Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Тошкентда 100 дан зиёд олмон тили ўқитувчилари жам бўлди

Тошкентда 100 дан зиёд олмон тили ўқитувчилари жам бўлди

Анжуманда тил ўргатишнинг илғор услублари баён қилинди.

Фото: Гёте институти

3 ноябрь куни Тошкент давлат иқтисодиёт университетида XV олмон тили ўқитувчилари анжумани бошланди. Илмий-маърифий тадбирни очиб берган Германиянинг юртимиздаги элчиси ўринбосари Алис Волькен олмон тилининг Ўзбекистон ёшлари учун ўқиш, ишлаш ва малака оширишдаги аҳамияти ҳақида гапирди.

Дипломатга кўра, жорий йил 1 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳамда Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок учрашувида олмон тилини ўрганиш ва ўргатиш мавзуси ҳам кўтарилган.

Икки кунлик анжуманнинг очилишида Тошкентдаги Гёте институти ҳамда ТДИУ раҳбари, DAAD, ZfA ташкилотлари, Швейцария элчихонаси ҳамда чет тилларни оммалаштириш агентлиги вакиллари иштирок этди.

Мамлакатимизнинг турли вилоятлардан келган 100 дан зиёд олмон тили ўқитувчилари учун маҳорат дарслари, амалий машғулот ва семинарлар ташкил этилмоқда.

Таҳлилларга қараганда, кейинги йилларда Ўзбекистонда олмон тилини ўрганишга қизиқиш ортиб бормоқда. Ҳозирда уни боғча, мактаб ва университет босқичларида, узлуксиз равишда ўқитишга эътибор қаратилмоқда.

Аввал хабар берганимиздек, жорий йил 1-2 ноябрь кунлари Германия федерал ташқи ишлар вазири Анналена Бербок юртимизда меҳмон бўлди.

Ўзбекистон ҳамда Германия ташқи ишлари вазирлари учрашувида бошқа муҳим масалалар қаторида мамлакатимизда олмон тилини янада оммалаштириш ва ўқитиш даражасини ошириш бўйича кенг қамровли лойиҳа муҳокама қилинган.

“Биз Ўзбекистонда немис тилини чуқур ўрганадиган мактаблар сонини кўпайтиришдан манфаатдормиз”, – деган ташқи сиёсат маҳкама раҳбари Владимир Норов.

Ташриф доирасида А.Бербок ҳамда В.Норов Тошкент шаҳридаги олмон тилини чуқур ўқитишга ихтисослашган 60-мактабга ҳам борди.

Икки давлат вазирлари Тошкентдаги 60-мактабда. Фото: Ўзбекистон ТИВ

Бугунги кунда Ўзбекистонда олмон тили 12 та мактабда чуқур ўрганилмоқда, улардан 6 таси (Тошкент, Самарқанд, Марғилон, Фарғона, Андижон ва Пахтаобод) расман тан олинган диплом (Deutsches Sprachdiplom) бериш ҳуқуқига эга. 974 та мактабда 236 мингдан зиёд ўқувчи олмон тилни ўрганади, 3 мингдан ортиқ ўқитувчи ушбу тилдан дарс беради.

Эслатиб ўтамиз, 2017-2021 йилларда Германиянинг Ўзбекистондаги элчиси вазифасида фаолият юритган Гюнтер Оверфельд мамлакатимизда олмон тилига қизиқиш ошиб бораётганини қайд этар экан, ҳатто тоғда чўпонлар ҳам ушбу тилда мулоқот қилганини ҳайрат ила баён қилган эди.

Германиянинг ҳозирги элчиси, ҳуқуқшунослик фанлари доктори Тило Клиннер ҳам Ўзбекистон олмон тилини ўрганувчилар сони бўйича Осиёда 1-ўринда эканини мамнуният билан қайд этган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг