Ўзбекистонда Гёте тилини ўрганаётганлар сони ортмоқда
Ўзбекистонда Германияда таълим олиш ва олмон тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги президент Шавкат Мирзиёевнинг 2-3 май кунлари ўтиши кутилаётган Германия сафари арафасида чоп этган мақолада сўз боради.
Бугунги кунда Ўзбекистонда 300 мингдан ортиқ мактаб ўқувчилари, 19 минг нафар талаба Гёте, Шиллер ва Кант тилини ўрганмоқда. 24 та мактабда олмон тили чуқурлаштирилган тарзда ўргатиляпти. Улардан 6 таси, яъни Тошкент, Самарқанд, Марғилон, Фарғона, Андижон ва Бухоро шаҳарларидаги мактаблар олмон тили дипломини (DSD) бериш ҳуқуқига эга. Ҳозирда ушбу хорижий тилни боғча, мактаб ва университет босқичларида, узлуксиз равишда ўқитишга эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, 4000 дан ортиқ ўзбекистонлик аспирант ва докторантлар Германиянинг турли университетларида таҳсил олмоқда.
2021 йил Мюнхен техника университети билан ҳамкорликда Тошкентда Янги Ўзбекистон университети ташкил этилди ва Мюнхен техника университетининг фахрий ректори, профессор Вольфганг Ҳеррманн ушбу олий таълим муассасасига ректор этиб тайинланди.
Сўнгги 5 йилда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 24 фоизга ошди. Хусусан, 2022 йилда ушбу кўрсаткич 51 фоизга, Ўзбекистон маҳсулотларининг Германияга экспорти эса 21 фоизга кўпайди.
Юртимизда олмон сармояси иштирокида 219 та компания, жумладан, 97 та якка тартибдаги корхона фаолият кўрсатмоқда. Ўзбекистон бозорида Германиянинг етакчи ишлаб чиқарувчилари – «Deutsche Kabel», «Knauf», «Claas», «Papenburg» ва «Falk Porsche» муҳим ўринга эга. «Siemens», «BASF», «Thissen Group», «Roland Berger», «Adidas Group» каби ўз соҳасида етакчи компаниялар билан ҳамкорлик йўлга қўйилган. «Deutsche Bank», «Commerzbank», «Landesbank» билан молиявий соҳадаги алоқалар ривожланмоқда.
Кенгайиб бораётган иқтисодий-молиявий робиталар ҳам олмон тилини мукаммал эгаллаган мутахассисларга бўлган талабни кучайтирмоқда.
Аввал хабар берганимиздек, Германиянинг Тошкентдаги элчиси, ҳуқуқшунослик фанлари доктори Тило Клиннер Ўзбекистон олмон тилини ўрганувчилар сони бўйича Осиёда 1-ўринда эканини мамнуният билан қайд этган эди.
2017-2021 йилларда Ўзбекистонда Германияни тамсил этган элчи Гюнтер Оверфельд ҳам мамлакатимизда тил ўрганишга қизиқиш ошиб бораётганини қайд этар экан, ҳатто тоғда чўпонлар ҳам олмон тилида мулоқот қилганини ҳайрат ила баён қилганди.
Маълумот ўрнида, 2022 йил октябрь ойи охирида Ўзбекистонга ташриф буюрган Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок Тошкентдаги олмон тили чуқур ўргатиладиган 60-мактабда ҳам бўлган. Ушбу мактабга 2019 йилда буюк мутафаккир Иоган Вольфганг фон Гёте номи берилган. Икки давлат ташқи ишлари вазирлари учрашувида бошқа муҳим масалалар қаторида олмон тилини янада оммалаштириш ва ўқитиш даражасини ошириш бўйича кенг қамровли лойиҳа ҳам муҳокама қилинган.
Ўзбекистонда Гёте институти, Германия Халқ университетлари ассоциациясининг Халқаро ҳамкорлик институти, Хориждаги мактаблар марказий бошқармасининг ваколатхонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Тошкентда олмон тили ўқитувчилари анжумани мунтазам ўтказилмоқда.
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter