Олмалиқда зилзила талабларига жавоб бермайдиган «дом» қурилиши тўхтатилди
Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри И.Каримов маҳалласида қурилаётган 9 қаватли турар-жой биноси қурилиши вақтинча тўхтатиб қўйилди.
Бунга қурилиш жараёнида аниқланган қоидабузарликлар ва сифатсиз бажарилган ишлар сабаб бўлган.
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекцияси берган хулосаларга кўра, ушбу турар-жой биносини қуришда ШНҚнинг «Зилзилавий ҳудудларда қурилиш» меъёр талаблари бузилган ва объектда техника хавфсизлиги қоидаларига риоя этилмаган.
Шунингдек, хавфсизлик ленталари тортилмай опалубка монтаж ишлари бажарилган. Опалубка монтаж ишларида эса лойиҳадан четга чиқиш ҳолатлари кузатилган.
Бундан ташқари объект қурилишининг лойиҳа ва қурилиш меъёрлари талабларига мувофиқ амалга оширилганлиги юзасидан ижро схемалар, ишлатилган қурилиш материалларининг сифатини тасдиқловчи паспорт ва сертификатлар, ёпиқ ишлар далолатномалари ШНҚ талабларида белгиланган ижро ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилмаган.
Маълум қилинишича, юқорида кўрсатиб ўтилган қоидабузарликларни лойиҳа ва қурилиш меъёрлари талаблари асосида бартараф этилиши юзасидан техник назоратчи ҳамда пудратчи масъулларига тегишли кўрсатмалар берилган.
Пудрат ташкилоти раҳбари эса мазкур ўрганишлар якунига кўра МжТКнинг 99-моддасига асосан жаримага тортилган.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter