Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Турсунали Акбаров

Йиғлаб борма, ҳўнграб чиқади!

Бош прокуратурада бир кун: Маҳкаманинг «дарчаси»дан эмас, «ичкариси»дан бир назар (биринчи қисм)

Бош прокуратурада бир кун: Маҳкаманинг «дарчаси»дан эмас, «ичкариси»дан бир назар (биринчи қисм)

Фото: «Xabar.uz»

...Кутмаганимиз рост, аммо амалда акси бўлди: Бош прокуратура таклифимизга ижобий жавоб қайтарди!

Нега кутмагандик?

Йиллар давомида шундай тасаввур шакллангандики, Бош прокуратура мисоли «зирҳли қўрғон», унинг фаолиятини ичидан кузатиш имконияти тушга ҳам кирмаса керак.

Тан олмаслик инсофдан бўлмас: кейинги икки йилда айни маҳкама бошқа давлат органларига қараганда анча очиқликка юз тутди. Бунинг учун анча-мунча эътирофларга сазовор бўлаётгани ҳам бор гап. Бироқ бу очиқлик қуввати журналистлар учун эшикни кенг очиб беришга етмаса керак, деган иштибоҳ устувор эди барибир.

Шунга қарамай, Бош прокуратурага таклиф киритдик: маҳкама фаолияти билан бевосита танишсак, иш жараёнининг гувоҳига айланиб, ходимлар билан суҳбатлашсак, хуллас, тизим фаолиятидаги очиқлик, шаффофликни фақат Матбуот хизмати «дарчаси»дан эмас,  «ичкаридан» кўрсак-билсак...

Таклиф лойиҳа шаклида бўлиб, «Бош прокуратурада бир кун» номи берилганди.

Жавоб кўп куттирмади.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Сурайё Раҳмонова раҳбарият таклифни мамнуният билан қабул қилганини етказди. Сўнг беозор оҳангда қўшимча қилди: осон бўлмайди лекин, ишхонамизда бир кун эмас, бир сутка қолиб кетишингиз эҳтимоли катта. «Чўчитяпсизми ҳозирдан?». «Келганда биласиз...».

Кеча келдик, билдик: огоҳлантириш бежиз эмас экан.

Қисқаси, кеча икки журналистнинг (камина ва «Gazeta.uz» мухбири Шуҳрат Латипов) куни Бош прокуратурада ўтди (эрталаб соат тўққиздан то соат 23:30 гача!). Маҳакама биносидан чиққанимизда ичкарида иш ҳамон «қайнаб ётган» эди.

...Ишни Матбуот хизмати фаолияти билан танишишдан бошлаб, сўнг Бош прокурор қабулхонасига кўтарилдик. Қабулхона иш жараёни қандай ташкил этилишидан воқиф бўлгач, ҳар бир бошқарма эшигини таққиллатдик. Бу орада Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорнинг кореялик ҳамкасби билан бўлган учрашуви иштирокчисига айландик ҳам. Қўлимизда «ташриф жадвали» йўқ эмасди, бироқ «немисча ҳисоб-китоб» бизгамас чоғи... Айниқса, Кадрлар, Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармалари бошлиқлари билан бўлган суҳбатлар яхшигина «қўр еб», вақт ўтгани билинмади-да. Тергов бошқармаси фаолиятининг ўзига яраша сир-синоати, очиқлаш мумкин бўлмаган қирралари бор, наҳот, шу тузилмага бош суқишга изн берилди, дея ҳайрон бўлманг. Мазкур тузилма мутасаддилари билан қонунан очиқлаш мумкин бўлган жиноятлар, уларнинг тергови билан боғлиқ айрим ҳолатлар хусусида мулоқот қилинди, ўта оғир жиноятларни фош этишга доир саволларга жавоб олдик. Алоҳида таъкидлаш керак, қўлимиздаги «жадвал» — мезбонларнинг чизган чизиғию ундан чиқишимиз мумкин эмаслигини англатувчи «қўлланма» эмас, балки кун тартибимизнинг тахминий чизгиси эди, холос. Кун тартибисиз ишлаб бўлмайди, ахир?! Йўқса, илтимосимизга кўра, Бош прокурорнинг биринчи ўринбосари ўтказаётган тезкор йиғилишга қўйилармидик? Тезкор йиғилиш жиноятларни фош этиш юзасидан эдики, тор доирада ўтказиладиган бундай муҳокамада журналистларнинг қатнашишига йўл бўлсин... Бироқ биз қатнашдик: тафсилотларни ёзиш шарт эмас, албатта. «Тергов сири» деган алоҳида меъёр бор қонунда. Аммо тезкор йиғилишнинг умумий манзараси ҳақида икки оғиз гапириш мумкин ва бу ҳақда ўрни келганда тўхталамиз, насиб...

Кечаги куннинг энг кульминацион нуқтаси Бош прокурор билан шахсан кўришиб, суҳбатда бўлдик. Маҳкама раҳбари кун тартиби ўта зичлиги сабаб ярим соат вақт ажратгани айтилганди. Бироқ мулоқот бир соатдан кўпроқ давом этди.

Нималар ҳақида гаплашдик?

Мухтасар айтсак, лавозими ўзгариши билан боғлиқ гап-сўзларга муносабати, тизимнинг энг оғриқли нуқталари, кадрлар билан боғлиқ муаммолар ва бошқа ўзимизни қизиқтирган саволларга очиқ-ошкора жавоб олдикки, айни суҳбат тафсилоти навбатини кутиб турибди.

...Маҳкама фаолияти билан ичкаридан танишиб, шу даражада кўп маълумотга эга бўлиб, тасаввурлар кенгайдики, уларни битта мақолага жам қилишнинг иложи йўқ.

Асосий воқеликлар баёни ҳали олдинда.

Ёзмишимизнинг илк қисмига нуқта қўйиш аввалида битта омонат гапни айтишимиз шарт. Ушбу лойиҳадан пировард мақсадимизни юқорида айтдик. Энди бу борада Сурайё Раҳмоновани эшитинг: «...мазкур лойиҳа воситасида ўзимизга эътиборни тортмоқчи ёки идорамизнинг жамиятдаги ўрни ниҳоятда катта демоқчи эмасмиз. Зиммамизга юклатилган вазифани сифатли адо қилишга ҳаракат қиляпмиз, холос. Агар шу фаолиятимизни «ичкари»дан холис кузатишни хоҳлаган экансиз, марҳамат — бунга имконият яратдик, бошқача талқинга ўрин бўлмаслиги керак

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг