиндулар ҳақида киноасарлар 1950 йилларда машҳур бўлган «Тарзан» фильми юксаклик даражасидан ҳам ошиб кетади. Болаларда ҳиндуларга нисбатан муҳаббат пайдо бўлади, қизиқиш кучаяди.
Дарвоқе, «Апачи» ва «Ульзана» фильмларидаги табиат лавҳалари Ўзбекистонда, Самарқанд шаҳридан 40 километр жанубдаги Қоратепа тизмалари қояли этакларида суратга олинганини кўплар билмаса ва эсламаса керак.
Мазкур фильмлар суратга олинган жой Самарқанднинг Ургут тумани Қоратепа қишлоғи, Зарафшон ва Туркистон тоғлари оралиғига яқин ҳудудда жойлашган. Қоратепада катта ва ғаройиб тешиктош бўлиб, одамларни ўзига ром этиб келган. Тошнинг емирилиши ва шамоллар таъсирида гўзал ва мафтункор «санъат асари» бунёд бўлган. Шу боис одамлар мазкур дарадаги тошни «Тешиктош» деб атайдилар. Тош табиатнинг беқиёс мўъжизасини ўзида намоён этган.
«Апачи», «Ульзана» фильмлари режиссёри Готфрид Кольдиц баъзи кадрларни суратга олиш учун қулай маскан топа олмай, анча вақт овора бўлган. Пировардида Ўзбекистоннинг Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Қоратепа қишлоғи ҳудудидан жой топган. У ердаги катта тешиктош ҳам режиссёрга маъқул тушган. Шу тариқа ДЕФА киностудияси «Апачи», «Ульзана» фильмларининг бир қисми тешиктош жойлашган ҳудудда тасвирга олинди.
Режиссёр Готфрид Кольдиц таъкидлашича, Қоратепа ҳудуди катта, кенг панорамалари, пейзажлари билан АҚШнинг Жанубий Ғарбига жуда ўхшаб кетар экан. Шунинг учун режиссёр суратга олиш ишларини жадал бошлаган. Мазкур фильмларда дунёнинг машҳур актёрлари билан бирга маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам қатнашган. Тешиктош атрофида ҳиндулар билан кечган воқеалар кадрлари жуда ишонарли чиққан.
Актёр Гойко Митич мазкур киноасарларда сценарий муаллифи, фильмнинг постановкачи режиссёри, актёр сифатида қатнашди. Сервиқор Ургут тоғлари, фантастик қоялар, шамол ҳисобига тоғлардан келаётган товушлар, жарликлар орасида яшаётган йиртқич қушлар уни ҳайратга солганди. Яна меҳмондўст, қалби тоза маҳаллий аҳоли бағоят ёқди.
Гойко Митич ўз интервьюларида фильмлар суратга олинган жойларни шундай эслаган:
«Ҳали-ҳали эсимда: ёзнинг жазирама иссиқ кунларида чопон кийган оқсоқоллар пиёлаларда оғизни куйдирувчи иссиқ кўк чой ичишарди. Қизиғи, улар бу чойни менга ҳам ичиришарди. Бора-бора шунга ўргатиб қўйишди. Эҳромсимон шаклда тахланган катта тарвузлар ҳар бир кўчада бор эди, улар роса чанқоқбости бўлиб, ширин мазаси ҳанузгача оғзимда турибди.
Оппоқ соқолли қария фильмдаги шеригим шортикда юргани учун, бундай юришингиз мумкин эмас, ахир аёлларнинг кўзи тушади, бошқача кийининг, деб, қаттиқ танбеҳ бергани ҳам ёдимда. Мени маҳаллий аҳолининг уятчанлиги лол қолдирган.
Фильм учун Самарқанд ёнидаги ҳудудда Мексикадаги Чиуауа чўли ҳудуди тасвири яққол равишда яратилганди, ҳиндулар қатнашган оммавий (массовка) саҳналарда эса Алишер Навоий номли жамоа хўжалигининг аҳолиси эркаклари иштирок этишганди. Аммо маҳаллий аҳолини ҳиндуларга ўхшатиш учун белигача ечинтириш жуда қийин бўлган. Уларни зўрға кўндиргандик, шунда ҳам бир-бирларининг устидан қаҳқаҳ отиб кулишарди».
Ҳозир оммавий саҳналарда ҳиндулар ролини ижро этган маҳаллий аҳолида сақланиб қолинган Гойко Митич дастхатларида фақат бир хил ёзув бор: ҳикматли сўз «Ҳаммаси яхши».
Кесайиб қолган актёр Гойко Митич ҳозирги кунда Германияда яшайд. У ҳали ҳам Самарқандга келиб, шуҳрату шон-шарафга буркаган – «ҳиндулар қадами етган» жойларда юришни орзу қилади...
Абдурашид Қўзибоев.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter