Зиёрат ва экотуризм: Тошкент вилоятининг янги нафаслари
Бугун туризм нафақат саёҳат, балки тараққиёт, маданият ва маънавият тимсолига айланиб бормоқда. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда туризм соҳасига бўлган эътибор тобора кучайиб, у иқтисодиётнинг муҳим тармоқларидан бири сифатида шаклланди. Ана шу жараёнда Тошкент вилояти ўзининг бетакрор табиати, бой тарихий мероси ва муқаддас зиёратгоҳлари билан алоҳида ажралиб турмоқда.
Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудлари — Чотқол ва Қурама тизмалари, Угам-Чотқол миллий табиат боғи бугун экотуризмнинг ҳақиқий масканига айланган. Бу ерларда тоза тоғ ҳавоси, яшил водийлар, хилма-хил ўсимлик ва ҳайвонот олами инсонни табиат билан юзлаштиради. Пиёда саёҳат қилиш, тоғ йўлакларидан юриш, экологик экскурсияларда қатнашиш нафақат мароқли ҳордиқ, балки экологик тафаккурни шакллантиришга хизмат қилади. Айниқса, ёшлар ва талабалар учун ташкил этилаётган экоекспедициялар табиатни асраш ғоясини ҳаёт тарзига айлантирмоқда.
Чорвоқ ҳудуди эса дам олиш ва соғломлаштириш туризмининг рамзига айланган. Мовий сув, баланд тоғлар ва сокин манзара сайёҳларни ўзига ром этади. Бу ерда сув спорти, тоғ сайрлари, оилавий ҳордиқ чиқариш имкониятлари йил сайин кенгайиб бормоқда. Оҳангарон томонларда эса агроекотуризм ривожланиб, сайёҳлар қишлоқ ҳаёти, боғдорчилик ва чорвачилик жараёнлари билан яқиндан танишмоқда. Бу эса шаҳар ва қишлоқ ҳаёти ўртасидаги кўприкни мустаҳкамламоқда.
Тошкент вилояти фақат табиат эмас, балки чуқур маънавият маскани ҳамдир. Вилоят ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолар, тарихий-маърифий обидалар ва диний мажмуалар асрлар давомида халқимиз эътиқодининг пойдевори бўлиб келган. Бугун бу масканлар нафақат маҳаллий зиёратчилар, балки хорижий меҳмонлар учун ҳам муҳим манзилга айланмоқда. Зиёрат давомида инсон нафақат ибодат қилади, балки тарих билан суҳбатлашади, меъморий обидаларда ўзликни англайди.
Зиёрат туризмининг ривожи ҳудуд ҳаётига янги нафас олиб кирмоқда. Меҳмонхоналар, йўл инфратузилмаси, савдо ва ҳунармандчилик ривожланиб, минглаб одамлар учун иш ўринлари яратилмоқда. Миллий ҳунармандчилик буюмлари, сувенирлар ва маҳаллий таомларга бўлган қизиқиш эса маданиятимизни дунёга танитмоқда.
Бугун экотуризм ва зиёрат туризми Тошкент вилоятида бир-бирини тўлдирган ҳолда ривожланмоқда. Табиатни асраш, тарихий меросни муҳофаза қилиш, замонавий инфратузилма ва рақамли технологияларни жорий этиш бу йўналишларнинг келажагини белгилаб бермоқда. Энг муҳими, маҳаллий аҳоли бу жараённинг фаол иштирокчисига айланмоқда.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, Тошкент вилояти бугун табиат ва маънавият чорраҳасида жойлашган йирик туризм маконига айланмоқда. Экотуризм ва зиёрат туризмини уйғун ривожлантириш орқали вилоят нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам рақобатбардош, жозибадор туристик бренд сифатида намоён бўлиши шубҳасиз.
Гулнора Умурзақова,
Ижтимоий ва сиёсий фанлар институти
1-босқич магистри


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter