«65 та тарих...» – судда «Док-1 Макс»дан вафот этган болаларнинг яқинлари эшитилди
Ўтган йилнинг декабрида Самарқанддаги шифохоналарда 18 нафар, кейинчалик эса республика бўйича 65 нафар боланинг ўлимига сабаб сифатида кўрилаётган «Док-1 Макс» сиропи можароси айни кунларда Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида турли лавозимларда ишлаб келган 21 нафар шахснинг маҳкамага тортилиши билан давом этяпти.
Бугун, 1 ноябр куни «Док-1 Макс иши» бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда томонлар, ОАВ вакиллари ва Тошкент, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларидан келган жабрланувчилар иштирок этди.
Бугунги суд мажлисида томонлар жабрланувчиларни эшитди.
Дастлаб жабрланувчи – «Док-1 Макс» дориси сабаб 2 ёшли қизидан айрилган ўртачирчиқлик К.Адашевага сўз берилди.
Унинг суд терговидаги кўрсатмаларига кўра, қизи 2022 йилнинг 8 декабрида шамоллаб, йўтала бошлаган. Маҳаллий поликлиника уларга гриппга қарши муолажалар ёзиб беради. Адашева шифокор рецепти бўйича дориларни олади, бироқ дорихонада сотувчи шифокор ёзиб берган дори (сироп) ўрнига «Док-1 Макс» сиропини бериб, шунинг яхшилигини айтиб тавсия қилади.
Аёл дориларни олиб келиб қизига ичира бошлайди. Бироқ 2 ёшли қизнинг тана ҳарорати тушмайди. 13 декабр куни яна шифокорларга олиб боради. Ва яна «грипп» ташхиси ва дорилар ёзилган рецепт билан уйга қайтади.
– Боламнинг пешоби келмай қолганидан кейин Нурафшондаги поликлиникага олиб бордим. Улар ҳам боламга «грипп» ташхисини қўйди ва шамоллаш ўпкасига ўтганини айтишди. Боламнинг аҳволи оғирлигини, шифохонага ётишим кераклигини айтишди, – дейди Адашева бўлиб ўтган ҳолат билан таништирар экан.
Унинг айтишича, у қизини олиб шифохонага жойлашган. Шифокорларга қизининг тана ҳарорати тушмаётгани, қайт қилиб, ҳеч нарса емай қўйганини айтган. Шифокорлар эса болага томчидори ва яна қатор дорилар ёзиб беради. Шифохонада боланинг пешобини чиқариш учун катетер (пешоб чиқариб олишга мўлжалланган найча, тиббий асбоб, -таҳр.) топилмайди. Қизчанинг отаси ярим тунда Тошкентдан топиб олиб боради.
Бора-бора бола ҳолсизланиб, кўзини очолмай қолади. Бола жонлантириш бўлимига олинади. Она касаллик балки ошқозондадир деган тахмин билан шифокорлардан унинг ошқозонини ювишни илтимос қилади.
– Шундан кейин бола сал кўзини очди, енгиллашгандай бўлди. Шу билан Тошкент шаҳридаги 16-шаҳар шифохонасига олиб келолдик, – дейди Адашева.
Онанинг айтишича, қизи Нурафшонда 2022 йилнинг 15 декабрида жонлантириш бўлимига тушган, 16 декабр куни эса Тошкентга олиб келишган.
16-шаҳар шифохонасида болага гемодиализ қилган. 17 декабрда эса қизалоқ комага кирган...
– Дўхтирларга айтар сўзим, беморларга сал масъулиятни ҳис қилиб қарасин. Агар (тузатишга, -таҳр) кўзи етмаса, бошқа дўхтирга жўнатиши керак. Икки ўртада бола ўлди, мана...
Комага кирганидан кейин 23 декабрда жони узилди, – дейди К.Адашева ўзини йиғидан тўхтатолмай.
Суд терговида, шунингдек, Жиззах вилоятидан келган, шахсини ошкор қилишни истамаган онанинг ҳикояси эса яна ҳам қайғули.
У ҳам,тахминан 2022 йилнинг 14 декабларида, ўғлига «Док-1 Макс»ни дорихонадан олиб берган.
– Октябр ойида ҳам бергандим, ўшанда яхши бўлиб кетган эди. Шунинг учун бу сафар ҳам ўзим дорихонадан олиб бердим. Кўп ҳам ичмаган эди. Бир марта мен, яна бир марта эса турмуш ўртоғим берган, – дейди жиззахлик аёл.
16 декабр куни боланинг отаси унга сироп берганидан кейин бола овқатланмай қўйган. Иситмалаган ва овқатланмай қўйган бола бир кун уйда қолганидан сўнг, 18 декабр куни Жиззах шаҳридаги кўп тармоқли болалар шифохонасига олиб борилади. Бироқ бахтга қарши бу ерда болалар учун қўйиладиган диализ топилмайди ва ота-она 19 декабрга ўтар кечаси болани олиб Тошкентга қараб йўлга чиқади.
Тошкент шаҳридаги 16-шаҳар шифохонасида болага диализ қўяди. Боланинг аҳволи барибир ўнгланмайди ва 3-4 кундан кейин комага тушади. Бола комадан чиқмай 2022 йилнинг 22 декабрида вафот этади...
Боласининг бетоблиги ва кундан-кунга сўлиб бораётганини кўрган, моргдан олиб чиқаётганида экспертиза учун ёрилган жасадига гувоҳ бўлган ота эса шу давр ичида икки марта инфарктни бошидан ўтказади ва 2023 йилнинг апрелида вафот этади.
Элбек Боймурадов
Xabar.uz
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter