Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Аброр Зоҳидов

Келажакка умид қилиш яхши, аммо айни дам ҳам гўзал эканлигига шукр қилиш унданда яхши.

Ҳаммаси бекор гап! Метрода ҳалиям суратга тушириш мумкин эмас

Ҳаммаси бекор гап! Метрода ҳалиям суратга тушириш мумкин эмас

«Асрлар давомида амалда бўлган» чекловнинг ҳали-ҳануз бекор қилинмаслигига амин бўлиб, мақола мавзуси бўлган банкоматни ҳам унутиб ортга қайтдик.

Фото эмас бу. Қўлда ёзилган...

Ёдингизда бўлса, жорий йилнинг 5 апрель куни сайтимизда «Метродаги саргузаштлар. Суратга олиш мумкинмиди ўзи?!» номли мақола эълон қилгандик. Унда ички ишлар ходимлари дастлаб суратга олишга қаршилик қилганлари, олинган суратларни ҳам ўчириб ташлашга уринганлари, узоқ суриштирувлардан сўнг бу чеклов бекор қилингани тўғрисидаги маълумотдан бохабар бўлиб, суратлар ўчирилмагани ҳақида сўз борганди.

Аслида ҳаммаси сал олдинроқ бошланганди, 2018 йилнинг 7 февралида Халқаро пресс-клуб Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раҳбари Азиз Абдуҳакимов билан бирга уюштирган матбуот анжуманида бу расман эълон қилинди. Кейин Тошкент шаҳар ҳокимининг бу чекловни бекор қилиш бўйича қарори ҳам қабул қилингани ҳақида хабарлар тарқалди. Шу билан гўёки мавзу унутилди. Метрода суратга тушишга рухсат берилди, деб ҳисоблай бошладик.

Бу орада замон талабига мувофиқ инновациялар ҳаётимизга кенг қадамлар билан кириб кела бошлади. Шулардан бири метрода ҳам ишга тушибди. Махсус банкомат орқали жетон сотиш йўлга қўйилибди. Бу ҳам яхши янгилик-да — ҳамма ҳам касса ёнида навбат кутмай нақд пули ёки пластик картаси орқали жетон ўрнига чипта сотиб олаверади ва назоратчига кўрсатиб кириб кетаверади. Қулайлик-да ҳарқалай!

Дарҳол мухбиримизни ўрганиш ва мақола тайёрлаш учун жўнатдик. Қизиғи шунда бошланди.

«Мустақиллик майдони» бекатига ўрнатилган бу банкоматни томоша қилиш мумкин экану суратга олиш мумкин эмас экан. Бекатнинг бош назоратчиси бўлган опага ҳар қанча тушунтирмайлик, суратга олишга рухсат бермади.

— Ахир метрополитенда суратга олишга рухсат берилган-ку, — деб эътироз билдирдик биз ҳам.

— Бу рухсат ҳали бизга етиб келмаган. Суратга олиш учун раҳбариятимизга мурожаат қиласизлар, улар махсус бўлимга йўналтиришади. Махсус бўлим мурожаатни кўриб чиқади ва рухсат берса, бир ходимни сизларга бириктириб қўяди. Сизларнинг ходимларингизнинг ҳамма маълумотлари киритилиб (паспорт, гувоҳномалар, техника...) рухсатнома қилинади. Шундан кейин бириктирилган ходим назоратида суратга олишларингиз мумкин бўлади (аудиони тингланг).

Бу тақиқлар бекор қилинганини опага тушунтирдик. Кўз олдимизда бош назоратчи раҳбарияти билан боғланди. Афсуски, бу чеклов ҳануз амалда эканлигини телефон орқали жавоб берган масъул шахс (суҳбат жараёнида у кишининг Султон Собирович эканлигини билдик, аммо боғланиш учун телефонини ололмадик) ҳам бу талабларни тасдиқлади.

Хуллас, «асрлар давомида амалда бўлган» чекловнинг ҳали-ҳануз бекор қилинмаслигига амин бўлиб, мақола мавзуси бўлган банкоматни ҳам унутиб ортга қайтдик.

Метрополитен маъмуриятининг очиқ манбаларда эълон қилинган телефон рақамларига қўнғироқ қилдик. Ўзини Раҳматжон Абдураҳмонов деб таништирган метрополитен ходими чекловлар ҳануз амалда эканлигини тасдиқлади ва шундай деди:

— Суратга олиш учун рухсат олиш шарт. Дастлаб сайёҳлар учун рухсат берилганди. Аммо ҳозир улар ҳам расман мурожаат қилишлари керак.

— Сайёҳ Тошкентда кўп қолмайди. Ўзи бир икки кун турадиган одамга бу ортиқча ташвиш туғдирмайдими? Қолаверса «Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!» деган кенг қамровли акция ўтказмоқдамиз. Вилоятлардан келувчилар ҳам сайёҳ ҳисобланади. Улар ҳам шу шартларни бажаришлари керакми?

— Ҳа. Чунки талаб шунақа.

— Рухсат олганлар албатта суратларини интернетга жойлайдилар. Демак ҳамма бекатларнинг шундоқ ҳам суратлари бўлган интернет янада бойийди. Энди уни яширишдан мақсад нима?

— Бу саволингизга жавоб бера олмайман...

— Ҳеч бўлмаса керакли суратни олиш учун расмий сайтингиздан фойдаланиш истагида эдик. Аммо сайтларингиз ҳам ишламаяпти экан.

— Ҳа, шундай. Сайтимиз ишламаяпти.

Шу ўринда оз эмас, кўп эмас, учтагина мулоҳаза бор:

  1. Қачонгача бюрократияни маҳкам ушлаймиз (бюрократия сўзи оғир ботганлар битта сурат олиш учун қўйилган юқоридаги талабларни ўқисинлар)? Ҳар қандай метро бекатининг ҳар қандай бурчаги сурати интернетда манаман деб турибди-ку! Ёш бола ҳам топа оладиган бу суратларни кимдан ва нимадан яшираяпмиз?
  2. Инновация-инновация деймиз. Аммо йўлга қўйилган кичкина бир инновацион ютуқни ҳам оммага етказишга монелик қиладиган бўлсак, унинг нима кераги бор?
  3. Метрода суратга олиш мумкинлиги ҳақида бундан деярли тўрт ой аввал эълон қилинган бўлса-да, нега ўша чеклов бекор қилингани ҳақидаги буйруқ ҳануз бекатларнинг мутасаддиларига етиб бормаяпти?

Шу ўринда бир ташаббус кўрсатмоқчимиз — биз, «Xabar.uz» жамоаси, шу буйруқни керакли жойдан олиб, иккинчи пунктга етказишни ўз зиммамизга оламиз! Ўша буйруқ берилса бас. Барчага ўзимиз тарқатиб чиқамиз. Қачондир бу масалага узил-кесил нуқта қўйилиши керак-ку.

Яна бир гап — аввалги мақоламиз асосида суратга туширган ва изза бўлган муштарийлардан узр сўраймиз. Не ажабки ўтган кунги гап кечага, кечаги гап бугунга тўғри келмаяпти.

Изоҳлар 5

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг