Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

«Тушлик – ортиқча!» Никола Теслага саксон ёшида ҳам бардам бўлишига кўмак берган услуб ҳақида

«Тушлик – ортиқча!» Никола Теслага саксон ёшида ҳам бардам бўлишига кўмак берган услуб ҳақида

Бу таниқли олимнинг номи бутун оламга, биринчи навбатда, унинг ихтиролари билан боғлиқ. Teсланинг 140 йил яшашни орзу қилганини ва ҳатто умрини узайтириш учун махсус овқатланиш тизимини ишлаб чиққанини ҳамма ҳам билавермайди.

Teсла бутун ҳаёти давомида гўзал фазилатларини сақлаш билан бир қаторда, тановул қилган ҳар бир луқмасини диққат билан кузатиб борди. Унинг айтишича, миянинг тўлиқ ишлаши тўғри овқатланишга бевосита боғлиқдир.

1933 йилда 77 ёшли Teсла «New York Times» нашрига интервю бериб, унда жисмоний ҳолатини сақлашга ёрдам берувчи одатлари ҳақида гапирди: ихтирочи жуда кўп ҳаракатда бўлишга интиларди, чунки жисмоний фаоллик танадаги токсинлар ва тўпланган заҳарли моддаларни чиқариб ташлашга ёрдам беришини билар эди. Teслa ҳар куни 16 километр масофани пиёда босиб ўтар, кўп сузарди.

Ва яна у ошқозонда кислотали муҳит ҳосил бўлишига, танани кислоталашга олиб келадиган гўшт ва гўшт маҳсулотларини деярли истеъмол қилмаган. Мунтазам равишда сабзавот истеъмоли муҳимлигини англаган Никола Teслa баъзан рационига балиқни киритган – бу мия фаолиятига яхши ёрдам беради.

Шунингдек, у уйқуга ётишдан олдин бош бармоғини 100 марта сиқиб-очишни одат қилганди. Бу машқ унинг мия ҳужайраларини рағбатлантиришга ёрдам бериши ҳақида бир пайтлар ёзувчи Марк Зайфер билан суҳбатда айтган эди.

Замондошларининг айтишича, ҳатто 80га кирганида ҳам Teсла анча ёш кўринарди, ҳушбичим ва деярли ажинлари йўқ эди.

Тесла тўғри овқатланиш туфайли инсон 100 йилдан ортиқ яшаши мумкинлигига ишонарди. У озиқ-овқати ҳақида шунчалик қаттиқ қайғурар эдики, қайси меҳмонхонага тўхтаса, ошпазларга шахсан ўзи меню тайёрлаб берарди. «Инсон танаси – бу машина, – деган эди ихтирочи. – Шунинг учун уни асраб-авайлаш ва покиза сақлаш керак. Тана, худди машина каби, энг сифатли озиқланишга – мойга муҳтож. Мен ўзимнинг «машинам» ишини илмий тамойиллар ва биз яшаётган сайёрамиз қонунларига мувофиқ равишда тартибга солишга ҳаракат қиламан».

Ёшлигиданоқ Teсла овқатланишнинг турли назарияларини ўрганиб, овқатни узоқ ва яхшилаб чайнаш, бўлагича ютиб юбормаслик, керак деган хулосага келди. У, шунингдек, сабзавотли шўрвалар, бўтқа ва сут ошқозонга фойдали эканлигини аниқлади. Тесла кунига икки мартa – эрталаб ва кечки 7да овқатланарди. «Тушлик ортиқча, чунки танамиз нонуштадаги овқатни ҳазм қилишга улгурмайди, – дерди Teсла. – Бутун кун давомида қувватни тўлдириш учун нонуштада сариёғ ва юқори калорияли маҳсулотлар истеъмол қилган яхши, кечқурунга эса оқсилга бой овқатлар, масалан, тухум оқи, творог ёки пишлоқ бўлгани маъқул».

Teсла ловия, отқулоқ ва ясмиқ каби маҳсулотлардан воз кечишни маслаҳат беради. Унинг фикрича, бу ўсимликлар одамларда ревматизм ва юқори қон босими каби касалликларни келтириб чиқариши мумкин.

Умрининг охирида парҳезлар туфайли Teсла бироз заифлашди, бу эса олим оч қолгани ҳақидаги миш-мишларга сабаб бўлди. Аммо бундай эмас эди. У умрининг охирига қадар ишлашда ва ихтиро қилишда давом этди.

У 81 ёшида йўлни кесиб ўтаётиб машинадан қочмоқчи бўлганида йиқилиб тушди ва бир неча қовурғасини синдириб олди, аммо шифокорларга мурожаат қилмади. Тез ўтмай олим пневмонияга учради, лекин у мустақил оёққа турди.

Олим 86 ёшида вафот этди, ўлим сабаби тахминан томирлардаги қон қуюлиши эди. Ўша давр тиббиёти Тесла ўлимининг аниқ сабабини топа олмади.

Маълумот ўрнида: Никола Тесла – ихтирочи, олим, физик, муҳандис. Ўзгарувчан ток билан ишлайдиган қурилмалар ишлаб чиққан, эфир мавжудлигини исботловчи тажрибалар ўтказган кашфиётчи.

Замонавий биографларнинг фикрича, Никола Тесла 20-аср ихтироларига эгалик қилувчи шахсдир. У ўзининг илғор қарашлари ва ҳаётга бўлган ҳуқуқларини исботлаш қобилияти билан танилди. Олим илм-фан учун ақлга сиғмайдиган тажрибалар ўтказди, баъзан унинг номи ҳатто мистик кучлар билан ҳам боғланган. Бу, албатта, фантастика, аммо ҳали ҳам кўпчилик уни ёлғончи ва шизофреник, кўплар эса экстрасенс деб билади. Ўз даврида ҳам атрофидагиларнинг айримларигина уни буюк олим ва ихтирочи сифатида тан олган. Бироқ ҳақиқат шуки, у электродвигател ва генераторни кашф қилган, ўтказувчан ток ёрдамида кўп фазали қурилмалар устида иш олиб борган.

Тесла 1856 йилнинг 10 июлида Сербиянинг Госпич шаҳарчасидан олти чақирим келадиган тоғли қишлоқ – Смилянда туғилган. Унинг отаси Милутин Тесла Сремск епархиясининг руҳонийси эди. Онаси Жоржина Тесла эса ҳеч қаерда ишламаган, асосан болалар тарбияси билан машғул бўлган. Никола ўқишни қишлоғидаги мактабда бошлаган. Шароитлари оғир, ўқитувчилар етишмаса-да, Теслага бу мактаб ёқарди.

Госпич шаҳарчасига кўчиб кетишлари ҳақида эшитганида Тесла анча хафа бўлган. Отасининг мартабаси кўтарилгач, оила зудлик билан қишлоқни тарк этди. Бу шаҳарчада Тесла бошланғич мактабда ўқиди, уч йилдан сўнг уни гимназияга беришди. Ота-онаси қаттиқ меҳнат қилиши керак эди, шунинг учун болалар тез-тез қариндошлари назорати остида қоларди. У оиласига ҳар томонлама кўмак беришга ҳаракат қилди, кейин шахсий харажатларига отасидан пул сўрамаслик учун заводга ишга кирди. 1870 йили Никола Карловац шаҳрига кетди ва Олий мактаб талабаси бўлди. Ўшанда у атиги 14 ёшда эди.

У.Йўлдошев тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг