Энди ChatGPT сиз билан ҳақиқий одамлардек чақчақлашади
ChatGPT мутлақо янги имкониятларга эга бўлган GPT-Live овози модели тақдим этилди. Ушбу янгилик нафақат виртуал ёрдамчилар билан мулоқотни тубдан ўзгартиради, балки овозли технологиялар ривожини янги босқичга олиб чиқади.
GPT-Live моделининг энг асосий ва инқилобий янгилиги унинг full-duplex architecture (икки томонлама бир вақтнинг ўзида ишлайдиган архитектура) асосида қурилганидир.
Илгари мавжуд бўлган овозли моделлар маълум бир кетма-кетлик асосида ишлар эди, тизим аввал фойдаланувчининг гапини охиригача тинглаб, матнга ўгирар, сўнгра жавоб тайёрлаб, уни овозли шаклда тақдим этарди. Бу эса суҳбат давомида табиий бўлмаган узилишлар ва паузаларни юзага келтирарди.
GPT-Live эса тинглаш ва гапириш жараёнларини бир вақтнинг ўзида, параллел равишда амалга оширади. Эндиликда сунъий интеллект сизни эшитиб туриб, айни сониянинг ўзида жавоб қайтаришга ва берилган мураккаб вазифани бажаришга қодир. Мазкур технология туфайли машина билан мулоқот худди жонли инсон билан телефонда гаплашишдек табиий ва тезкор кечади. Янги модел фақатгина тезкор жавоб қайтариш билан чекланиб қолмайди. У мураккаб мантиқий вазифаларни бажариш жараёнида ҳам тўхтаб қолмайди.
Фойдаланувчи суҳбат давомида сунъий интеллектнинг гапини хоҳлаган вақтида бўлиши, унга янги кўрсатмалар бериши ёки мавзуни ўзгартириши мумкин. GPT-Live янги маълумотларни овозли нутқ жараёнини тўхтатмаган ҳолда қабул қилади ва ўз алгоритмларини ўша заҳоти мослаштиради.
Бу тизимдан нафақат оддий кундалик суҳбатдош, балки реал вақт режимида ишлайдиган таржимон, дастурлаш кодини овоз орқали таҳлил қилувчи ёрдамчи ёки мураккаб бизнес лойиҳаларни муҳокама қилишда ишончли шерик сифатида фойдаланиш имконини беради.
OpenAI ушбу янгилик орқали сунъий интеллект билан овозли алоқа ўрнатишдаги энг катта тўсиқлардан бири — технологик кечикиш муаммосини деярли тўлиқ ҳал қилди. Овоз тембри, ҳис-туйғуларни ифодалаш даражаси ва нутқнинг равонлиги суҳбатни янада жонли кўринишга олиб келади.
Мазкур овоз модели ChatGPT Voice тизимига босқичма-босқич интеграция қилиниши кутилмоқда ва тез кунларда кенг жамоатчилик учун тўлиқ фойдаланишга топширилади. Сунъий интеллектнинг мазкур ривожланиш тенденцияси яқин келажакда матнли буйруқлардан бутунлай воз кечиб, тўлиқ овозли бошқарув тизимига ўтиш учун мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter