Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Нурбек Алимов

Оз нарсани қурбон қилган одам, оз нарсага эришади. Кўп нарсани хоҳлаган одам эса кўпроқ нарсадан воз кечиши кераклигини билади.

«На чин мусулмонмиз, на кофир тамом...»

«На чин мусулмонмиз, на кофир тамом...»

Фото: «Xabar.uz»

Бугун кечаси билан ухлаганим йўқ, йўл юриб чарчаб келдим, лекин шу икки кун ичида хаёлимдан ўтган фикрларимни ёзмасам, шу воқеаларга ўз позициямни айтмасам, ўзимни кечирмас эдим.

Тасаввур қилинг: ҳокимликда селектор йиғилиши бўлаяпти. Ҳоким айтади: «Халқ таълими, тур, эртага эрталабдан ҳамма ходимингни йўл бўйига олиб чиқасан, комиссия келаяпти (бирорта каттакон келаяпти)». Биласизми фожиамиз нимада? Биз бирорта ишни бировнинг кўзи учун қиламиз. Каттакон ўтаётган пайтда йўлнинг бўйида ободонлаштириш ишлари саҳналаштирилиши керак. Ишонаверинг, агар ўша ишлаётганлар ҳеч нима қилмай, шунчаки эгилиб олиб ерни ушлаб турса ҳам ободончилик ишлари кетаяпти деган иллюзия пайдо бўлади. Шу етади.

Келаётган катта ойналари қорайтирилган «Мерседес»да 120 км/соат тезликда ўтиб кетади. У тўрт йил олий маълумот олган Эшмат кетмон чопиб гул экаётганини кўрмайди. Лекин ҳокимтўрага керак бу саҳна. Примитив ақли билан катта ўтаётганда туманни ҳамма ободонлаштираяпти, иш қайнаяпти деб ўйласин дейди...

Каттақўрғонлик ўқитувчилар ободонлаштириш ишларида.
Фото: «Xabar.uz»

Бизда йўлларни текис қилиш ўрнига йўлнинг четини гўзаллаштиришади. Бундан уч-тўрт йил илгари эса вилоятларда февраль ойида, ҳали гуллар чиқмасидан калтакка рангли қоғозлардан гул шакли ёпиштирилиб йўлларнинг бўйига суқиб чиқилар эди! Кимга керак бу масхарабозлик? Инсоннинг устидан бундан ортиқ кулиш мумкинми? Ўша пайтда Европадан келган меҳмонларга бунинг нима учун қилинаётганини тушунтира олмаганман. Қанақадир урф-одат бўлса керак деб ўйлашган... Ўша ишларни ҳам ким қилар эди? Қойил, дарров топдингиз: ўқитувчи ва врачлар.

Уларга бундан ташқари яна қандай ишлар юкланади?

Эрта баҳорда чигит экилишини массивма-массив кузатиш, ягана, ғўзага қурт тушса қуртни териш, пахтани териш, буғдойга отряд бўлиб чиқиш, пахта ёки буғдой планини бажармаган фермерларни топиб келиш, уларни шу планни бажаришга мажбурлаш, йўл бўйига гул эккани чиқиш, металлом йиғиш, обуна, сайловда имзо йиғиш, сайлов таклифномаларини тарқатиш, сайлов комиссиясига аъзо бўлиш, сиёсий партиялардан кузатувчи бўлиш, аҳоли сонини ҳисоблаш, аҳоли томорқасида нималар экилганини аниқлаш... Булар уларнинг функционал вазифаси бўлмиш болаларни ўқитишдан ташқари, шунчаки қўшимча вазифалар холос. Агар булардан бош тортса, ишдан ҳайдалади. Нима учун бизда аризангни ёз деган сўз жуда қўрқинчли сўз ҳисобланади? Чунки бошқа иш топиш қийин... Уч-тўртта боласи бор... Ун, мой, макарон олиши керак... Мактабларнинг ўзидаги тадбирбозлигу қоғозбозликларни қўшинг энди. Олдинлари ўқитувчи касбини танлаганидан фахрланган бўлса, ҳозирги ёшлар бу касбдан қочишади. Эртага фарзандларимизни ким ўқитади?

Диана Еникееванинг ота-онаси
Фото: «Xabar.uz»

Диананинг ота-онасининг расмини кўрдим... Ўзимнинг қизчам бор, шу қизим икки ёшда ва улғайгани сари сентиментал бўлиб кетаяпманми дейман шунақа боласи ўлганларни кўрганимда... Уларнинг мунгли нигоҳларига кўзларим дош бера олмади, тезроқ уйга бориб қизчамни қучоқлагим келди... У ҳам эртага мен ўқитувчи бўламан дейишидан қўрқиб олиб кетдимми ғарбга? Билмадим...

Хуллас, нима учун бизда ўқитувчилар олий табақадан энг қуйи поғонага тушиб қолдилар? Сабабларнинг илдизи қаерда? Мен доим бизнинг давлат на капиталист, на комунистик тизимда деб айтаман. Хайём айтганидай «на чин мусулмонмиз ва на кофир тамом».

Биз солиқлар йиғилиши, бизнес моделлари, банк, кредит масалаларида капиталистмиз, бошқарувда эса коммунистик принцип. Қонун устуворлиги деб бонг ураверамизу ўша қонунни ҳам кеча ўқитувчини босиб кетганидай янчиб кетишмаяптими айрим раҳбарлар? Бизда ободонлаштириш бошқармаларида ишлайдиган одамлар 500 минг сўм ойлик олиб ишлайди, мактабни ҳам битириш шарт эмас у ерда ишлаш учун. Ҳолландияда 20 млн сўм, Россияда 4-5 млн сўм олиб ишлашади шу соҳа вакиллари. Наҳотки юртнинг келажаги учун, ўқитувчиларни ўз ўрнига кўтариш учун ушбу соҳани ривожлантира олмасак?

Шундай қилиш керакки, ишсизлар ўзлари югуриб келсин мен ишлайман деб, ёки умуман ободонлаштирмайлик, кўкаламзорлаштирмайлик! Майли, юртимда гуллар ўсмасин... Аммо ўқитувчилар ўлмасин. Келажак авлодни етиштириб берувчи боғбонлар жувонмарг бўлиб кетишмасин...

Ҳаммага омонлик тилайман.

2018 йил 19 март

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг