Тошкент немис тили ўқитувчилари анжуманига мезбонлик қилди
7 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон немис тили ўқитувчиларининг XVII анжумани ўз ишини бошлади.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети мезбонлигидаги илмий-маърифий тадбир Германиянинг Тошкентдаги элчихонаси томонидан Гёте институти, Швейцария элчихонаси, Германиянинг хориждаги мактаблар бош бошқармаси (ZfA), Ўзбекистон немис тили ўқитувчилари уюшмаси (DLV) ва Германия академик алмашинув хизмати (DAAD) ҳамкорлигида ташкил этилди.
Бу йил анжуманда Ўзбекистон бўйлаб 250 дан ортиқ немис тили ўқитувчилари ва Марказий Осиёдаги мактаблар директорлари иштирок этди.
Икки кунлик тадбирда немис тилини янада оммалаштириш, бу бўйича янги ўқув-услубий қўлланмалар жорий қилиш, ўқитувчиларнинг илмий-педагогик салоҳиятини оширишга эътибор қаратилди.
Германиялик ва ўзбекистонлик маърузачилар томонидан турли мавзуларда семинар ва маҳорат дарслари ўтказилди, немис тилини ўргатиш ва ўрганиш бўйича замонавий усуллар муҳокама этилди.
Анъанавий анжуман педагоглар учун тажриба алмашиш ва ўз фанига доир янгиликлардан хабардор бўлиш майдони саналади.
Ўзбекистонда немис тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Бугунги кунда 300 мингдан ортиқ мактаб ўқувчиси, 19 минг нафар талаба ушбу тилни ўрганмоқда.
24 та мактабда немис тили чуқурлаштирилган тарзда ўргатиляпти. Улардан 6 таси, яъни Тошкент, Самарқанд, Марғилон, Фарғона, Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги мактаблар олмон тили дипломини (DSD) бериш ҳуқуқига эга. Ҳозирда ушбу хорижий тилни боғча, мактаб ва университет босқичларида, узлуксиз равишда ўқитишга эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимиз бўйича 3 мингдан ортиқ ўқитувчи Гёте тилидан дарс беради.
Аввал хабар берганимиздек, Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербокнинг 2022 йил ноябрь ойидаги Ўзбекистонга ташрифи мобайнида немис тилини ўрганиш ва ўргатиш мавзуси ҳам кўтарилган.
Германиянинг аввалги элчиси Тило Клиннер Ўзбекистон немис тилини ўрганувчилар сони бўйича Осиёда 1-ўринда эканини мамнуният билан қайд этганди.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter